Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАЛҚ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон мустақиллиги йилларида барча соҳалар қатори соғлиқни сақлашда ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, бутун мамлакатимиз тиббиёт муассасалари замон талабига жавоб берадиган асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Бу ускуналар малакали шифокорларга бир қатор қулайликлар яратиб, беморларга тез ва тўғри ташхис қўйиш, даволашда кенг имкониятлар яратди. Айни пайтда пухта билимга эга кадрлар сафи кенгайиб бораётгани ҳам қувонарлидир. Булар ичида ёш, ҳаракатчан, ўз ишининг билимдони, халқ саломатлиги учун ўз жонини аямайдиганлари анчагина. Шундай инсонлардан бири Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармасига қарашли госпиталда хизмат қилиб келаётган Баҳодир Маматовдир.
Баҳодир Маматов 2011 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтининг неврология йўналиши бўйича магистратурасини битирди. Ўша йилдан бошлаб у вилоят Ички ишлар бошқармасига қарашли госпиталга раҳбарлик қилиб келмоқда.
Б. Маматов билимли, масъулиятли ва талабчан раҳбар. У шу хислатлари билан ўз жамоасида ҳурматга сазовор. Унинг серғайратлиги, касбий фаолиятидаги ютуқлари шифокорлар жамоасининг бошқа аъзоларига ўрнак бўлиб келмоқда. Тўғри-да, раҳбар ўз жамоаси учун ибрат бўлгандан кейин, бу жамоада интилувчанлик янада ортади. Жумладан, шифохонанинг малакали шифокорларидан бири Алишер Дўсанов ҳам Б. Маматовнинг энг яқин елкадоши, фаолият сифат ва самарадорлигини оширишдаги ҳамфикр, ҳаммаслак ҳамкасбидир. А.Дўсанов доимо ўз малака ва тажрибасини оширишга интилади. Беморларнинг тезда оёққа туриб, хизмат вазифасига қайтишида муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилади. Унинг бобокалонимиз, тиббиёт илмининг асосчиларидан бири Абу Али ибн Синонинг соҳага оид асарларини қунт билан ўрганиб, амалиётда жорий этишга уринишига ҳавас қилса арзийди.
Госпиталда ой давомида 100-120 нафар хизматдаги ва нафақадаги ички ишлар ходимлари соғломлаштирилиб, даволанадилар. Уларга 14 нафар малакали мутахассислар аниқ ва самарали ташхис қўйиб, шифо топишида ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишади.
- Деярли ҳар йили ушбу муассасага келиб, тиббий кўрикдан ўтиб, айрим хасталиклар аниқланса шу ерда бепул даволанаман, - дейди Соҳиб Ўзбеков. - Госпиталь ходимларининг замон талабига мос равишда хизмат кўрсатишлари, хушмуомилалиги кишини хурсанд қилади. Бошқа даволанувчилар ҳам шифокорлардан жуда миннатдор эканлиги тез-тез қулоғимизга чалинади. Илоҳим оқ халатли посбонларимиз омон бўлишсин.

Ҳусен АЛИЖОНОВ,
жамоатчи мухбир


Дата добавления: 12/04/2019 15:18;   Просмотров: 906
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку