Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҲАМКОРЛИК ВА БИРДАМЛИК - ЮТУҚЛАР ГАРОВИ

Ҳоким билан суҳбат

- Ҳурматли Носир Мамарасулович,
Президентимиз томонидан илгари сурилган "Буюк келажагимиз бугундан бошланади" деган ғоя ҳаётимизнинг асосий мазмунига айланди. Бу борада муносабатингиз.
- Тўғри таъкидладингиз. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган янги тизим - Президент виртуал қабулхонаси ва жойлардаги халқ қабулхоналари халқнинг реал ҳаётидан хабардор бўлиш, одамларнинг кўп йиллик муаммолари, талаб ва эҳтиёжларини яқиндан ўрганиш, уларни жойида ҳал этиш, зурур чора-тадбирларни белгилаб, ижтимоий адолатни таъминлаш имконияти пайдо бўлди. Мен туманда ҳоким сифатида фаолият бошлаганимга кўп вақт бўлмаган бўлса ҳам, аллақачон деярли барча маҳаллаларда сайёр қабул ўтказдим. Муҳтарам Президентимизнинг "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармонига асосан муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишни, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашни назарда тутувчи янги тизим жорий қилингани ижобий самара бермоқда. Мазкур фармонда белгиланганидек, Халқ қабулхоналари ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ўрганиш, аҳоли муаммоларини ҳал қилишда жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ташкилотларни жалб қилган ҳолда очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Масалан, бизнинг сайёр қабулимиз тўғрисида "Гулобод тонги", "Овози тожик", "Қишлоқ ҳаёти", "Овози Самарқанд", вилоят телерадиокомпанияси орқали мунтазам материаллар ёритиб борилмоқда. Туман ҳокимияти ва Халқ қабулхоналарининг оммавий ахборот воситалари билан бирга жамиятдаги муаммоларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва ҳар қандай масалага холисона, объектив ёндошиш имкони вужудга келди. Имкониятдан фойдаланиб, оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Раҳмат, Носир Мамарасулович. Энди суҳбатимизни "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" Ҳудудий дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида давом эттирсак.
- Бугун "Обод қишлоқ" дастури асосида туманимиз ҳудуди бутунлай янги қиёфага кирди. Масалан, Паррандачилик, Гулобод, Равонак, Пулимуғоб ва бошқа маҳаллалар чирой очди десак, муболаға бўлмайди. Зеро "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида туманимиз ҳудудида ободонлаштириш ишлари ҳамон изчил амалга оширилмоқда. Бундай эзгу ишлар яна давом эттирилади.
- Туман халқига қандай тилакларингиз бор?
Янги йилдаги режаларингиз қандай?
- Туманимизда 230 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ўтган 2019 йил халқимиз учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
"Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да қатор марраларни қўлга киритдик. Туманнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлида янги қадамлар қўйилди.
Жорий 2020 йил ҳам халқимиз ҳаётида туб ўзгаришлар йили бўлиб қолишини тилайман. Бунинг учун иқтисодиётдаги ҳар бир тармоқни жадал ривожлантириш, замонавий технологияларни ҳаётга татбиқ этиш, йирик корхоналарни ишга туширишни асосий вазифамиз деб биламан. Бу борада қатор режалар ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Ўтган бир йил давомида миришкор деҳқон ва фермерларимиз, қишлоқ хўжалигининг жонкуяр ходимлари аҳоли фаровонлиги учун енг шимариб меҳнат қилишди. Шунингдек, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшларимиз, хотин-қизларимизнинг бандлигини таъминлаш борасида улкан ишлар бажарилади.
Кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор самараси улароқ, улар арзон, шинам ва қулай уй-жойларга эга бўлишди.
Таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Мактаб ўқувчилари фан олимпиадаларида муносиб ўрин эгаллаб,бизни қувонтиришидан улар яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, ишончимизни оқлашди.. Бир қанча умумтаълим мактаблари таъмирланди, мактабгача таълим муассасаларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Бу ишларимизни 2020 йилда ҳам жадал суръатлар билан давом эттирамиз.
Халқимизнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, коммунал соҳани ислоҳ қилиш, янги арзон ва қулай уй-жойлар қуриш борасида бошлаган ишларимиз кўп. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган мақсадимиз том маънода ўзининг янги босқичига кўтарилади. Ҳамкорлик ва бирдамлик негизида барча ниятлар амалга ошади.
- Узоқни кўра оладиган, изланувчан ва ташаббускор раҳбар сифатида "қанотларингиз" ҳисобланадиган катта-кичик соҳа раҳбарларидаги қайси фазилатларни қадрлайсиз?
- Албатта, ҳар бир раҳбарнинг қобилияти ва меҳнатсеварлигини қадрлайман. Чунки, "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак" деган тамойилни ҳар бир раҳбар ўз ҳаёти учун дастуриламал қилиб олишган. Шу маънода бошлаган ишларимизни давом эттириш, янги марраларни забт этиш, энг муҳими, халқимиз учун, унинг фаровон ҳаёти учун бирга меҳнат қилиш энг олий бахтдир. Демак, бизнинг стратегик мақсадларимиз бор, биз олис манзилни кўзлаганмиз. Шу боис мақсадимизга эришиш учун биргаликда меҳнат қиламиз.
2020 йилда ҳам 2019 йилдаги каби сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳаётдаги энг муҳим ғалабаларимиз давом этишини, Янги йилимиз мамлакатимиз халқига, ушбу жаннатмонанд масканда қўним топган турли миллат ва элат вакилларига қут-барака, бахт ва иқбол келтиришини тилаб қоламан.

Суҳбатдошлар
Нормурод КАРИМЗОДА
Зоҳир ҲАСАНЗОДА


Последнее редактирование: 04/01/2020 12:06;   Просмотров: 885
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку