Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СИЛ КАСАЛЛИГИ

унга биргаликда қарши курашайлик!

Сил касаллиги - бу сурункали, юқумли касаллик бўлиб, унинг қўзғатувчиси 1882 йилнинг 24 мартида буюк немис олими Роберт Кох томонидан кашф этилган. Шу сабабли 24 март куни бутун жаҳонда сил касалликларига қарши курашиш куни деб эълон қилинган. Сил микобактерияси ташқи муҳит таъсирига ўта чидамли бўлганлиги сабабли табиатда кенг тарқалган. Сил микробини тарқатувчи манба бўлиб силнинг очиқ турлари билан касалланган бемор ҳамда уй ҳайвонлари ҳисобланади. Асосий юқиш йўли нафас олиш ва ошқозон-ичак аъзоларидир.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, силга чидамлилиги (иммунитети) юқори бўлган организмга тушган микробнинг касаллик чақира олиш хусусияти йўқолади. Аксинча, заиф организмга сил микроби қайта-қайта тушган ҳолларда тарқалиш жараёни жадаллашиб, сил микробакреияси турли аъзоларга қўнади ва касаллик ривожланади. Ўпка сили, асосан, кўп кузатилади, кейинги ўринларни суяк, буйрак, жисмоний ва ички аъзолар сили эгаллайди. Бугунги кунда асосий мақсад касаллик тарқатиш эҳтимоли юқори бўлган беморларни имкон қадар тезроқ аниқлаб, уларни даволаб, касалликни бошқаларга юқтириш хавфини йўқотишдан иборат.
Бунинг учун ҳар бир шахсни, оила, жамоа аъзоларини ушбу хасталик тўғрисидаги тушунчаси, билим даражасига эга бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки, сил касаллиги аста-секин ойлар, йиллар давомида ривожланади. Шифокор эрта аниқланган хасталикнинг тўла даволанишини кафолатлайди.
Силнинг ривожланишига туртки бўладиган омилларга силга қарши БЦЖ эмдориси билан эмланмаслик, бетартиб турмуш тарзи, рухий изтироблар, зарарли одатлар (ичкиликбозлик, кашандачилик, гиёҳвандлик) ўткир ва сурункали инфекциялар, оғир кечувчи касалликлар (ОИВ, қанд касаллиги, сурункали ўпка касалликлари, ошқозон яраси ва ҳ.к.) киради. Ушбу омиллардан атиги биттаси бўлган ҳар бир шахс, албатта шифокорга мурожаат қилиб, махсус текширишлардан ўтиши шарт.
Сил касаллигини ривожланиши жараёнида дастлаб қувватсизлик, иштаҳани пасайиши, озиб кетиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, кейинчалик, йўтал, балғам ажратиш, кўкрак соҳасида оғриқ ва ҳатто қон тупуриш каби белгилар кузатилади. Силнинг дастлабки белгилари бўлган даврда киши ўз аҳволига эътиборсизлик билан қарайди, шифокорга мурожаат қилмайди ёки мустақил даволашга уринади.
Йўтал, балғам ажратиш ўпка силига хос бўлиб, агар улар 2-3 ҳафтадан кўп давом этса бемор дарҳол шифокорга мурожаат қилиб, қон, балғам таҳлили ва флюорографиядан ўтиши лозим.
Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, мақсадли тадбирлар туфайли республикамизда, шу жумладан, туманимизда ҳам сил касаллигини эрта аниқлаш ва даволаш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Шулар қаторида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, патронаж ойлиги ташкил этиш, силга мойил болалар гуруҳида "Манту" ва "Диаскин" саналари қўйиш, ҳаракатдаги рақамли флюоро мослама (Проскан) ёрдамида аҳолини яшаш жойларига бориб, оммавий флюоро кўрикдан ўтказиш каби саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлаш жоиз.
Халқимиз "Касалликни даволашдан кўра, олдини олиш афзал", дея бежиз айтишмаган. Шу боис сил касаллиги батамом бартараф этилишида тиббиёт ходимларига ҳар бир фуқаро, маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари, хуллас, кенг жамоатчилик кўмакдош бўлишлари лозим. Йилда бир марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиш, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, вақтида тўйимли овқатланиш, дам олиш каби соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ҳам силнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

А. УЗОҚОВ,
тиббиёт фанлари номзоди, доцент
Ш. РАШИДОВА, фтизиатр


Дата добавления: 15/03/2019 13:17;   Просмотров: 974
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку