Азалдан халқ табобати орқали инсониятга беназир хизмат кўрсатиб келинган. Унинг ҳозирда тамоман янги мавқега эга бўлиб бораётгани халқимизда халқ табобатига нисбатан ишонч уйғонаётганидан далолатдир.
Дарҳақиқат, халқимиз орасидан етишиб чиққан халқ табибларининг бой тажрибалари сўнгги 2-3 йилда том маънода рўёбга чиқмоқда. Бунда, шубҳасиз, Президентимизнинг 2018 йил 12 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори муҳим дастуруламал бўлмоқда. Негаки, ўсимликлардан тайёрланган дори-дармонлар пировард натижада инсон саломатлиги йўлида мудом хизмат қилиб келган. Бу эса ҳозирда ҳам дори-дармонларнинг ўта қимматлашувининг олдини олишда ҳам муҳим ҳисобланади, дейиш мумкин. Ваҳоланки, халқ табобати қарорда таъкидлаганидек, халқчил, қулай ва иқтисодий жиҳатдан қўшимча маблағ манбаи бўлиб ҳам хизмат қилади.
Бундан ташқари, сўнги икки йилдирки, юртимизга сайёҳлар оқимининг ортиши ушбу масалага бефарқ қарамаслигимизни тақозо этмоқда. Бинобарин, бу борадаги ишлар тизимли равишда амалга оширилса кўплаб доривор, ўсимликлар тиббиёт соҳасига жалб этилиб, ташриф буюрадиган сайёҳларга хизмат қилиши, шунингдек, халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Хўш, шундай экан, ушбу масала халқаро миқёсда ва хусусан бошқа давлатларда қай даражада йўлга қўйилган, деган саволнинг қўйилиши табиийдир. Шу ўринда Хитой халқ табобатини мисол келтиришни ўринли, деб ҳисоблаймиз.
Маълумотларга кўра анаъанавий Хитой табобати уч минг йиллик тарихни қамраб олади. Қарангки, ҳозирда 10 дан ортиқ давлатларда бу табобат тан олинади ва 1 миллиард инсон Хитой халқ табобатига мурожаат қиларкан. Хитой халқ табобати 40 дан ортиқ турли хасталикларга шифо топишида ёрдам беради. Шу боис унинг даромади ҳам сўнгги 5 йилда ўртача 20 фоизга ўсган. Анъанавий хитой табобати кенг жабҳада ва 4 йўналишда, яъни Хань, Тибет, Муғул ва Уйғур тармоқларида ривожланиб келади.
Қизиғи шундаки, уларнинг ҳар бири жуғрофий иқлим ва экологик хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда хусусий даволаш тизимларига эга ва шу бўйича мижозларга мақсадли хизмат кўрсатади. Мисол учун биргина Саньцзян-Уйғур автоном туманида доривор ўсимликларнинг 27 фоизи тиббиётда фойдаланилади. Бу ерда 47 та тиббий муассасалар, 5 та формацевтика корхоналари, олий ва илмий муассасалар ҳамда йирик клиникалар фаолият олиб боради. Маҳаллий ҳукумат мутассадилари эса тиббиёт сайёҳлиги ва хусусан, чет эллик сайёҳларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича алоқаларни яхшилашга муваффақ бўлишган. Уларга ташхис-маслаҳатлар берилади ва даволаш муолажалари ҳам кўрсатилади. Муассаса ходимлари эса инглиз, рус, хитой ва қозоқ тилларида бемалол сўзлаша олишади. Бир сўз билан айтганда Хитой халқ табобати биз учун ҳам асқотади, деган умиддамиз.
Хидирали БОТИРОВ,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори
Элмурод ҚУРБОНОВ,
тиббиёт фанлари номзоди
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.