Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ – ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонида мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши белгилаб берилди. Булар давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш ҳисобланади.

Халқаро экспертлар томонидан қайд этилишича, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган чора-тадбирлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғундир. Унда белгиланган кўплаб вазифалар БМТ нинг 2016-2020 йилларга мўлжалланган Тараққиётга кўмаклашувчи доиравий дастурига мувофиқ БМТ тузилмаларининг мамлакатимиз билан ҳамкорлигининг устувор йўналишларига ҳамоҳангдир. Биргина 2017 йилда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга биноан, Олий Мажлис палаталари 50 та қонун лойиҳаси устида иш олиб бориши керак бўлади. Улардан 18 таси мутлақо янги қонун бўлса, 30 дан ортиғи амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишни кўзда тутади. Ушбу ҳужжатларнинг асосий мақсади жамият ҳаётининг барча жабҳасида муносабатларни тартибга солишни такомиллаштиришга қаратилган. Жумладан, давлат ва жамият қурилишида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишда тегишлича 18 та қонун лойиҳаси, иқтисодиётини либераллаштириш соҳасида 7 та, ижтимоий соҳада 4 та, ташқи сиёсий фаолиятда 3 та қонунни ишлаб чиқиш белгиланган.
Ҳаракатлар стратегиясида “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” деб номланган бешинчи йўналиш доирасида бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, йирик ижтимоий сиёсий ва маданий-оммавий тадбирлар ўтказилаётганда хавфсизликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, ушбу йўналишда, транспорт коммуникациялари хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда диний экстремизм ва миссионерлик фаолиятига қарши курашиш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни назарда тутади.
Ўзбекистоннинг хорижий шериклар билан 2017 йилдаги сиёсий-дипломатик соҳадаги ҳамкорлигини ривожлантиришга доир “Ӣўл харитаси” лойиҳасини ишлаб чиқиб, унда қуйидагиларни назарда тутиш;
олий ва юқори даражадаги ташрифлар, учрашувлар ва музокараларни тайёрлаш ва ташкил этиш;
хавфсизликнинг долзарб масалалари бўйича тегишли вазирлик ва идоралар даражасидаги маслаҳатлашувларни ўтказиш;
икки ва кўп томонлама шакллардаги ташаббусларни, шу жумладан, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича ташаббусларни илгари суриш режалаштирилган.
Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ижобий нуфузини кенг тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тайёрлаш белгиланган бўлиб, унда қуйидаги ишлар амалга оширилади;
“Жаҳон” ахборот агентлигининг фаолиятини такомиллаштириш, агентликнинг халқаро ахборот ҳамжамиятига босқичма-босқич интеграциялашувини фаоллаштириш;
иқтидорли ёш мутахассислар учун хорижий босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг етук ва тажрибали мухбирлари иштирокида тренинг ва семинарлар ўтказиш;
хорижий киностудиялар билан ҳамкорликда, машҳур режиссёр ва актёрларни жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон ҳудудида туғилган, яшаган ва ижод қилган буюк олимлар, давлат арбоблари ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кинофильмлар яратиш, уларни жаҳон ҳамжамияти ўртасида кенг тарқатиш ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Ҳаракатлар стратегиясидаги вазифалар давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш баробарида юртимизнинг барқарор ривожланиши ва халқимизнинг фаровонлигини таъминланишига хизмат қилади.

Э.УЛУҒМУРОДОВ,
Фуқаролик жамияти шаклла-нишини мониторинг қилиш мустақил институти
Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими етакчи мутахассиси


Дата добавления: 07/07/2017 16:04;   Просмотров: 1405
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку