Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТИББИЁТГА БАХШИДА УМР

Самарқандлик тиббиёт дарғаларидан бири Низом Хўжаевнинг (жойлари жаннатда бўлсин) порлоқ хотираси, унинг босиб ўтган шонли ҳаёт йўли, амалга оширган эзгу ишлари, ажойиб инсоний фазилатларини эсга олиш бу юртимизда том маънода инсон қадри азиз эканлигидан далолатдир.

Тиббиётдан табаррук ва ҳаётбахш соҳанинг ёрқин сиймолари, улуғ Гиппократ, Ибн Сино, Ар-Розийларнинг садоқатли ворисларидан бўлган Н.Хўжаев келажак учун ўчмас ном ва бебаҳо маънавий мерос қолдириш билан бирга кўп йиллар вилоят тиббиёт муассасаларида раҳбарлик қилди, самарали илмий тадқиқотлар олиб борди.

Низом Хўжаев Наврўзи олам арафасида – 1937 йил 20 март куни ички ишлар идораси ходими Исомхон Хўжаев оиласида дунёга келди. 1945-1955 йиллар Самарқанд шаҳридаги 21-сон ва 10-сон ўрта мактабларда таҳсил олди.

Ўрта мактабни муваффақиятли битириб 1955-1961 йиллар Самарқанд Давлат тиббиёт институтининг даволаш факултетида ўқиган Низом Хўжаев меҳнат фаолиятини талабалик давриданоқ 1960 йили вилоят руҳий касалликлар шифохонасида бошлади. Илмга чанқоқ, тиришқоқ, изланувчан йигит 1963 йилда вилоят 2-сон руҳий касалликлар шифохонаси бош врачи этиб тайинланди. У 1963-1974 йиллар давомида моҳир раҳбар, шижоатли ташкилотчи сифатида вилоятда психиатрия хизматини ривожлантиришга бор куч-ғайратини сарфлаб, фидокорона меҳнат қилади.

Тез орада шифохона 10 дан зиёд 2-3 қаватли замонавий бинолар, аптека, устахона, автогараж, кир ювиш хоналари, ҳаммом, янги иситиш қозонхоналари, артезиан қудуқларига эга улкан тиббиёт муассасасига айланди. Ҳудуди обод, боғ-роғлар, гулзорлардан иборат ажиб маскан қиёфасини олди. Шифохона тасарруфидаги асосий йўл ва йўлаклар асфальтланиб, ишчи ходимларнинг шаҳардан шифохонага бориб-келиши учун муассаса ҳисобига 4 та янги автобус, бир нечта УАЗ русумли енгил автомашиналар харид қилинди. Психология хизматида биринчи бўлиб руҳий касалликларни меҳнат билан банд қилиш (трудотерапия) йўлга қўйилиб, қатор устахоналар қурилди.

Н.Хўжаевга катта ишонч билдирган Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, собиқ вилоят партия қўмитаси ва ижроия қўмиталари унга 1965 йилда вилоятдаги барча психиатрия даволаш муассасаларини бошқаришни топширдилар.

Тиббиёт амалиёти ва раҳбарлик ишини илм билан бирга олиб борган Низом Хўжаев 1970-1974 йиллар Москвадаги психиатрия илмий-текшириш институтининг соғлиқни сақлашни ташкил қилиш кафедраси қошидаги аспирантурада сиртдан таҳсил олиб, 1974 йили тиббиёт фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлади ва тиббиёт олими унвонига сазовор бўлди. Республика ва вилоят раҳбарияти Н.Хўжаевни 1974-2009 йиллар давомида тиббиётнинг турли соҳаларида раҳбарлик вазифаларига тайинлади. У 1974 йили вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосари, 1976 йили Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг М.Исаев номидаги тиббий паразитология илмий-текшириш институтининг директори, 1980 йили вилоят руҳий касалликлар шифохонасининг бош врачи, 2002 йилдан шаҳар дезинфекция станциясининг бош врачи лавозимларида фидокорона меҳнат қилади.

Мўътабар инсон эл-юрт олдидаги хизматлари эвазига “Меҳнат шуҳрати”, “Соғлиқни сақлаш аълочиси”, “Меҳнат фахрийси”, ВДНХнинг кумуш медаллари, шунингдек Республика ва вилоят раҳбарларининг қатор фахрий ёрлиқлари ва дипломлари билан мукофотланди. 1963-1990 йиллар давомида психиатрия бўйича Бутуниттифоқ съездининг делегати бўлиб қатнашди.

Низом Хўжаев ажойиб оила соҳиби сифатида ҳам элга танилган. Унинг турмуш ўртоғи Баҳринисо Хўжаева 55 йилдан кўпроқ врач-невропотолог сифатида халқимизга хизмат қилиб, оилада 8 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Улардан 5 нафари ота йўлидан бориб врачлик касбини танлаган.

Халқимиз ёди ва ардоғидаги инсон, таниқли психиатр врач, моҳир ташкилотчи, меҳрибон ота ва самимий дўст Низомхон Хўжаев агар ҳаёт бўлганида, бугунги баҳорий кунларда муборак 80 ёшга кирарди. У гарчи жисман бугун орамизда бўлмасада, лекин ўзининг эл соғлиғи, тиббиёт соҳасининг равнақи йўлида қилган фидокорона хизматлари, юзлаб шогирдлари, невара ва эваралари тимсолида мангу барҳаётдир.

Н. СУЛТОНОВА, вилоят врачлар ассоциациясининг ижрочи директори.

Н. КАРИМЗОДА, журналист


Дата добавления: 17/03/2017 15:47;   Просмотров: 1555
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку