Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТИББИЙ ИСЛОҲОТ САМАРАСИ

Ҳар бир давлат ва жамият тараққиёти, аввало фуқароларнинг ҳаётий манфаатлари қай даражада таъминланганлиги, саломатлик кўрсаткичлари билан ўлчанади. Истиқлолнинг дастлабки кунларидан соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, инсонларнинг малакали тибиий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди. Бу борада қатор қонунлар, давлат дастурлари ишлаб чиқилди. Жумладан, тиббий меҳнат экспертиза комиссиялари фаолиятида ҳам ўзгаришлар сезила бошланди. Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони барча ногиронлиги бўлган фуқароларнинг яшаш тарзининг яхшиланишига хизмат қилиши аниқ.

Шуни айтиш керакки, мазкур фармон асосида ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг, жумладан, оиласи бўлганларнинг ҳаёт сифати ҳамда даражасини оширишда кенг қамровда ёндашиш асосий мезон қилиб белгиланган.
Биз фаолият юритаётган 56-туманлараро ТМЭК Самарқанд ва Тайлоқ туманлари аҳолисига хизмат кўрсатади. Ўтган йили жами 16 ёшгача болаларнинг 522 нафарига, катта ёшдагиларнинг 1500 нафаридан зиёдига ногиронлик белгиланди. Уларни соғломлаштиришга жиддий аҳамият қаратилган. Жумладан, 219 нафар бемор реабилитация марказларига юборилди. Қарийб ярмига турли техник воситаларни қўллашга оид хулосалар берилди. Маълумки, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида пенсионерлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган инсонлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари, бахтли турмуш кечиришлари учун тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида муҳим вазифалар белгиланган. Бу эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож бўлган жисмоний имконияти чекланган инсонларга эътибор, меҳр ва мурувват янада оширилишидан далолатдир. ТМЭК ходимлари ана шундай ислоҳот ва янгиланишларга мос тарзда иш олиб борилаётганлиги қувончли. Жорий йилнинг 6 ойи давомида қилинган юмушлар фикримиз исботидир. Фақатгина Самарқанд туманида яшовчи аҳолининг 515 нафари бизга ногиронлик бўйича мурожаат этган бўлса, шундан 288 нафарининг талаби қондирилди. Иккита ҳолат асоссиз деб топилган. Ўн етти ҳолат қўшимча текширишга, йигирма сакииз ҳолатда реабилитацияга олинган ва етмиш нафари реабилитация марказларига юборилган. Бирламчи мурожаатлар сони эса 115 тани ташкил этган. 32 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ТМЭК тавсияси билан бандликка кўмаклашиш марказига юборилди. 44 кишига аравача, 3 кишига қўлтиқ таёқ, 3 кишига эшитув аппарати, 30 кишига ҳасса, 5 кишига оёқ протези, 11 кишига ортопедик пойафзал тавсия этилди.
Ногиронлиги бўлган шахслар билан ўтказилаётган юзма-юз мулоқотлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Муҳими, бу айримларнинг турли шикоят ва аризаларининг олдини олишга муҳим ўрин тутмоқда. Масалан, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза бошлиғи У.Назарматовнинг Самарқанд туманидаги Даштаки боло МФЙ га қарашли ҳудида жойлашган 32-сонли ҚОП биносида шу йил 27 июнда ўтказилган ногиронлиги бўлган шахслар билан қатнашиб, улардан 12 тасининг муаммолари ўз жойида ҳал этиб берилганлиги эътиборлидир. Бундан ташқари ходимларимиз билан аҳоли ўртасида тарғибот ишлари билан шуғулланамиз, аҳволи оғир бўлган беморлар ҳолидан хабар олаяпмиз, уларнинг шароитларини яхшилашга ёрдам бераяпмиз. Бунда эксперт-жарроҳ Зафар Маҳмадмуродов, эксперт-терапевт Улуғбек Ибрагимов, катта-ҳамшира Гулбаҳор Асадова, шунингдек, Нилуфар Ўзбекова, Мавсума Иноятова, Қаҳрамон Орзимуродов каби ходимлар хизмати мақтовга сазовор.
Лекин, бу билан барча ишларимиз рисоладагидек, дея айта олмаймиз. Адбатта, ҳали ишларимизда қатор нуқсон ва камчиликлар мавжуд бўлиб, уларни тузатиш, муаммоларни бартараф этиш борасида бор имконият ва салоҳиятларимиздан фойдаланишимиз шарт. Айниқса, фуқаролар мурожаати, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ижобий ҳал этиш биз учун ҳам қарз-ҳам фарз.
Ўрни келганда айтиш жойизки, комиссия бемалол фаолият юритиши учун ҳокимият тамонидан замон талабига мос келадиган бино ажратилса, айни муддао бўларди. Бундан бизга мурожаат этиб келаётган ногиронлиги бор инсонлар чексиз миннатдор бўлишлари ҳам шубҳасиз. Мақсадимиз ҳам аслида шу: ҳар бир инсонга юқори малакали хизмат кўрсатиш ва улар қалбига меҳр улашиш, саломатликларини тиклашларида доимий эътибор, ғамхўрлик кўрсатишдир.

Марҳабо УЗОҚОВА,
56 - Самарқанд туманлараро ТМЭК раиси


Дата добавления: 24/08/2018 14:55;   Просмотров: 1091
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку