Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

"ҚУТУРИШ" КАСАЛЛИГИДАН САҚЛАНИНГ!

Қутуриш касаллиги ўта хавфли ўткир кечувчи вирусли хасталиклардан бўлиб, у асаб тизимининг оғир жароҳатланиши билан характерланади. Одамлар ва ҳамма турдаги сут эмизувчи ҳайвонлар бу касалликка чалиниши мумкин. Қутуришдан бошқа оғирроқ дард бўлмаса керак.Неча минг йиллардан буён табиблар бунга даво топиша олмайди. Ҳозирда хам бу касалликнинг давоси топилмаган.

Вирус касал ҳайвон тишлаганда унинг сўлаги орқали юқади. Касалликнинг яширин даври, яъни организмга вирус кирган вақтдан бошлаб, то касаллик белгилари намоён бўлганга қадар 7-8 кундан 3-6 ҳафтагача, айрим пайтларда 10-12 ойгача давом этиши мумкин. Бу давр вируснинг касаллик қўзғатиш қобилиятига ҳайвоннинг индивидуал чидамлилик омилларига, ёши ва вирус юқган жойига боғлиқ.
Ҳайвонларда касаллик клиник белгиларига қараб шиддатли, тинч ёки фалажлик кўринишида намоён бўлади. Шиддатли кечиш 3 босқичда, яъни дарак бериш - (продрамал), қўзғалиш ва фалажлик босқичларида кечади. Итларда касаллик кўпроқ шиддатли кечади. Дастлабки босқичи 12 соатдан 3 кунгача давом этади. Бу пайтда итнинг хулқ-атвори ўзгаради, қоронғи бино ичларини танлайди. Кўп яланади, овоздан, сувдан, қўрқиш кузатилади. Қаттиқ ҳуради,йўқ пашшани ушламоқчи бўлади. Иштаҳаси бузилади,латта,хас,шиша,ёғоч,жунлар каби нарсаларни емоқчи бўлади. Ютиниши қийинлашади, овози ўзгариб, хариллаб ҳура бошлайди ва аста - секин асабийлашиш босқичига ўтади. Бу даврда ит бошқа ҳайвонларга, одамларга, ҳаттоки эгасига ҳам ташланади.Уларда қўрқув йўқолади, ҳамма нарсани тишлайверади, узоқларга қочишга ҳаракат қилади, чарчаб ётади ва сабабсиз ҳуради. Фалаж оқибатида оғзини ёполмайди, пастки жағи осилади, кўзи ғилайлашади, сўлаги оқади.
Мазкур касалликнинг ўта хавфлилиги эътиборга олиниб,бу борада ҳукумат қарори чиққан. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-Қ- сонли ҳамда шу асосда қабул қилинган вилоят ҳокимининг 2011 йил 15 июлдаги 161-Қ-сонли ва туман ҳокимининг 2011 йил 26 июлдаги 860-Қ-сонли "Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириши чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарори тасдиқланган.
Ушбу қоидаларга ит, мушук ва йиртқич ҳайвонларга эга бўлган ташкилотлар, муассасалар ва корхоналар ҳамда фуқаролар риоя қилишлари лозим.
Шаҳарларда ва бошқа аҳоли яшаш жойларида фуқаролар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга қарашли итлар мажбурий рўйхатдан ўтказилиши ва ҳар йил қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт. Итлар зотидан, қатъий назар, 3(уч) ойлигидан бошлаб қутуриш касаллигига қарши эмланиши, рўйхатдан ўтказилиши керак. Янги сотиб олинган итлар бир хафта муддатда рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Туман ветеринария бўлимининг 2019 йил 22 январ №-5-и/ч бўйруғи билан 2019 йил 25 январьдан 25 февралгача "Туманда ветеринария ходимларининг қутуриш касаллигига қарши кураш ойлиги" деб эълон килинган.
Ойлик давомида ветеринария мутахассислари томонидан ит ва мушукларни қутуриш касаллигига қарши эмлаш билан бирга, рўйхатдан ўтказиш "гувоҳнома"си ва рўйхатдан ўтказиш белгиси "жетон" берилади, шунингдек, ит эгаларини ҳайвонларни сақлаш қоидалари билан таништиришадилар, бу эса ўз навбатида ит эгасининг итга берган рўйхатга олиш гувоҳномасидаги имзоси билан тасдиқланади. Рўйхатга олиш белгиси "жетон" итнинг бўйинбоғига боғланиб қўйилади.
Мазкур ойликда ва доимий равишда фуқаролар ўзларига тегишли итларни яшаш жойлари ва ҳудудидаги ветеринария шахобчаларига рўйхатдан ўтказиш ва қутуришга қарши профилактик эмлаш учун олиб боришлари ШАРТ !
Қарамоғингиздаги ҳайвонларни вақтида вакцина билан эмлаб турсангиз ва огоҳ бўлсангиз сиз ўзингизни, оилангизни, атрофингиздаги одамларни ва экологиямизни бу ўта хавфли касалликдан асраб колган бўласиз.

Ш.ҲАБИБОВ,
тумани ветеринария бўлими бошлиғи


Дата добавления: 25/01/2019 15:00;   Просмотров: 998
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку