Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ – БОШ МЕЗОН

Мустақил Ўзбекистонда ҳудудий соҳани янада ривожлантириш суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади. Шунинг учун мамлакатимизда барча жабҳада қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни таъминлаш инсонпарварликка асосланган демократик йўналишлардан бири этиб белгиланган. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан тумандаги «Обод турмуш» маҳалласида бўлиб ўтган учрашувда аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ушбу тизимда амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинган қарорлар ва фармо-йишлар ҳақида фикр юритилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди вакиллари, маҳаллалар фаоллари, диний-маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, меҳнат фахрийлари, педагоглар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Мазкур тадбирни “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси Зебунисо Шодиева очди, маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар хусусида гапирди ва сўзни жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Ўткир Мамадалиевга берди.
– Президентимиз томонидан қабул қилинган суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид Фармон асосида иш юритаётган жамоамиз яхши натижалар соҳиби бўлаётирлар, – деди Ўткир Мамадалиев. -Шу билан бирга фуқароларнинг инсоний қадр-қиммати, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳар тарафлама ҳимоялаш, мазкур соҳани изчил такомиллаштириш учун бор маҳоратларини ишга солмоқдалар. Алалхусус Ҳаракатлар стратегиясида судлар ва суд аппарати ходимлари мавқеини ошириш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлашда ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз Фармонига биноан:
озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали камоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилиши;
жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилганлиги;
қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилганлиги;
почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб ва эксгумация қилиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилганлиги;
судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилганлиги;
терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилиниши;
фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилганлиги;
вилоят даражасидаги судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институти тугатилиб, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатлари бекор қилинганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинганлиги;
адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатдан ва молиявий таъминлаш соҳасидаги вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилганлиги;
хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судлари ташкил этилганлиги, суд-ҳуқуқ тизимига ҳукуматимиз томонидан нақадар жиддий эътибор қаратилганлиги билан фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилиб, инсон манфаатлари йўлида ташланган дадил қадам бўлди.
Шунингдек, таҳлиллар шуни кўрсатадики, бугунги кунда бизнинг менталитетимизга мансуб бўлмаган, яъни ака-ука, ота-ўғил ёки яқин қариндошларнинг мерос устидаги можароларининг кўзга ташланаётганлиги ачинарлидир. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида аввало ҳар бир маҳала фуқаролар йиғинларида аҳолини кенг жалб этган ҳолда тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш, йиғилиш ва давра суҳбатларига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳудудий суд идораси вакиллари, туман ҳокимлиги мутахассислари ҳамда масъул мутасадди ташкилот вакилларини жалб этиш лозимдир.
Ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг қабул қилган қарорларига асосан бугунги кунда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни туман ҳудудининг маҳаллаларида “Профилактика куни” сифатида аҳолини жалб этган ҳолда йиғилишлар ўтказилмоқда. Буларнинг натижасида туман ҳудудида жиноятчилик ўтган йилга нисбатан камайган. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси З.Усмонов, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг раиси Р.Абдуллоев, унинг ўринбосари А.Турабов, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раис ўринбосари Р.Имомов ва бошқалар ҳам сўзга чиқдилар.
Савол-жавоб ва очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашув тўпланганларда катта таассурот қолдирди.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Суратларда учрашувдан лавҳалар.
Сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ


Дата добавления: 14/04/2017 15:39;   Просмотров: 1468
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку