Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАФАҚОН КАСАЛЛИГИ

ва унинг олдини олиш йўллари

Инсон - табиат мўъжизасининг бир бўлаги. Шунинг учун ҳам инсон ва табиат бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Одам табиат мўъжизаларини авайлаб, ундан ўз вақтида ўринли фойдаланиши, қадрлаши керак.
Бунинг учун у ҳар эрталаб вақтли туриб 20 марта чуқур нафас олиб, сўнгра чиқарса, кислороддан баҳраманд бўлади. Шунингдек, шу бир неча лаҳзалик бадантарбияни кечқурунлари ҳам такрорласа, тоза кислород фойдасини яққол сезади.
Шу ўринда хафақон касаллиги тўғрисида тўхталмоқчиман. Хафақон - қон босимининг ошиши, ёхуд гипертония касаллигидир. Бу касаллик қадим замонлардан маълум, аммо одамлар қон босимининг ошишига кўпинча эътибор бермай келардилар. Айримлар агар бошлари оғриса, дарров гўштсиз овқатлар - айрон, қатиқ истеъмол қилар эдилар. Бундай пайтларда ойим оқ жўхоридан гўжа таоми тайёрлаб, айрон қўшиб ичардилар ва бу бирпасда бош оғриғини қолдирарди.
Унутмаслик лозимки, сурункали кўп гўштли овқат истеъмоли хусусан ёғли бўлса, гипертония касаллигини келтириб чиқаради. Шу боисдан илгариги одамлар деярли ҳафтасига бир маротаба гўштли овқат истеъмол қилишга ўрганиб қолган эдилар. Ўша куни болалар учун байрам кунидек эди. Бошқа кунларда ширгуруч, ғилвинди, мошхўрда, мастава, ун оши, шавла каби кечки овқатлар пишириларди. Эрталабки нонушта-овқатлар ширчой, атала, қаймоқ, майиз-ёнғоқ, қуритилган мевалар - туршак, олхўри, жийда, олболи ёхуд ёввойи олчадан тайёрланган шарбатлар, тушки пайтда қовоқ сомса, ҳалвойитар, мураббо, тутмайиз, шинни сингари нарсалар истеъмол қилинарди.
Эсдан чиқармаслик керакки, бундай ёғли овқатларнинг истеъмоли ошқозонни ишдан чиқаради. Фараз қилайлик: инсон организми бамисоли мураккаб бир аппарат. Бу аппаратга ёпишқоқ қуюқ ёғли овқатлар истеъмоли, ошқозон, ичак-човоқ фаолиятини бузади. Суюқ овқат эса енгил ва фойдалидир.
Шу ўринда яна бир нарсани инобатга олиш лозимки, хафақон касаллигига чалинишга асосан стресс, асабийлашиш, хафа бўлиш, чарчаш, қўрқув, ҳар хил даҳшатли - ғамгин кинофильмларни кўриш, кам ухлаш сабаб бўлади. Натижада қон босими ошади. Бунинг учун нафсни тийиш керак. Бадантарбия билан шуғулланиш, тоза ҳавога сайр этиш соғлиқни тиклашга албатта кўмаклашади.
Шифокорлар тавсияси билан дорихоналардан гипертоник касалларга мўлжалланган препарат ва шифобахш гиёҳлар - ҳар куни тоғрайҳон, кийик ўти, раъно, санои макка, ялпиз, ревоч гули каби шифобахш ўсимликларни аралаштириб дамлама тайёрлаб ичса, гипертония касаллиги ва инсульт , фалаж каби бошқа беморликларнинг ҳам олдини олган бўлади.

Ҳожи Қамар МУАЗЗАМОВ,
доришунос


Дата добавления: 11/01/2019 14:58;   Просмотров: 1032
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку