Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ШИФОБАХШ МАСКАН

Тумандаги "Ёшлик" маҳалласида жойлашган вилоят саломатликни тиклаш маскани ходимлари республика аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Таъкидлаш жоиз, тажрибали бош шифокор Камол Самеъбоев бошлиқ Фаррух Обидов, Назира Рустамова, Жўрабек Бобомуродов, Вакил Сулаймонов каби юқори малакали врачлар беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатишмоқда. Катта ҳамшира Сожида Ғаниева бошчилигида 20-дан зиёд кичик тиббий ходим беморларнинг тезроқ оёққа туришлари учун туну кун улар атрофида парвона бўлишмоқда.
- Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 5 январь ҳамда 7-февраль кунлари соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишда берилган топшириқлар ижроси бўйича тиббий хизматларнинг сифати оширилди, - дейди бош шифокор Камол Матлубович, - тиббиёт муассасамизда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, тўғри ташхис қўйиш ва беморларга малакали хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилган. Энг муҳими, кадрлар таркибини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда юқори малакали мутахассислар, ҳалол ва масъулиятли ходимлар билан мустаҳкамлаш чора-тадбирлари кўрилди ва бу тадбир ижобий самара бермоқда. Тиббиёт ходимларимиз ҳатто чет давлатлар тажрибасини ўрганиб, ўзимизда татбиқ этишяпти. Масалан, менинг ўринбосарим Фаррух Обидов Москва, Минск, Новосибирск ва бошқа жойларда ўз малакасини ошириб келди.
- Ҳурматли Камол Матлубович, - беморларни даволаш қайси ҳисобдан амалга оширилади?
- Туман шифохоналаридан йўлланма билан келган беморларга бепул хизмат кўрсатилади.
- Табобат жараёни билан таништирсангиз.
- Бизнинг географик жойлашишимиз айрим шифохоналар ҳавас қилса арзийдиган жой ҳисобланади. Чунки, баҳаво, сўлим, бетакрор, гўзал табиатимиз бор. Беш гектарлик майдонда анвойи гуллар, ям-яшил игнабарг дарахтлар. Дарғом каналидан эсаётган маҳин шабада кишига ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Шунинг учун шифобахш масканимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
- Сизларда қайси хил касалликлар даволанади?
- Асаб ва ички органлар хасталигига чалинганларга шифо бағишлаймиз. Даволашда парафин қўйиш, массаж, физиотерапия, электротерапия, сув, игна қўйиш ва бошқа усуллардан фойдаланиб келиняпти. Шўъба мудирлари Зилола Саиджонова, Шаҳноза Азизова, Баҳора Жўрақулова, ҳамширалар Гулнора Хожаева, Озода Носирова, Гулноза Усмонова, Замира Неъматова, Дилоро Латифова, Интизор Садриева ва бошқалар беморларга беминнат хизат кўрсатишмоқда.
- Сизнинг истакларингиз?
- Юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлиги эвазига янада катта муваффақиятларга эришишдир. Ва врачлик касби - жасорат, фидойилик, касб ва фикр софлиги талаб қилар экан, биз шифокорлар унга қатъий амал қиламиз.

Баҳодур ЗоҲир


Последнее редактирование: 05/10/2018 13:53;   Просмотров: 1111
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку