Абу Али ибн Сино "Тиб қонунлари" асарида ҳаммомга тушиш тана териси ёшариши, зарарли микроблар чиқиб кетиши, нафас олиш енгиллашишига сабаб бўлишини таъкидлаган.
Дарҳақиқат, аждодларимиз тана озодалиги ва саломатлигини таъминлаш учун азалдан ҳаммомдан фойдаланиб келган.
Ҳаммом нафақат терининг устки қаватидаги кирларни, балки тана ҳужайраларига жойлашиб олган заҳарли моддалар ош тузи, хлоридлар, сут кислотасининг тер орқали чиқиб кетишини таъминлайди. Бу эса ўз ўрнида танани чиниқтиради, иммунитет ҳосил қилиб, кўплаб касалликларни даволайди ва олдини олади.
Туркийлар ҳаммомининг 4 та чўмилиш бўлмаси мавжуд. Бундай ҳаммомдан мунтазам фойдаланиш асаб, юрак-қон томир, ўпка, жигар ва буйрак каби органлар фаолияти яхшиланишига ёрдам беради. Туркийлар ҳаммомида ҳар бир хонанинг ҳарорати ҳар хил, яъни 30 дан 50 даражагача бўлади. Инсон ўз соғлиги ва хоҳишига қараб, хоҳлаганини танлаши мумкин.
Фин ҳаммомида чўмилган одам буғли хонага кириши шарт.
Чунки танлаш учун бошқа иссиқлик даражасидаги бўлмалар мавжуд эмас. Буғли хонанинг ҳарорати +100, +120 даражани ташкил қилади. Бу ҳолатда манаман деган одам ҳам 10-15 дақиқага чидаб бериши мумкин. Танадаги зарарли моддалар тер билан чиқиб кетиши учун бу қисқа вақт ҳисобланади. Кўпроқ вақт бардош бериш қон босими, юрак-қон томир тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.
Ҳаммом нафақат мушаклар, балки пай ва бўғимларда ҳам қон айланишини яхшилайди.
Бўғим ва буйракларда туз йиғилиши билан кечадиган подагра, остеохондроз касалликларида ҳаммомнинг ўрни беқиёс. Бунда йиғилган тузлар эриб, тер орқали чиқиб кетади ва организм тозаланади. Шунингдек, сурункали касалликлар - бронхиал астма, бронхит, плеврит, зотилжамда қон айланишини меъёрлаштиради.
Ота-боболаримиз узоқ умр кўришнинг асосий омилларидан деб билган ҳаммомлар фаолияти бугунги кунда юртимизда мунтазам йўлга қўйилмагани ачинарли ҳол. Кўпчилик ҳаммом тўғрисида тушунчага ҳам эга эмас.
Яъни одамлар ҳаммомни душ, бассейн, ванна қаторида кўришади. Бу фикр мутлақо нотўғри.
Грипп касаллиги хуружи йилдан-йилга кучайиб бормоқда, юрак-қон томир касалликлари ортмоқда. Агар ҳаммомлардан тўғри фойдаланиш йўлга қўйилиб, унинг фойдали хусусиятлари кенг тарғиб қилинса, инсон саломатлигини асраш борасида катта натижаларга эришган бўлардик.
"Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастури доирасида жойларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Чекка ҳудудларнинг инфратузилмаси замонавийлаштирилмоқда. Шу қаторда ҳар бир маҳалла ва қишлоқда ота-боболаримиз томонидан эътироф этиб келинган, юртдошларимиз саломатлигини асрашга хизмат қиладиган ҳаммомлар барпо қилиш вақти келган, деб ҳисоблайман. Жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар ҳаммом қуришни истаган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, имтиёзлар беришса мақсадга мувофиқ бўларди.
Турмуш фаровонлиги ортгани сари одамлар турли замонавий жиҳозлар, автомашиналар харид қилишмоқда. Афсуски ҳаммом масаласига панжа ортидан қараб келинмоқда. Зеро, соғлиққа эътибор биринчи ўринда туриши лозим. Оила бошлиқлари хонадон аъзолари саломатлиги ҳақида қайғуриб, ҳаммом барпо этиш масаласига қизиқиб кўришлари даркор. Инсонлар саломатлиги нафақат оиланинг, балки жамиятнинг, давлатнинг ҳам бахти, аслида.
Маълумот ўрнида:
Сауна - ҳаммомнинг Финча атамаси. Русларда баня, туркларда ҳаммом, форсчада гармоба, деб аталади. Амалиётда Фин саунаси ҳам ҳаммомдан фарқ қилмайди - фин саунасида ҳам буғлантириш ва қайин супургиларидан фойдаланилади. Саунанинг иссиқлик ҳарорати 70-100 даражани ташкил этади.
Финландияда ҳар икки уйнинг бирида сауна мавжуд. Агар кўп қаватли уй хонадонларида сауна бўлмаса, унда уйнинг ертўласида ёки том қисмида, албатта, умумий сауна мавжуд. Мамлакатда 5 миллион аҳолига 2 миллион сауна хизмат кўрсатади. Сауна Финландиянинг миллий рамзи, дея эълон қилиниб, фин маданиятининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилади.
Абдуҳамид МАЖИТОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими
ГЕРОНТОЛОГИЯ САБОҚЛАРИ: КУН ТАРТИБИНИ ТЎҒРИ БЕЛГИЛАШ
Ёши 60-70дан ошган, янаям кексароқ кишиларнинг кун тартиби қандай бўлиши керак? Ишловчи пенсионерлар доимий ҳаракатда бўлиб, ўз кун тартибини тўғри белгилашса, вақтида ишлаб, вақтида дам олса, соғликларида асло муаммо юзага келмайди. Физиологлар ёши улуғ кишилар учун қуйидаги кунлик режимни тавсия қиладилар:
Уйқудан уйғониш
У 6.00 (ёзда 4.5 - 5)
Бадантарбия ёки эрталабки сайр 6.15 - 7.15
Ювиниш 7.15 - 7.30.
Нонушта /.30 - 8.00
Идора ёки рўзғор ишлари 9.00 - 13.00
Тушлик 13^00-13.30
Ҳордиқ чиқариш, шахмат-шашка, теннис ўйнаш, китоб мутолааси ёки ярим соатлик яёв юриш 13.30-14.00
Идора ёки рўзғор юмушлари 14.00. -18.00
Кечки овқат 18.00
Дам олиш 19.00-22.00
Уйқуга ётиш 22.00
Дам олиш вақтларида фақат телевизор кўриш билан банд бўлмай, уйқу олдидан сайр қилиш тиниқиб ухлашга ёрдам беради.
Биоритмик қонуниятлар азал- азалдан мавжуд. Аждодларимиз ҳаёти ҳам бундан мустасно эмас, аксинча, улар ҳар бир соатдан унумли фойдаланишган. Биологик фаолликка мос иш ва турмуш тарзини танлаш, ҳар бир соатни, ҳар бир ҳаракатни организмнинг имкониятларига мослаштириш саломатликни сақлаш, узоқ умр кўриш кафолатидир.
Тиллахон ЭМБЕКОВА,
умумий амалиёт шифокори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.