Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚУТУРИШ КАСАЛЛИГИДАН САҚЛАН

Маълумки, айрим касалликлар нафақат битта инсон, балки, улар ишлайдиган жамоа ёки яшайдиган оила аъзоларининг саломатлигига ҳам жиддий хавф солади. Ана шундай касалликлардан бири бу қутуриш касаллигидир. Унинг қўзғатувчиси фильтрланувчи Lуssavirus оиласига мансуб (Lуssa - сувдан қўрқиш, қутуришнинг қадимги номи) вирусидир. Қутуриш асосан куз ва қиш ойларида учрайди. Қутуриш инсонга қутурган ёввойи ҳайвонлар, дайди ва қаровсиз ит, мушуклар жароҳат етказиши оқибатида юқади. Яъни касалликнинг ўзаги ўзимиз истиқомат қилиб турган ҳудуддаги кўчалар, хиёбонлар ва чиқиндихоналар атрофида ўралашиб юрган эгаси йўқ, қаровсиз дайди ит, мушук ва кемирувчилар ҳисобланади.

Сўнгги вақтда юртимизда одамлар ва ҳайвонлар орасида қутуриш касаллиги бўйича кескин эпидемик ва эпизоотик вазият юзага келмоқда. Шу сабабли ҳукуматимиз томонидан ушбу соҳани тартибга солувчи бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижро учун қабул қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги "Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги 202-сонли қарори шулар жумласидандир. Шунингдек, бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳам 37-сонли буйруғи чиқарилган.
Юқоридаги қарорга мувофиқ кўчаларда ва бошқа жойларда учрайдиган қаровсиз қолган дайди ҳайвонларни тутиш ва сақлаш вазифаси туманлардаги ободонлаштириш бошқармаси қошида ташкил этилган ит овловчи бригадаларга юклатилган бўлиб, уларга мазкур вазифаларни амалга ошириш учун етарлича моддий-техник таъминоти ажратилган.
Демакки, биз бундай ҳолатларда ушбу хизмат вакилларига қўнғироқ қилсак ёки ёзма мурожаат орқали хабар берсак, хавфнинг биринчи ва энг асосий босқичи бартараф этилган бўлади.
Бундан ташқари, фуқароларнинг уй ҳайвонларини хонадонларида сақлаш тартиб-қоидалари ҳам ушбу ҳужжатда белгилаб қўйилган. Яъни энг аввало уларни аҳоли ва болалар учун хавфсиз риоя қилган ҳолда сақлашнинг мажбурий шарти ҳудуддаги ички ишлар ходимлари томонидан назорат қилинади. Албатта, ушбу қатъий қоидаларни бузган фуқароларни жавобгарликка тортиш бўйича таъсирли чора кўрилади, ҳудудий ветеринария бўлимлари томонидан аҳоли хонадонларида сақланаётган итларни қутуришга қарши мажбурий вакцинация қилиш ҳар йили белгиланган муддатларда ўтказилади. Бироқ, мазкур вакцина ҳам ит ва мушук жароҳат етказгандан кейин зудлик билан тиббиёт муассасаларига мурожаат қилинмаса, фойда бермаслиги мумкин.
Шунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорида Соғлиқни сақлаш идоралари ва ҳудудий Давлат санитария-эпидемиология назорати марказларига аҳоли ўртасида ҳайвонлар тишлаб олганда ва бошқа жароҳатлар етказганда дарҳол тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишлари тўғрисида доимий тушунтириш ишларини олиб боришлари ва жабрланганларга қутуришга қарши бепул вакцинацияни тезкорлик билан ўтказишлари мажбурий белгилаб қўйилган.
Туманимизда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ит ва бошқа ҳайвонлардан жароҳат олган 84 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишган. Бу ўтган йилларга нисбатан анча кам бўлсада, лекин уларнинг кўпчилиги 75-80 фоизи "Д" категорияли, яъни ҳайвонларни сақлаш қоидаларини яхши билимаслик ҳамда мазкур қарор талабларини бузилиши ҳолатлари натижасида содир этилаётганлиги маълум бўлмоқда. Шуни унутмаслик лозимки, ҳозирги вақтда Давлатимиз томонидан бепул берилаётган қутуришга қарши вакцина юртимизга Россия давлатидан олиб келинади ва унинг 1 дозаси қарийб 50.000 сўмга баҳоланади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бу бедаво ва ўта хавфли юқумли касалликдан сақланиш ўзимизга боғлиқдир. Шундай экан, ҳар бир фуқаро бундан огоҳ бўлиб, юқорида зикр этилган тартиб - қоидаларга амал қилишлари шарт.

З.САЙДУЛЛАЕВ, туман ДСЭНМ
эпидемиология бўлими мудири


Последнее редактирование: 26/07/2019 15:57;   Просмотров: 1145
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку