Ёз мавсумида чанқоқбосди ичимликлар, музқаймоқ савдоси кескин ошиб кетади. Одамлар эса уларни истеъмол қилишлари натижасида турли хилдаги касалликларга йўлиқадилар. Бу маҳсулотларнинг аксарияти хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, санитария-гигиена талаб ва меъёрларига риоя қилинмаган. Натижада аҳолининг кўпчилигида ўткир ошқозон-ичак фаолияти бузилиш хасталиклари келиб чиқади. Дарднинг келиши осон, кетиши эса...
Бундай нохуш фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун бозорлар, умумий овқатланиш корхоналари, савдо мажмуалари, одамлар гавжум жойларда уй шароитида тайёрланган салқин ичимликлар, озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини тақиқлаш чоралари кўрилиши, деҳқон ва ҳайвон бозорлари, умумий овқатланиш ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналари томонидан жорий дезинфекция ва дератизация ишларини олиб бориш юзасидан шартномалар тузилишини назорат қилиш шарт. Шунингдек, туман ободонлаштириш бошқармаси билан маиший чиқиндиларни олиб кетиш юзасидан шартномалар тузиш, туман ИИБ, ДСЭНМ, Ветеринария бўлимлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этиб, ҳар пайшанба ва якшанба кунлари гўшт ва сут маҳсулотлари, кондитер маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи нуқталарда санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши юзасидан профилактик рейдлар ўтказилишини таъминлаш керак.
Агар шу ишлар амалга оширилса ёз бўйи аҳоли соғлом ҳаёт кечириши, кўнгилдагидек ишлаб, дам олиши мумкин. Бунинг учун масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда иш юритиш лозим.
Н.МУҲАММАД
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.