Ислом Каримов Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли сайъ-ҳаракатларни амалга оширди. Унинг раҳнамолигида минтақада тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга улкан ҳисса қўшилди.
Пан Ги МУН,
Бирлашган Миллатлар
Ташкилотининг собиқ бош котиби
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Миромоновичнинг 2017 йил 27 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори асосида вилоят касаба уюшмалари ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ходимлар, устоз ва мураббийлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда фаоллар иштирокида Хотира тадбирлари ўтказилди. Муҳтарам Биринчи Президентимиз қўним топган қабрини зиёрат этиб, Регистон майдонида қад кўтарган сиймоси олдида таъзим бажо келтириб, у кишининг босиб ўтган шонли йўли, тарих саҳифаларида бир умр муҳрланиб қолган буюк ишларини ёдга олдик. Тадбирни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Сўхроб Рафиқов бошқариб борди. Шундан сўнг, вилоят "Нуроний" жамғармасининг раиси Ҳасан Нормуродов, СамДУ профессори Фарход Набиев, Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Ўткур Усмонов, Хўжа Зудмурод жомеъ масжидининг имом хатиби Мустафоқул Меликзода ва бошқаларнинг давлатимиз асосчиси билан учрашувлари, хотира, фикр ва мулоҳазалари йиғилганларга катта таассурот қолдирди.
Дарҳақиқат, муҳтарам Биринчи Президентимиз - Ўзбекистон ва миллат қаҳрамонидир. Президентлар сардори, юрт қалқони, Авлиёларнинг Авлиёси десак муболаға бўлмайди.
У киши бутун умри давомида, кечаю-кундуз тиним билмай, орому ҳузуридан кечиб, халқимизни тинчлик ва осойишталик йўлидан бошлаб борган. Бу безовтаю бесаранжом дунё ичида ташқи ва ички сиёсатни маҳорат билан бошқардилар. Илму фан, маданият ривожи ва баркамол ёш авлод, Ўзбекистоннинг муносиб ворисларини тарбиялашдаги буюк хизматларини юксак қадрлаймиз.
Собиқ Совет иттифоқи парчаланиб, ағдар-тўнтар бўлаётган пайтда биринчилар қаторида муҳтарам Биринчи Президентимиз – "Ўзбекистонни ўз мустақил тараққиёт йўли бор!" деб катта ҳаётга - буюк келажакка бошқардилар. Хусусан ўзим, ёшлик ва меҳнат фаолиятим 1970-1980 йилларга тўғри келганлиги сабабли - карахтлик йилларини кўрдим, Президентимизнинг ҳар бир ҳаракатлари ҳали ҳамон кўз ўнгимда.
1991 йил 18 августи собиқ СССР тарихидан "ГКЧП", яъни Фавқулодда ҳолат давлат комитети деган ном билан сиёсий тўнтариш амалга оширилган кун сифатида ўрин олган. Шу куни собиқ СССР вице президенти Г.Янаев бошчилигидаги бир тўда юқори лавозимдаги мансабдорлар амалдаги Президент Горбачевнинг Қримдаги Форос қароргоҳида дам олаётганидан фойдаланиб, ҳокимиятни ноқонуний йўл билан эгаллаб олгани эсимизда.
Бу пайтда Ҳиндистонда расмий ташрифда бўлган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов бу воқеадан хабар топиши биланоқ, ўз халқи ва юрти тақдирини ўйлаб, зудлик билан Тошкентга етиб келади.
Вазият ниҳоятда қалтис экани, империяпараст сиёсий кучлар шўро давлатини сақлаб қолиш учун ҳеч қандай иғво ва қўпорувчиликдан қайтмаслиги, турли фитналар, республика ҳукумати ва халқига қарши чиқишлар уюштириш мумкинлигини чуқур англаган ҳолда, Ўзбекистон халқига тинчликни, осойишталикни сақлаш, бўҳтон ва уйдирмаларга учмасликни сўраб мурожаат қилади. Айнан мурожаатда "...ҳар биримиз оғир ва вазмин бўлишимиз керак. Бошимизга тушган бу синовлар, ноаниқ давр ва шароитдан, авваламбор ақл ва идрокимизни бир жойга йиғиштириб, инсоф ва виждонни йўқотмасдан, саросимага тушмасдан чиқишимиз керак..." деган даъватлари барча халқимизга катта ишонч ва масъулият юклади. Бироз ваҳимага тушган халқимиз, раҳбарлар ҳам матонатли, мард ва доно раҳбаримиз атрофига жипслашиб, буюк келажак сари шахдам қадам ташлади. Ўша кунларда давлат хазинасида 3-4 кунлик озиқ-овқат қолган эди холос. Ҳатто пул ҳам йўқ эди. Озиқ-овқат танқислиги, савдо дўконларидаги пештахталарнинг бўшлигидан чўчимади. Олиб борилган оқилона ва одилона сиёсат натижасида тўғри йўл танланди. Бу йўл бизнинг халқимиз тарихига, урф одатларига, табиатимиз шарт-шароитларига хуллас, халқимиз манфаатларига мос йўл эди.
Ғалла сиёсати, озиқ-овқат программаси, ижтимоий-иқтисодий дастурлар бирин-кетин ҳаётга татбиқ этилди. Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахту-саодати йўлида амалга оширилди.
"Мустақиллик - энг олий неъмат." Ҳар йили пойтахтда, Мустақиллик майдонида – энг азиз ва энг буюк байрамимиз - "Мустақиллик куни" кенг нишонланади. Ушбу байрам тантаналарини бутун дунё ҳамжамияти кўради, чет эл намояндалари, вакиллари тадбирда иштирок этади. Жонажон юртимизни дунёга танитган, бугун бутун олам эътироф этаётган 5 та энг ривожланган давлатлар қаторида ўрин олган Ўзбекистонимизга кўз тегмасин.
Бугун тонг саҳарда Самарқанднинг асл фарзанди, мард ва жасур, доно ва довюрак, буюк давлат ва сиёсат арбоби, муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов қўним топган ҳазрати Хизр зиёратгоҳига бордим. Мақбара атрофидаги улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишларини кўриб кўзларимда ёш пайдо бўлди. Мустақиллигимизнинг илк йилларида пойтахтда - Бош майдонда кенг нишонланган Мустақиллик байрами тадбирларида вилоят намояндалари қаторида уч маротаба иштирок этганим, халқимизга йўлланган байрам табриклари, майдон узра юриб, саҳнага чиқиб, доруломон кунлардан рухланиб ўйнаганлари, "Республика Мустақиллигининг ўн йиллиги" муносабати билан кўкрак нишони билан тақдирлаганлари хаёлимдан ўтди.
Хотира тадбирида иштирок этган барча ҳамюртларим кўз ўнгида мухтарам юртбошимизнинг буюк сиймолари гавдаланди ва қалбимизда у кишининг сўнмас хотиралари бир умрга муҳрланиб қолганлигини ҳис этдик.
Муҳтарам Биринчи Президентимиз бизга нафақат озод ва обод юртни, балки шу ватанни бошқарадиган муносиб шогирд, издошини тарбиялаб бериб кетди.
Биринчи Президентимизнинг ҳаёт йўллари ҳар биримиз учун – катта ҳаёт мактабидир. Тенгсиз давлат ва жамоат арбоби, миллатимизнинг ғурури, шону-шарафини дунёга тараннум қилган инсон халқимизнинг фахрли отасидир.
Ифтихор РАХИМОВ,
Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба
уюшмаси республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.