Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СУВАРАКЛАР КАСАЛЛИК ТАРҚАТУВЧИ МАНБАДИР

Суварак "нонхўрак"ларнинг ер юзида пайдо бўлиши қарийб 70 млн.йил аввал юз берган. Олимларнинг таъкидлашича, бу ҳашаротлар энг чидамли жонзотлардан бири саналанади. Улар ядро қуроли портлашига ҳам бардош бериши мумкин.

Одамларнинг ҳашаротлар билан алоқаси қадимдан кузатиб келинмоқда. Улар ҳар доим одамлар яшаш жойларини эгаллаб олишга ҳаракат қилиб келади. Ҳозирги вақтда фанга суваракларнинг 4000 дан зиёд тури маълум бўлиб, улар Blattaria туркумига мансуб жониворлардир. Хайрият-ки, инсонлар билан суваракларнинг фақатгина 30 тури ёнма-ён яшайди ва бор-йўғи уларнинг 4 туригина инсонга сезиларли даражада зарар етказади. Кўп қаватли уйларда кўпинча уларнинг икки тури: қора ва сарғишларини учратиш мумкин. Ушбу ҳашаротлар ёруғликни хуш кўрмайди ва совуққа ҳам тоблари йўқроқ. Айрим турдаги суваракларнинг йирик "нусхалари" 5 йилгача яшаши мумкин. Улар оқсилга бой, таркиби углеводлар билан тўйинган тайёр егуликларни, яъни ширинликларни хуш кўради. Ҳатто, чармтери, қоғоз, мато ва газламалар ҳам уларнинг дастидан четда қолмайди. Темир, пластик ва шиша каби материалларнинг эса бу ҳашаротлар учун қизиғи йўқ. Шунингдек, улар совунни ҳам, ҳатто, айрим кимёвий моддалар қўшиб тайёрланган атир-упа, крем, тиш пастаси каби пардоз ашёларини ҳам "татиб" кўришлари мумкин.Ушбу ҳашаротларни қалампир ва сирка ҳиди "ҳуркитади". Сувараклар замонавий техника қурилмалари билан ҳам "ҳамнафас" яшайди. Зараркунанданинг қони оқ рангга эга ва бу суюқлик танада қон томирларсиз ҳаракатланади. Жонзотнинг юраги битта найчадан иборат бўлиб, у қонни ҳайдаб туради. Ҳашаротнинг мияси унинг бош қисмида эмас, унинг бутун танаси бўйлаб жойлашган. Шунинг учун ҳам бош қисми олиб ташланган ҳашарот яна 10 кунгача яшаши мумкин. Бундай бошсиз ҳашаротлар оғзининг йўқлиги ва сув ичиш имконияти бўлмаганлиги сабабли нобуд бўлади. Сувараклар озуқасиз бир ойгача яшай олади. Улар 40 дақиқагача нафас олмай туради. Шунинг учун ҳам "нонхўрак"лар сувдан қўрқмайди. Бунинг устига бу ҳашаротлар жуда яхши сузади. Зараркунандалар ҳамма нарсани - ҳаттоки, дарахт, нажас, клей, қоғоз, тери, совун, бўёқ ва ҳоказоларни ейди. Суваракларнинг касаллик қўзғатувчиларни тарқатувчиси эканлигини ҳамма эшитган. Аммо, сувараклардан айнан қайси касалликларни юқтириш мумкинлигини ҳар ким ҳам билмаса керак. Хонадон зарарланишининг олдини олиш учун ҳашаротларни заҳарлаш жуда муҳим ҳисобланади. Улар ҳар қандай юзада эркин ҳаракатлана олади. Жонзотлар энг кичик ковакларга ҳам кириб кетади. "Нонхўрак"лар ахлат тортадиган қувур ва ахлат солинадиган идиш, ертўла, чордоқларда ўрмалаб юради. Ўша жойлардан одамлар яшаш жойларига турли микробларни олиб келади. Шунинг учун уларнинг таналарида (айниқса, оёқлари панжаларида ва қоринчаларида) турли хил касаллик чақирувчи бактериялар, шунингдек, замбуруғлар спораси ва гельминт (гижжа)ларнинг тухуми топилиши ажабланарли эмас. Албатта, ҳашаротлар одамлардан чўчийди ва уларнинг яқинига бормайди. Аммо, улар озиқ-овқатларни ейиш вақтида ёки идишлар орқали ўрмалаб юрганда, уларда микроблар билан ифлосланган ўз чиқиндиларини қолдиради. Шунинг учун ҳам инсоннинг инфекцияларни сувараклар орқали юқтириб олиш эҳтимоли мавжуд. Хонадонда сувараклар бўлса инсоннинг меъда-ичак тизимида хасталиклар ривожланади. Ундан ташқари иммун тизими кучсизланган организмга айрим бактерияларнинг тушиши сабабли оғир юқумли касалликлар юзага келишида қулай шароит яратилади. Уй сувараклари орқали вирусли касалликларнинг қўзғатувчилари ҳам тарқалади. Шундай қилиб улар инсон саломатлиги учун ўта хавфли ҳисобланади.
Маълум бўлишича, улар астма (зиққинафас) билан оғриган беморларнинг энг катта душманлари қаторига киради. "Нонхўрак" ларнинг ахлатлари ва бошқа ажратмалари инсон учун кучли аллергенлардан ҳисобланади. Нобуд бўлган суваракларнинг тана қисмлари, хитинлари чанг билан аралашиб, аллергияси бор одамлар учун зарар етказади. Нафас қисиши хуружларидан ташқари, улар яна бир қанча касаллик белгиларини келтириб чиқаради. Буларга терининг қизариши ва қичиши, тошма, эшакеми, йўтал ҳамда томоқда қичишиш каби белгилар киради. Яна тумов, кўздан ёш оқиши ва унинг қичишишида ҳам ушбу ҳашаротлар сабабчи бўлиши мумкин. Одам сувараклар билан узоқ муддат контактда бўлиши оқибатида сурункали аллергик касалликлар фонида - ринит, конъюнктивит, дерматит, фаригнит ривожланади. Айрим аллергик касалликлар билан оғриган беморларга суваракларнинг ҳидлари ҳам салбий таъсир этади. Ошхонада озиқ-овқатлардан фойдаланиш чегараланган бўлса, улар бошқа жойдан озуқа қидиришга мажбур бўлишади. Албатта, сувараклар қон сурмайди. Лекин улар терида қуриб қолган эпителий парчаларини ейиши мумкин. Ушбу жонзотлар қўл ва оёқлар териси ҳужайраларини ейиши ҳамда оғиз бўшлиғида нам шиллиқ пардаларидан сўлакларни маълум муддат "ичиши" мумкин.
Ёш болалар оғзини очиб ухлаганлиги сабабли, айниқса бу ҳашаротлар болаларга кўпроқ тунда яқинлашади ва инфекцион касалликларни ейиши оқибатида терида яралар пайдо бўлади. Чунки уларнинг териси жуда нозик бўлади. Озуқа қидириб ва яшириниш мақсадида сувараклар қулоқ ичига кириб кетади. Бундай ҳолатда уларни қулоқдан шифокорларнинг ёрдамисиз чиқариб олиш жуда мушкул. Уларни албатта заҳарлаш керак. Йўқса улар кўпайиб, колониялар ҳосил қилиб олиши мумкин. Ушбу жонзотларнинг зарари жуда катта. Шунинг учун ҳам суваракларни албатта, йўқотиш зарур.
Қаердаки сувараклар мавжуд бўлса, бу антисанитария ҳолатининг яққол белгиларидан бири деяверинг. Уларга қарши курашишда, энг аввало, хонадонни тоза ва озода тутиш ҳамда гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш зарур. Ахлатларнинг ўз вақтида тўкилмаслиги мўйловли жонзотларнинг бемалол ҳаёт кечириши учун қулай шароит яратади. Бундай хонадонларда кучли заҳарловчи дори воситаларини қўллаш ҳам қисқа муддатли самара бериши мумкин. Шу боис ҳам биринчи навбатда хонадонларнинг тозалигини таъминлаш лозим.

И.ҚОБИЛОВ,
туман "Саломатлик маркази" директори
И.ЙЎЛДОШЕВ,
врач - эндокринолог


Последнее редактирование: 26/07/2019 15:48;   Просмотров: 1535
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку