Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БИР КЕЛИБ КЕТИНГ, ҚИШЛОҒИМИЗГА

Қайнама – туманимизнинг энг олис ҳудудларидан бири десак, муболаға бўлмас. Мазкур аҳоли турар жойи Пастдарғам тумани билан чегарадош. Бу ерга бориш учун Самарқанд шаҳрини кесиб ўтиш лозим бўлади.

Жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Ўткир Мамадалиев Қайнама қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари билан учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги танқидий-таҳлилий маърўзасидан келиб чиқадиган долзарб вазифалардан, раҳбар масъулияти, қонунийликни мустаҳкамлашдан бошлади.

– Туман ҳудудида қонунийликни таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, – деди Ўткир Абдуғаффорович,-ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Жиноятлар содир этилишини маҳаллалар миқёсида таҳлил қиладиган бўлсак, ҳали ҳам бу соҳа масъуллари ўз зиммаларидаги вазифаларни тўлиқ бажараяптилар деб бўлмайди. Ҳамкорлик, инсон манфаатини таъминлаш етарли йўлга қўйилмагани каби камчиликлар муаммоларни ўрганиш асосида маълум бўлди. Шунинг учун профилактика нозирлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, педагоглар, қишлоқ фаоллари, нуронийлар аҳоли ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳамкорликни кучайтиришлари шу куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

– Ҳозирги Фотима Қосимова номли муқобил трактор паркининг (собиқ Энгельс номли жамоа хўжалиги) туман, қолаверса вилоятимизнинг иқтисодий ҳаётида тутган ўрни беқиёсдир. Тракторлар кўмагида ерлар шудгор қилиниб ҳар хил сабзавот кўчатлари экилар, ток ва мевали дарахтлар ўтқазилиб, улар сифатли парвариш қилинарди. Хуллас, ММТП жамоасининг саъй-ҳаракати билан ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эришардик, – дейди, – меҳнат фахрийси, собиқ хўжалик бошқаруви раиси 82 ёшли Абдуали Бердиев, – жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ислоҳотларни чуқурлаштириш, ҳар бир қишлоқнинг ободлиги йўлида қувончли натижаларни қўлга киритиш ва халқимизнинг кечаги кундан бугуни, бугунги кундан эртаси яна ҳам фаровон бўлишига ҳисса қўшиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Давлатимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун катта имконият яратилмоқда. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади.

Афсуски, айрим шахслар иншоотларни хусусийлаштириб олган бўлса, ундан мақсадли фойдаланмаяпти. Масалан, Қайнама қишлоғидаги 140 ўринли болалар боғчаси биносини ҳудуди билан бир масъул шахс сотиб олди. Ободонлаштириш ўрнига у ерни харобага айлантирди. Бунга ким жавоб беради? Ахир бизга мактабгача таълим муассасаси ҳаводек зарур-ку!

– Биздаги 49-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг пухта билим олишлари, фан асосларини мукаммал ўзлаштиришлари учун замонавий бино қурилди-ю, унинг эски биноси ўз ҳолига ташлаб қўйилди, – суҳбатга аралашди Исмоил Мавлонов, – янги мактаб биносида синфхоналар кам, болалар таълими қамрови етарли бўлмагани учун фарзанд ва набираларимизни шаҳарга олиб боришга мажбур бўлаяпмиз.

– Қишлоқ амбулаторияси, (яъни ҚВП) шўро давридан қолган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Саломатлик – туман бойлик дейишади. Бу масалага ҳам аҳамият бериш керак,-қўшиб қўйди Фотима Назарова.

– Қишлоқларимиз йўллари жуда хароб, – шикоят қилди Хушвақт Пардаев, – “йўл азоби-гўр – азоби” мақоли мазмунини билмоқчи бўлсангиз, бизнинг қишлоғимизга келиб кетинг.

Учрашувда бошқалар ҳам сўзга чиқиб, Қайнама фуқаролар йиғини ҳудудида мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш тўғрисида ўз мулоҳазаларини билдирдилар. Улар Халқ депутатлари туман ва вилоят кенгашлари депутатлари, шу ҳудуддан сайланган Олий Мажлис депутатлари, ҳокимлик раҳбарлари аҳоли муаммоларини ҳал бўлиши учун масъулиятни ҳис этишларини таъкидлашди. Чунки Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун давлат хизматчилари ва масъул вазифаларни бажараётган шахслардан айнан шуни талаб этмоқда. Зеро 2017 йилнинг юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши замирида ҳам ана шундай мақсад мужассам.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА, Қайнама қишлоғи

СУРАТЛАРДА: учрашувдан лавҳалар.

Суратлар муаллифи: Баҳодир ЗОҲИР


Последнее редактирование: 30/03/2017 09:33;   Просмотров: 1501
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку