Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

“ҚУТУРИШ” КАСАЛЛИГИДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Одамзот ва барча турдаги сут эмизувчи ҳайвонлар орасида учраб турадиган касалликлардан бири бу қутуриш касаллигидир. Асосан, инсонга ҳайвонлардан юқадиган қутуриш касаллиги ўта хавфли – ўткир кечувчи, вирусли хасталиклардан бўлиб, у асаб тизимининг оғир жароҳатланиши билан характерланади. Қутуришдан бошқа оғирроқ дард бўлмаса керак! Неча минг йиллардан буён табиблар бунга даво топишолмайди. Ҳозирда ҳам ушбу касалликнинг давоси йўқ.

Вирус касал ҳайвон тишлаганда унинг сўлаги орқали юқади. Касалликнинг яширин даври, яъни организмга вирус кирган вақтдан бошлаб, то касаллик белгилари намоён бўлганга қадар 7-8 кундан 3-6 ҳафтагача, айрим пайтларда 10-12 ойгача давом этиши мумкин. Бу давр вируснинг касаллик қўзғатиш қобилиятига ҳайвоннинг индивидуал чидамлилик омилларига, ёши ва вирус юққан жойига боғлиқ.
Ҳайвонларда касаллик клиник белгиларига қараб шиддатли, тинч ёки фалажлик кўринишида намоён бўлади. Шиддатли кечиш 3 бос-қичда, яъни дарак бериш – (продрамал), қўзғалиш ва фалажлик бос-қичларида кечади. Итларда касаллик кўпроқ шиддатли кечади. Бошланғич босқичи 12 соатдан 3 кунгача давом этади. Бу пайтда итнинг хулқ-атвори ўзгаради, қоронғи бино ичларини танлайди. Кўп яланади, овоздан, сувдан қўрқиш ҳоллари кузатилади. Қаттиқ ҳуради, йўқ пашшани ушламоқчи бўлади. Иштаҳаси бузилиб, латта, хас, шиша, ёғоч, жунлар каби нарсаларни емоқчи бўлади. Ютиниши қийинлашади, овози ўзгариб, ҳариллаб ҳура бошлайди ва аста-секин асабийлашиш босқичига ўтади. Бу даврда ит бошқа ҳайвонларга, одамларга, ҳаттоки эгасига ҳам ташланади. Мазкур касалликнинг ўта хавфлилигини эътиборга олиб, бу борада ҳукумат қарори чиққан. Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 202-сонли қарорига биноан “Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидалари” тасдиқланган.
Ушбу қоидаларга ит, мушук ва йиртқич ҳайвонларга эга бўлган ташкилотлар, муассасалар ва корхоналар жамоаси ҳамда фуқаролар риоя қилишлари шарт.
Шаҳарларда ва бошқа аҳоли яшаш жойларида фуқароларга, корхоналар ва ташкилотларга қарашли итлар мажбурий рўйхатдан ўтказилиши ва ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт. Итлар зотидан қатъи назар, 3 ойлигидан бошлаб қутуриш касаллигига қарши эмланиб, рўйхатдан ўтказилади. Янги сотиб олинган итлар бир ҳафта муддатда рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Ойлик давомида ветеринария мутахассислари томонидан ит ва мушукларни қутуриш касаллигига қарши эмлаш билан бирга, рўйхатдан ўтказиш “гувоҳнома”си ва рўйхатдан ўтгазиш белгиси–“жетон” берилади, шунингдек, ит эгаларини ҳайвонларни сақлаш қоидалари билан таништирадилар.
Бундан ташқари, туман ветеринария бўлимининг 2013 йил 5 декабрдаги №80-П сонли буйруғи ишлаб чиқилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ва мазкур янги таҳрирдаги Йўриқнома асосида ўз ташкилотларида ва таркибий бўлимларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича туман бўлим бошлиғи ва ўринбосарларининг қабул кунлари, “Очиқ эшиклар куни” ҳамда “Ишонч телефонлари” ташкил этилган. (Ишонч телефонлари +99866 616-24-48, +99891 317-04-65, +99890 251-52-21) шу бўйича махсус рўйхатга олиш китоби юритилган. Сиз ўзингизни қизиқтирган барча саволлар билан мурожаат қилишингиз мумкин.
2017 йил 10 апрелдан 10 майгача “Туманда ҳайвонларнинг қутуриш касаллигига қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинган. Мазкур ойликда ва доимий равишда фуқаролар ўзларига тегишли итларни яшаш жойлари ва ҳудудидаги ветеринария шахобчаларига рўйхатдан ўтказишлари ва қутуришга қарши профилактик эмлаш учун олиб боришлари шарт!

Ш.ҲАБИБОВ,
туман ветеринария бўлими бошлиғи


Дата добавления: 31/03/2017 15:35;   Просмотров: 1695
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку