Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СОҒЛОМ ТАНДА СОҒ АҚЛ

Халқимиз орасида тилдан-тилга кўчиб юрган бу пурмаъно ҳикмат замирида жуда катта мазмун бор.

Ана шу доно фикрнинг моҳиятини чуқур англаганлар энг аввало ўз саломатлигига жиддий эътибор қаратса, айримлар эса инсон умрини узайтириш бўйича яратилаётган шарт-шароитларга қарамай, турмуш ташвишларидан ортиб ўз соғлиғи ҳақида қайғурмайди. Натижада турли касалликларга чалиниб юрганлари ҳам айни ҳақиқат. Мавзуни кенгроқ ёритиш учун 56-сонли Самарқанд туманлараро меҳнат экспертиза комиссияси раҳбари Марҳабо Узоқовани суҳбатга тортдик.

Узоқова: – Дарҳақиқат мамлакатимизда фаолият юритаётган, дунё андозаларига тўлиқ жавоб берадиган, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган бир-биридан кўркам тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, скрининг марказлари барча-барчаси юртимиз фуқароларининг соғлиғини сақлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш учун хизмат қилмоқда. Аммо шунга қарамай айрим замондошларимизнинг хаста эканликларини, яна кимларнидир ҳатто меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганликларини кўриб очиғи таажубга тушасан киши. Наҳотки, шунча саъй-ҳаракатлар зое кетаётган бўлса? Нега улар яна бетоб бўлиб колишаяпти? Бунинг сабаби нимада? Ўйлайвериб ўйингга етолмайсан.

Бежизга халқимиз касалликни даволагандан кўра уни олдини олган афзал дея айтмаган. Энг аввало инсон ўз соғлиғини биринчи ўринга қўйиши шарт. Турмуш ташвишлари деб соғлиғига эътиборсиз бўлмасликлари керак. Бундан ташқари турли касалликларнинг ва пировардида ногиронликнинг олдини олишда профилактик ишлар бирламчи аҳамият касб этади.

Мухбир: – Профилактика нима? Унинг мазмун моҳияти қандай?

Узокова: – Профилактика – бу саломатликни сақлаш ва мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар мажмуидир. Соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли ўртасида тиббиёт маданиятини юксалтириш, уларга ўз саломатликларига мажбурият ҳиссини ошириш шулар жумласидандир.

Мухбир: – Саломатликка салбий таъсир кўрсатувчи асосий омиллар нималардан иборат?

Узоқова: – Булар руҳий зўриқиш, бетартиб овқатланиш, жисмоний фаоллик билан шуғулланмаслик, рационал дам олмаслик, вақтида бириктирилган тиббиёт муассасаларининг профилактик назоратидан ўтиб турмасликдир. Юқоридаги кўрсатмаларга амал қилмасликлари натижасида юрак қон томир касалликлари, гипертония, юрак ишимик касаллиги ва қандли диабет хасталигини орттириб олиб охир-оқибат меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган кўплаб фуқароларимизни мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин.

Мухбир: – Ана шундай фуқаролар билан профилактик назорат қандай тартида олиб борилмоқда?

Узоқова: – Уларни дастлаб тиббий экспертизадан ўтказиб, касаллик қайси босқичда эканлиги аниқланади. Шундан сўнг тегишли кўрсатмалар бериб, даволаш ва диагностика марказларида саломатликларини тиклашни тавсия қиламиз. Қувонарлиси шундаки, маслаҳатларимизга тўлиқ амал қилган айрим фуқароларимиз кейинчалик дарддан фориғ бўлиб, яна ўзларини меҳнатга лаёқатли эканликларини ҳис қилмоқдалар.

Давлатимиз раҳбари томонидан Янги 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши, ўтган “Соғлом она ва бола йили”нинг узвий давомийлиги сифатида бизларга юксак масъулият юклайди. Буни чуқур англаган жамоамиз ўз вазифаларига янада сидқидилдан ёндошаётирлар. Мақсадимиз ҳар бир юртдошимизни доимо соғу-саломат кўришдир.

Суҳбатдош Эркин ЮСУПОВ


Дата добавления: 20/01/2017 11:38;   Просмотров: 1697
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку