Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚАРС ИККИ ҚЎЛДАН ЧИҚАДИ

Ҳа, бу нақлни мақола учун сарлавҳа сифатида танлаганимизнинг сабаби бор.
Аслида ушбу доно сўзни асрлар синови-ю замонлар имтиҳонидан ўтган мард ва олижаноб халқимиз яратган. Ҳеч эътибор берганмисиз? Ҳаёт чархпалагини бошқариш учун оддий чумоли ўз вазнидан ортиқ юкни кўтаришдан чўчимайди. Асаларичи? Узоқ масофа, боғу тоғларни кезиб аччиқ ва машаққатли меҳнат эвазига тотли асал инъом этади.

Ипак толасини бунёд этиш учун жажжи қурт ўз жонини фидо қилади. Бундай мисолларни давом эттириш мумкин. Бизни бу тарзда мушоҳада юритиш, мулоҳаза билдиришга чорлаган воқеа-ўтган ҳафта шанба куни туман ҳокими Ш.Жамоловнинг навбатдаги сайёр қабулида айтилган сўзлардир.
Маълумки, 3-сектор туман ички ишлар бўлими (бошлиғи А.Сулаймонов) бошқарувидаги энг олис, чекка ҳудуд ҳисобланади. Таркибига Чаққа, Заҳлик, Ипакчи, Миришкор, Қайнама, Қорасув каби турли миллатлар яшайдиган маҳаллалар киради.
Миришкор МФЙ (раиси Гулчеҳра Рўзиқулова) берган маълумотларга кўра 397 та хўжаликдан 358 таси ўз томорқасига эга. Оилалар сони 524 та, аҳоли 1943 нафарни ташкил этади. Шундан 148 нафари пенсионер, 2 та боқувчисини йўқотган оила, 530 нафар 18-30 ёшгача бўлган фуқаролардир. Маҳалланинг ижобий кўрсаткичлари талайгина. Аммо ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Буни айнан шу маҳалла марказида уюштирган қабул пайтида билиб олдик.
«Сайёр қабул» атамасига ҳам озгина тўхталиб ўтсак. Халқ ва раҳбар ходимларни жипслаштирувчи, очиқ мулоқот, юзма-юз суҳбат учун қулай, сермаҳсул восита бўлган бундай қабул чоғида давр руҳи, замон шиддати, давлат сиёсатини теран англаш, қатъий интизом ва шахсий жавобгарлик, маҳалла, оила, ватан тақдирига дахлдорликни ҳис этиш осонлашади. «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаруви адолат ва эркинлик мезони эканлигини жонли мисолларда намоён этиш имкони бор бундай қабулларда.
Ҳоким қабулни бошлашдан олдин йиғилганлар олдида мазкур сектор фаолияти, масъулияти, ҳудуддаги муаммолар ечимини топиш, фуқароларнинг юртга садоқати, ҳамжиҳатлиги, нуронийлар, ёшлар, аёллар, ҳожиота ва ҳожионаларнинг жамиятдаги ўрни, ибрати, теварак-атрофга муносабати, пок-ҳалол меҳнат билан яшаш, тозалик-ободончилик, қонун устуворлиги, жиноятга жазо ва жарима муқаррарлиги хусусида тўхталиб, сендан угина, мендан бугина, дея мақсадга ўтди. Дарҳақиқат, берсанг тўяман, бермасанг ўламан, қабилида ҳаёт кечириш замони ўтди. Ҳазрат Навоийнинг «Ипак қуртича ҳимматинг борми?» деган сўзида инсонга мурожаат, ҳаётий талаб бор. Ахир, ҳар биримиз қаерда, қандай умргузаронлик қилаётганимизни бутун жамият кўриб турибдику! Ҳар бир қадамимиз, юриш-туришимиз Оллоҳ ва элнинг назар, эътиборида эмасми?!
Қабул жараёнида 36 нафар фуқаро 50 дан зиёд масала билан мурожаат этди. Бир-биридан долзарб, ечими зарур масалалар атрофлича эшитилди, рўйхат ва назоратга олинди, мутасадди идораларга ижро учун йўналтирилди. Масалаларни моҳият ва мазмун жиҳатидан икки тоифага ажратиш мумкин. 1-тоифадаги масалалар аҳоли, маҳалла манфаатини ифода этадиган бўлса, 2-тоифадаги мурожаатлар шахс, оила эҳтиёжи билан боғлиқдир.
Тадбиркорлик, касаначилик, янги иш жойи яратиш, спорт иншоотлари, МТМ барпо этиш истаги билан келган фуқаролар қаторида, келин-қайнона, ота-фарзанд, қўшнилар, эр-хотин можаросини ҳал этиш учун мадад сўраб келганлар талаби ижобий-қонуний ечим топадиган бўлди.
Бу ҳудудда ҳам сув, газ, электр энергиясидан қарздорлик ҳолатини чуқур ўрганиб, бартараф этиш эвазига тармоқлардаги хизмат, таъминот маданиятини ошириш, «Тоза ҳудуд» ДУК билан хонадонлар ўртасида шартнома тузиб, ахлат-чиқиндиларни вақтида олиб чиқиш, уй-жойга талабгор, эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш, ишга яроқсиз, эскирган газ трубаларини алмаштириш, йўлларни сифатли таъмирлаш, транспорт хизматини яхшилаш, ноқонуний қурилишларга чек қўйиш каби масалалар бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Қабул сўнггида фуқаролар йиғинлари раислари, ҳокимлик ва бошқарув органлари раҳбарларига жойларда меҳнат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, топшириқларни сўзсиз ва муддатида бажариш таъкидланди.

Н.КАРИМОВ


Последнее редактирование: 13/04/2018 15:56;   Просмотров: 1218
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку