Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САЛОМАТЛИК - БЕБАҲО НЕЪМАТ

Инсон-табиатнинг олий маҳсулидир. Бироқ табиат яратган мўъжизалардан баҳра олмоқ учун инсон соғлом, бақувват ҳамда зукко бўлмоғи зарур

И.П.Павлов, рус физиолог-олими

Мамлакатимизда юртбошимизнинг бевосита ғамхўрликлари туфайли аҳоли саломатлигини сақлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрда қабул қилинган "Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб- қувватлаш ва аҳолини жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори яққол мисол бўла олади. Қарор ижросини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани, шунингдек, айрим касалликлар хусусида маълумот олиш учун Самарқанд давлат тиббиёт институти прфессори, тиббиёт фанлари доктори Г.Шодиқулова билан суҳбатда бўлдик.
- Мамлакатимизда юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда уларнинг хавф омилларининг олдини олиш, даволаш ва назорат қилиш, аҳолининг барвақт ўлим ҳамда касалланишини камайтириш бўйича изчил чора-табдирлар амалга оширилмоқда, - деди М.Шодиқулова, - Бироқ аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасининг пастлигича қолаётганлиги натижасида асосий эътибор профилактикага эмас, касалликлар билан курашишга қаратилмоқда.
Юқумли бўлмаган касалликлардан бири миокард инфарктидир. Бу хасталик - ўткир ҳолат, тўлиқ ёки қисман қон етишмовчилиги натижасида юрак мушак тўқимасининг ўлими туфайли юзага келади ва беморнинг ҳаётини хавф остига қўяди. Миокард инфаркти кўп одамларнинг ҳаётига зомин бўлади.
- Инфарктнинг келиб чиқиши, белгилари ва ундан ҳимояланиш ҳақида маълумот берсангиз.
- Қоннинг қуюқ бўлиши, асабийлашиш, зўриқиш, кам ҳаракатчанлик, зарарли одатлар, нотўғри овқатланиш инфарктнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Асосий белги - кўкрак қафасидаги кучли оғриқ, унинг чап қўл, чап елкага тарқалишидир. Қонни суюлтириш учун тўғри овқатланиш, ортиқча вазндан халос бўлиш, юқори артериал қон босими бўлса, уни 130/80 мм.сим.уст.гача пасайтириш, доимий, йилд камида 1 марта ёки 2 марта тиббий кўрикдан ўтиш ҳамда қўшимча касалликлар бўлса, масалан, Қандли диабет, уларни ўз вақтида даволаш касалликдан ўз вақтида ҳимояланишга сабаб бўлади.
- Илтимос, ўсма касалликлар профилактикаси ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
- Аксарият ҳолларда ўсма касалликлари бошланишда аломатлари бўлмайди. Шу боис нималарга аҳамият бериш лозим, деган савол туғилади. Агар кишида сабабсиз озиш, қувватсизлик, иштаҳа йўқолиши, салга чарчаб қолиш ҳолатлари кузатилса, эҳтиёт бўлиши жоиз. Бу саратон илдиз отиб, организмга заҳарли моддалар ажратаётганлигидан далолат беради. Айни пайтда овқатланишга эътибор беринг (табиий, мавсумга тўғри келадиган озиқ-овқатлар, мева, сабзавотлар истеъмол қилиш). Сотиб олаётган маҳсулотларнинг таркибини ўқиб қўринг . Қуйидаги озиқ-овқат қўшимчалари мавжуд маҳсулотларни сотиб олманг: газли ичимликлар, поп-корн, тозаланган юқори сорт уни, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари (калбаса, сосиска ва ҳ.з.), узоқ вақт сақланиб келган мевалар (усти шам моддаси билан ишланган).
Турли чиқиндиларни (хазон, ортиқча ахлатларни) ЁҚМАНГ! Тутун ўсмага олиб келадиган омил ҳисобланади.
- Қандли диабет касаллиги қандай келиб чиқади?
-Қандли диабет танада модда алмашинувининг бузилиши билан кечади. Бу касалликнинг белгиллари: қонда қанд миқдори юқори бўлади, кўп чанқайди, оғзи қурийди, кўп пешоб қилади, айниқса, кечқурун.
Қандли диабет ўзининг асоратлари билан хавфлидир, яъни кўз хиралашади (бу кўр бўлишгача олиб бориши мумкин), буйраклари зарарланади, оёқ-қўлларида яралар пайдо бўлади.
Демак қандли диабетнинг олдини олиш учун семиришга йўл қўймаслик, қон босимини назорат қилиш, асабийлашмаслик, зарарли одатларни бартараф этиш керак.
-Қандли диабет билан касалланмаслик учун нималар истеъмол қилиш керак?
-Ёғсиз гўшт, балиқни димлаб ва қайнатма ҳолатида, паррандалар гўштини истеъмол қилиш (қовурилган ҳолда истеъмол қилишни чеклаш). Овқат рационида клетчаткага бой бўлган маҳсулотлар, яъни карамнинг барча турлари, сабзи, редиска, ловия (фасоль), қалампир, бақлажон ва мевалар бўлиши керак. Кўпроқ ўсимлик ёғидан фойдаланиш лозим. Мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланиш ҳам яхши самара беради.
Саломатлик - бебаҳо неъмат. Унутмаслик керак, саломатлик йўқ жойда на фароғат ва на ҳаловат бор. Модомики, бахт, энг аввало, соғлик экан, унинг қадрига етайлик.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА
суҳбатлашди.


Последнее редактирование: 15/03/2019 11:42;   Просмотров: 1101
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку