Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АРМИЯ-ХАЛҚИМИЗНИНГ МУСТАҲКАМ ҚАЛҚОНИ

Равшан АХМЕДОВ:

Ватан муқаддас даргоҳ. Биз Ватан деганда кўз олдимизга кундан-кун обод бўлиб бораётган азиз ва муқаддас, гўзал ва навқирон диёр Ўзбекистон келади. Саждагоҳ каби муқаддас бўлмиш Ватанни севмоқ ва ардоқлаш эса, ислом дини манбаларида таъкидланганидек, иймондандир. Бироқ яқин ва узоқ минтақаларда қарама-қаршиликлар, низолар, халқаро терроризм каби даҳшатли хавф-хатар тобора кучайиб бораётган мураккаб бир вазиятда эл-юртимизнинг тинчлиги ва осоишталигини сақлаш, уни турли бало-қазолардан ҳимоялаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш эса, кўп миллатли аҳил, тинчликсевар ҳар бир ўзбекистонлик фуқаро учун ҳам қарз ҳам фарздир. Туман ҳокимлигининг мудофаа ишлари бўйича бўлим бошлиғи, полковник Равшан Аҳмедов билан бўлган суҳбатимиз ҳам юрт дахлсизлиги ишончли қўлларда эканлиги тўғрисида бўлди.

- Бугун Ватан ҳимоячилари куни арафасида бепоён мамлакатимизда эркин ва обод ҳаёт, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш, халқимиз турмуш даражасини кўтариш, жаҳон майдонида муносиб нуфузли ўрин эгаллаш йўлида қўлга киритаётган ютуқларимиз ҳақида мамнуният билан гапириш мумкин, - деди Равшан Ҳамидович, - айниқса, мамлакатимиз мудофаа тизимини мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлашга қодир бўлган қудратли, профессионал армияни шакллантириш борасида ҳам катта ютуқларга эришилди. Ҳозирги шиддат билан ривожланиб бораётган даврда Ўзбекистон армияси чинакам ҳаёт мактабига айланиб бормоқда. У юртимизда умргузаронлик қилаётган ҳар бир мард ўғлон ва Барчинсифат қизнинг Ватанга, халқига, оиласига бўлган меҳр- муҳаббатини янада кучайтирди, улар олдидаги бурч ва масъулиятини чуқурроқ англашга, ҳис этишга рағбатлантириб, жисмонан ва руҳан бақувват қилади. Айниқса, охирги уч йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўтказилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни ҳимоя қилиш, миллий армиямизнинг жанговар тайёргарлиги ва ҳарбий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилаяпти. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуроли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятидаги жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бирининг шахсий таркиби билан суҳбати чоғида ишонч билан "Армия-халқимизнинг мустаҳкам қалқони" деб таъкидлаб ўтди. Шуниси диққатга сазоворки, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий касбга қизиқишларини янада ошириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ватанга муҳаббат ва садоқат, фидойилик, Ўзбекистон халқининг қаҳрамонона тарихи ва бой маънавий меросидан фахрланиш туйғуларини шакллантиришга қаратилган тарғиботлар ўз самарасини бермоқда.
- Ҳурматли Равшан Ҳамидович, суҳбатимизни ҳарбий хизматга оид қонунчиликдаги муҳим ўзгаришлар тўғрисида давом эттирсак.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида" - ги Қонун қабул қилинди. Шунга кўра, муддатли ҳарбий хизмат муддати ҳизматни оддий аскарлар таркиби лавозимларида ўтаётган ҳарбий хизматчилар, шу жумладан, олий маълумотли шахслар учун, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни чақирув бўйича офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар учун ўн икки ой қилиб белгиланди. Чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш ишлари эндиликда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг ўқув муассасаларида эмас, балки мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассислари бўйича тайёрлаш марказларида амалга оширилади. Амалдаги Қонунда фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш муддати апрель-июнь ойларида ўтказилиши белгиланган эди. Ўсмирларни чақирув участкаларида қайд этиш ҳам апрель-май ойларида ўтказиладиган бўлди.
- Қизиқ, чақирилувчилар қайси ҳарбий қисмларда хизмат қилиш истагини билдиришади?
- Биринчи навбатда миллий гвардия, чегара қўшинлари ва десантчи бўлишга қизиқишлари каттадир. Лекин жисмоний бақувват, билимли дунёқараши кенг йигитлар тест, тиббий кўрикдан ўтган ва махсус машқларни аъло даражада бажарган тақдирда ўз орзуларига эришадилар.
- Ўз жамоангиз билан таништирсангиз?
- Бизнинг бўлимда тажрибали ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Бўлинма бошлиқлари Фарҳод Қосимов, Санъат Нарзиқулов, Ўктам Раҳматов, Умед Каримов, Юнус Самиев, уларнинг ёрдамчилари Муйин Раҳимов, Собир Мухторов ва бошқалар фахримиз ҳисобланади.
- Сизнинг истакларингиз?
- Аввало қуролдош дўстларимни, захирадаги ҳарбийларни, Қуролли Кучлар фахрийларини Ватан ҳимоячилари куни билан чин кўнгилдан табирклайман, ҳамиша осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз тинч-осоишта бўлсин.

Суҳбатни Зоҳир
Ҳасанзода ёзиб олди.


Последнее редактирование: 08/01/2020 16:43;   Просмотров: 833
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку