Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БУЮК ЙЎЛБОШЧИГА ЭҲТИРОМ

Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан жойларда тадбирлар бўлиб ўтди. Уларда иштирок этган фаоллар, фахрийлар Йўлбошчимизнинг маҳалладошлари, дўстлари, олимлар ўз таассуротларини ҳикоя қилиб бердилар.

Туман ҳудудидаги «Оқ Амур балиқлари» чойхонасида уюштирилган тадбирни Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси Мажидхон Усмонов очди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида» ги қарори асосида ибратли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўз юритди.
Бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси ХДП Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари Улуғбек Вафоев, туман ҳокими Шўҳрат Жамолов, «Дўстлик» ордени соҳиби Бобомурод Зиёев Ислом Каримов билан боғлиқ ва у иштирокчиси бўлган воқеалар ҳақида сўзлаб беришди.
***
Худди шундай тадбир туман ҳокимлигида жиноят ишлари бўйича туман суди ташаббуси билан уюштирилди. Туман ҳокими Ш.Жамолов, жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Ў. Мамадалиевлар Ислом Каримовнинг ички ва ташқи сиёсатда босиқлик билан иш тутганлиги, кучли сиёсатчи бўлганлигини эътироф этишди.
Ислом Каримов - Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, 1989 йилдан 2016 йилга қадар мамлакатни бошқарган доно раҳбар, ҳақиқий миллат етакчиси. Бир асрдан ошиқ вақт мобайнида чор Россияси ва Совет Иттифоқи таркибида бўлган Ўзбекистон унинг саъй - ҳаракатлари билан асрий орзу - мустақилликка эришди. Давлат раҳбарининг фазилатлари халқ ва мамлакат тақдирига ҳал этувчи таъсирга эга экани маълум. Ислом Каримов фавқулодда зукко сиёсатчи, кучли жасорат, букилмас ирода соҳиби сифатида содир бўлаётган мураккаб воқеа - ходисаларнинг моҳиятини теран англаган, ҳар бир юртдошининг тақдири учун алоҳида масъулиятни ҳис этган, - деди Ў. Мамадалиев. - Ўзбекистон аҳли уни ҳақли равишда мустақил мамлакатнинг меъмори, истиқлол курашчиси ва порлоқ истиқбол асосчиси деб билади. У халқаро Мустафо Камол Отатурк (Туркия), Шарль де Голль (Франция), Жорж Вашингтон ҳамда Франклин Рузвельт (АҚШ), Маҳатма Ганди (Ҳиндистон), Уинстон Черчилль (Буюк Британия) сингари давлат арбобларидек обрў - эътибор қозонди. Дунё сиёсатининг етакчи намояндалари унинг фикрига қулоқ тутди. У мудом халқ манфаатларини ўйлаган, ҳамиша мамлакат тараққиёти ва фаровонлигини кўзлаб фаолият юритган оқил ва доно давлат раҳбари, моҳир сиёсатчи эди. Тарихнинг мушкул палласида - Ўзбекистон фуқаролар уруши, миллатлараро ихтилоф ва кучли ижтимоий - иқтисодий бўҳрон ёқасида турган бир даврда Ислом Абдуғанивич мамлакат раҳбари бўлди. Бу Яратганнинг инояти эди, зеро, у кишининг раҳбарлигида жар ёқасидаги давлат тараққиёт йўлига ўтди, тадрижий равишда замонавий, озод ва обод мамлакатга айлана борди.
Шунингдек, хотира кечасида Ислом Каримовнинг маҳалладошлари А.Дадажонов, И.Ғафуров, суд тизими фахрийлари А.Мардиев, Т.Бабамурадов, Ёшлар иттифоқи туман бўлими вакили Д.Ортиқовалар ҳам сўзга чиқиб, бугунги шарт - шароитлар, юртимиздаги осойишталик учун Биринчи Президентимиздан миннатдор бўлишимиз кераклиги ва олижаноб инсоний фазилатлари билан-у Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирганлигини ўқдиришди.
Суратда: тадбирдан лавҳа акс этган.

Н.МЕҲРАНГИЗ, Б.ҚОДИРОВ


Последнее редактирование: 05/02/2018 10:07;   Просмотров: 1538
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку