Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АДОЛАТ ВА ҚОНУНИЙЛИК - ХАЛҚ ХОТИРЖАМЛИГИНИНГ АСОСИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев асос солган халқ билан мулоқот, мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизим - Халқ қабулхоналари институти мамлакатимизда ҳар бир соҳа ва ҳудуддаги асл манзарани, мавжуд аҳволни реал кўриш ва баҳолаш, оддий одамлар қалбига қулоқ солиш, уларнинг дард-ташвишларини астойдил тинглаш, муаммоларини ҳал этиш имконини бермоқда. Асосий мақсад - давлат идораларининг халқ талаб ва истаклари асосида ишлашига эришиш, халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат.

Бу жиҳатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ташкил қилаётган сайёр қабулларда ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайёр қабуллар ташкил этилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаатлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов, Олий суд раиси К.Комилов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, ички ишлар вазири А.Азизов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирий, адлия вазири М.Икромов фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаб, уларга ечим излагани мурожаатчилар учун катта қулайлик бўлди.
Бугунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг 55 минг 416 таси суд органларига тегишлидир. Энг кўп мурожаатлар пойтахтимиз (21,8 фоиз), Тошкент (11,6 фоиз), Фарғона (9,4 фоиз), Қашқадарё (9,3 фоиз), Сурхондарё (9 фоиз) вилоятларидан келган. Мурожаатларнинг катта қисми - 52,2 фоизи судларда фуқаролик ишлари кўрилишига оид.
Мазкур сайёр қабул ҳам бир ҳақиқатни - Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳаётнинг ўткир эҳтиёжи ва талаби маҳсули эканини яна бир бор амалда намоён этмоқда. Чунки аксарият мурожаатда аҳоли ўзи ё оиласи билан боғлиқ суд қарорларидан норозилик билдирмоқда. Албатта, бу барча шикоятчи ҳақ эканини билдирмайди, бироқ айрим мурожаатчиларнинг йиллар давомида сарсон-саргардон юргани, уларнинг ўнлаб шикоятлари беиз кетганига гувоҳ бўлиб, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда чиндан ҳам муаммолар йиғилиб қолганига амин бўлиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ўтказган ўрганиш натижалари айрим давлат органларида баъзи мансабдор шахсларнинг мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаслиги ва мурожаатчига жавоб бермаслиги ёки сифатсиз ўрганиши каби ҳолатларга йўл қўйиб келинаётганини кўрсатмоқда. Айрим ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ягона тартиб ва қоидаларни қўллаш амалиёти, ижронинг ички назорат механизмлари йўқлиги, мурожаатлар билан ишлашда юзаки ёндашув ҳолатлари Виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатлар кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур сайёр қабулнинг ўзига хослиги - бунда деярли барча масала, у суд ё прокуратура, ички ишлар ёки адлия, солиқ ёхуд божхона масалалари бўлишидан қатъи назар, қўшимча ўрганиш ва текширишларни талаб қилади. Суд адолатли ё адолатсиз қарор қабул қилгани, тергов ишларида хато-камчиликлар бор-йўқлиги - буларни аниқлаш, адолатли якуний қарор қабул қилиш учун вақт керак, албатта.
Янгийўллик Қория Эргашева 78 ёшда. Унинг невараси Қодиржон ёшлигидан спорт билан шуғулланади, шу йўналишдаги касб-ҳунар коллежини тамомлаган, ички ишлар ходими бўлмоқчи. Бу - онахоннинг ҳам орзуси. Бироқ Қодиржон икки йилдан бери ички ишлар тизимига ишга кира олмаяпти.
- Шунинг сабабини ҳеч билолмадик-да, икки йилдан бери неварамдан ҳам кўра мен сиқилиб кетдим, шунинг учун бугунги сайёр қабулга бирга келавердим, - дейди Қория момо. - Мутасаддилар бугун арзимизни тинглаб, назоратга олди. "Онахон, сиқилманг, агар барчаси жойида бўлса, тез кунда ижобий ҳал қиламиз", дейишди.
...Адолат ва қонунийлик - халқ ва мамлакат хотиржамлигининг асоси. Бундай очиқ мулоқотлар ҳар бир нарсани ўз номи билан айтиш - ноҳақдан ҳақни, оқ ва қорани ажратишда, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқиб, ҳал этишда давлат органлари ва аҳоли учун бирдай катта мактаб бўлмоқда. Адолатнинг катта-кичиги бўлмайди. Кўлами, моҳият-эътиборидан қатъи назар, ҳар бир инсон ҳаётида лоақал битта масала ечилса, бирники мингга татийверади. Зотан, ҳар бир мурожаат ўзаро мулоқотга, мулоқот эса қизғин муҳокамага йўл очади, бу билан жамиятимизда адолат барқарорлиги таъминланади, адолат бор жойда шикоятга ўрин қолмайди...

Умид ЁҚУБОВ.


Последнее редактирование: 15/07/2017 16:45;   Просмотров: 1285
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку