Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САЛОМАТЛИК-БЕБАҲО БОЙЛИК

Туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳакими
Фурқат Валиев билан суҳбат

- Ҳурматли Фурқат Мухторович, мустақил Ўзбекистонимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганлигига қарийб бир йил бўлмоқда. Ўтган давр ичида бу соҳада қилинган ишлар тўғрисида гапириб берсангиз.
- Ушбу қарор ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат дастурларига асосан ибратли ишлар амалга оширилди. Шуниси диққатга сазоворки, муҳтарам Юртбошимиз соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ўзгартириш масаласига бағишлаб ўтган йилнинг февраль ва декабрь ойларида соҳамиз мутахассислари билан учрашувлар ўтказиб, аҳолига сифатли ва самарали ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш борасида вазифалар бердилар. Улар ижросини таъминлаш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқарилди ва изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги 2857-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги мавжуд 22 та бирламчи тиббий санитария ёрдам муассасаларининг 12 таси мақбуллаштирилиб, 7 та қишлоқ врачлик пункти сақланиб қолинди ва 3 та қишлоқ врачлик пункти қошида янги қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил қилинди. Мақбуллаштирилган ҚВПларнинг 7 таси негизида шифокор учун уй-жой, 2 таси негизида 103 шаҳобчаси ташкил қилинди ва 3 та ҚВП фаолияти тугатилди.
Янги ташкил этилган қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 та соҳа мутахассислари (терапевт, педиатор, акушер-гинеколог, стоматолог ва хирург) мутахассислари билан таъминланмоқда.
Туманда аҳолига бирламчи тиббий хизматни яхшилаш учун барча БТСЁ муассасаларида иш вақти соат 08:00 дан 20:00 гача белгиланиб, навбатчилик графиги асосида ташкил этилди.
Аҳолига патронаж тиббий хизматни яхшилаш учун янги тасдиқланган штат жадваллари асосида олдин 1300 аҳолига 1 та патронаж ҳамшираси тиббий хизмат кўрсатган бўлса, эндиликда 750 аҳолига 1 та патронаж ҳамшираси хизмат жорий этилди.
- Сўҳбатимизни туман аҳолисига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат тўғрисида давом эттирсак.
- Тумандаги 237124 нафар аҳолига 1770 қатновга мўлжалланган 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 3 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 7 та қишлоқ врачлик пунктлари бирламчи тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Ушбу БТСЁ муассасаларида 130 нафар умумий амалиёт шифокорлари, 102 нафар тор соҳадаги мутахассислар ва 356 нафар патронаж тиббиёт ҳамширалари хизмат кўрсатмоқда. Йил давомида шифокорлар томонидан 197414 марта уйга қатновлар амалга оширилди.
2017 йил давомида 91,4 фоиз аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган бўлиб, тиббий кўрик давомида улардан 18,4 фоизи бемор эканлиги аниқланган ва соғломлаштирилган.
Туманда 356 нафар патронаж тиббиёт ҳамшираси томонидан парваришига муҳтож бўлган 43 нафар ёлғиз қария, ногирон ва ўзга парваришига муҳтож шахсларга, 7535 нафар ёш оилаларга, сурункали касалликлар билан оғриган беморларга тиббий хизмат қўрсатилди.
- Қадимги юнон мутафаккири, айниқса тиббиёт асосчиси Гиппократ «Табобат ҳамма санъатлар ичида энг олижаноб санъатдир» деган экан.
- Жуда тўғри гап. Шу ўринда улуғ рус ёзувчиси Антон Чеховнинг «врачлик касби-жасорат, бу касб фидойиликни, қалб ва фикр софлигини талаб қилади» деб башорат қилганини унутмайлик. Ҳақиқатан ҳам ўз беморини даволашга киришган шифокор бу ишни назокат ва очиқ чеҳра билан беморга хуш келадиган тарзда амалга оширса, нур устига аъло нур бўлади. Бизнинг тиббиёт бирлашмасида тўрт юз 14 нафар шифокор меҳнат қилиб, улардан 84 нафари олий тоифали, 92 нафари биринчи тоифали бўлиб, туманимизнинг турли бурчакларида самимийлик посбони бўлиб ишламоқдалар. Ўрта тиббиёт ходимлари бир минг 863 нафарни ташкил қилади. 560 нафари турли хил тоифага эга.
Биз кўп йиллардан буён эл саломатлиги йўлида жонбозлик кўрсатаётган Замира Маъмурова, Аъзам Муҳаммадиев, Зоҳир Жумаев, Нилуфар Асророва, Дилшод Тўйчиев, Шерзодхон Эламов, Гулнора Юсупова ва бошқалар билан қанча фахрлансак арзийди. Чунки улар садоқат билан туну-кун ҳалол меҳнат қилиб эл-юрт ҳурматига сазовор бўлмоқдалар. Ободончилик, тоза-озодаликни сақлаш ва бошқа ташкилий ишларни амалга оширишда хўжалик ишлари бўйича муовиним Даврон Жўрақуловнинг хизмати каттадир.
- Фурқат Мухторович, келгуси режалар ҳақида гапириб берсангиз?
- Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга қилган Мурожаатномаси ҳам ҳажман, ҳам мазмунан жуда кенг бўлиб, унинг мазмун-моҳиятига манфаати, халққа хизмат қилиш ва халқни эъзозлашдир. Ва муҳтарам Юртбошимиз халқимизни қийнаётган, тараққиётимизга ғов бўлаётган кўпдан-кўп муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапирди.
Масалан, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида сўнгги вақтда олиб борилаётган ишларимизга қарамасдан, афсуски, жойларда кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолганлиги танқид қилинди. Ана шуларни ҳисобга олиб, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва табобат қилиш, она ва бола саломатлигини асрашда муҳим бўлган скрининг марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва бошқа хил тадбирлар амалга оширилмоқда.
Саломатлик-бебаҳо бойлик. Уни сақлаш биз, шифокорлар учун ҳам, қарз ҳам фарз.

Сўҳбатни
Зоҳир ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.


Последнее редактирование: 09/03/2018 15:25;   Просмотров: 1452
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку