Ҳозирги кунда чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш ёмон, соғлиқ учун зарарли эканлиги кундек равшан. Ер юзидаги барча мамлакатларда уларнинг истеъмолини чеклаш, бундай ишқибозликларни тақиқлаш йўлида кураш олиб борилмоқда. Соғлом турмуш тарзига мойиллик тобора кучаймоқда. Узоқ умр кўришни истасанг, спорт билан шуғуллан, чекма, спиртли ичимлик ичма, мароқли ҳаёт кечир деган шиор тобора кўпчиликни ром этмоқда.
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, одамлар онгига саломатликни сақлаш ўз қўлларида эканлигини сингдириш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни истеъмол қилишни ҳуқуқий жиҳатдан, тегишли қонунлар билан чеклаш орқали ҳал этишни ҳаётнинг ўзи яққол кўрсатмоқда.
Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича ҳар йили одам ўлдириш содир этилишига оид қўрсаткичларнинг тўртдан бири - спиртли ичимликлар истеъмол қилиниши билан боғлиқ. Шунингдек, мастлик ҳолати билан боғлиқ касалликлар ва шикастланишлар оқибатида ҳар йили ер юзида 2,5 миллион киши ҳаётдан кўз юммоқда, улардан 15-29 ёшлилар сони ўрта ҳисобда - 320 минг нафарни ташкил қилади. Спиртли ичимликларнинг энг фожиали асоратларидан бири- оғир даражали туғма ногирон болаларнинг туғилиши фанда аллақачон исботланган.
Ўсиб келаётган авлодни ичкиликбозлик ва кашандаликдек ижтимоий хатарлардан муҳофаза этиш мақсадида шундай қилинди. Мамлакат миқёсидаги бундай ёндошув миллий анъаналаримизга, ижтимоий ахлоқ нормаларига мос келади.
Соғлом турмуш тарзининг аҳамияти бунда каттадир. Ҳозирги кунда мамлакатимизда болалар спортига катта эътибор берилмоқда. Кейинги йилларда турар жой мавзеларида сузиш ҳавзалари, футбол майдонлари ҳам бўлган кўплаб спорт мажмуалари барпо этилди. Ҳозир ёшларимиз соғлом, бақувват бўлишга ҳаракат қилмоқдалар. Шу сабабли ҳам, биз уларни айни соғлом турмуш тарзига йўллантирмоқдамиз.
Вилоят наркология диспансери томонидан вилоятимиз аҳолиси ўртасида кенг кўламда тарғибот ишлари олиб борилиб гиёҳвандлик, сурункали алкоголизм ҳамда заҳарвандлик касалликларининг салбий оқибатлари тўғрисида тушунчалар берилмоқда. Ўтказилаётган тарғибот ишларининг мақсади этиб психофаол моддалар истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга, уларнинг соғлиғига алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олиш ҳамда бундай таҳдидларни камайтиришга қаратилган чора-тадбир хисобланади.
Рустам ЭШАНКУЛОВ,
Вилоят наркология диспансери бўлим бошлиғи
Манучеҳр БУРИЕВ,
Вилоят наркология диспансери нарколог врачи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.