Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

РАПС ВА СУРЕПИЦА ФОЙДАЛИ ОЗУҚА

Мустақиллик шарофати билан ер ўз эгаларига, деҳқонларга бўлиб берилганидан сўнг ундан унумли фойдаланиш, самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида интенсив технологияни қўллаб, оз ердан кўп ҳосил олишга киришилди. Масалан, бошоқли дон экинлари йиғиштириб олингач, ўрнига такрорий ва оралиқ экинлари экиш йўлга қўйилди. Бу билан ер чарчаб қолмайди, аксинча янги минерал ва маҳаллий ўғитлар билан бойийди, унумдорлиги ошади. Олинаётган ҳосил эса ер эгалари бўлган фермерларнинг моддий имкониятларини кенгайтиради.

Оралиқ экинларининг кенг тарқалган вакилларидан бўлган рапс ва сурепицадан ҳам уруғлик, ҳам чорва озуқаси сифатида фойдаланиш, ҳатто мой олиш мумкин. Аввало бу экинларнинг нима мақсадда экилаётганлигини ҳисобга олиб, экиш пайти ва парваришини ташкил этиш зарур.
Саноат йўли билан рапс ва сурепица уруғларидан кунжара ва шрот сингари кучли ем ҳамда тегирмонга солинган миқдорининг 50 фоизига қадар сифатли мой олиш мумкин. Мисол учун сурепицанинг 1 килограмм кунжарасида бир озуқа бирлиги ва 250 грамм ҳазм бўладиган протеин, шунча миқдордаги шротда эса 1,1 озуқа бирлиги ва 273 грамм фойдали витаминлар бор.
Рапснинг кўк массасида 0,16 озуқа бирлиги, супепицада 0,14 озуқа бирлиги ва 25 граммгача ҳазм бўладиган оқсил сақланади. Айни пайтда 1 тонна рапс кунжараси тўйимлилиги бўйича оқсилга нисбатан 8 – 10 тонна омухта емга тўғри келади. Рапс ва сурепицанинг кўк озуқасида 3,0 фоизгача протеин, 0,5 фоиз ёғ, 2,4 фоиз кислота (китатка), 4,8 фоиз углерод ва 87,9 фоиз сув мавжуд. Бундан ташқари ушбу озуқабоп экинлар тез ҳазм (0,4 – 0,5) бўлади ва етилиш даражаси 85 – 90 фоизни ташкил этиши билан бирга уларда кўплаб микроэлементлар учрайди. Албатта буларнинг барчаси аввало уларни ўстиришда муайян тупроқ иқлим шароити, биологик хусусиятлари, экиладиган навлари ҳамда ўстириш технологияларига бевосита боғлиқ бўлади.
Шундай экан жорий йилда айниқса чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбар ва мутахассислари рапс ва сурепицанинг фойдали жиҳатларига алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Шундан келиб чиққан ҳолда илмий тавсиялар ва илғор тажрибалар натижалари шуни тасдиқлайдики, сигир ва ҳар бир бош йирик шохли мол учун 30 – 40 килограмм, 6 ойгача бўлган бузоқларга 20 – 25 килограмм, қўй ва эчкиларга эса 3 – 5 килограммгача бериш тавсия этилади. Бироқ бунда дастлабки кунлари чорва моллари ўрганишлари учун 3 – 5 килограмм ҳисобида берилади ва бунда кўк озуқа соғишдан 2 соат олдин сўлитилиб ва майдалаб берилади. Агарда чорва молларига қишловдан сўнг берилса, у ҳолда сомон билан дастлаб 1:10, кейинроқ 1:5 нисбатда аралаштирилиб берилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айниқса рапснинг кўк озуқаси таркибида аччиқ моддалар (эрук кислотаси, глюкозиколат ва бошқалар) борлиги чорва моллари ошқозонида касалликларни келтириб чиқариши мумкинлигини ҳисобга олиб, рапс ва сурепица кўк озуқасини бериш даври 10 – 12 кундан ошмаслиги талаб этилади.
Рапс ва сурепица экилган майдондан самарали фойдаланишда чорва молларини яйлов сифатида боқиш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Бироқ бундай ҳолда шудринг кўтарилгач ёки суғорганда нам кўп бўлмаслиги ва тўлиқ гуллаган даврида боқиш тавсия этилади.
Умуман олганда рапс ва сурепицадан ўртача 300-350 центнер миқдорида биомасса ҳосили олинганда йирик шохли қорамоллар учун баҳор даврида ўртача бир шартли қорамол учун 0,03 – 0,04 гектар майдон ажратилади. Агарда 1 гектар ердан яйлов сифатида фойдаланилганда бир бош сигирга 40 килограмм кўк озуқа ҳисобласак, у ҳолда 20 кун давомида ушбу яйловдан 25 бош қорамолни боқиш мумкин бўлади.

Х. БОТИРОВ,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори
С. ЭШОНҚУЛОВ,
ЎЗҚХИИЧИ Самарқанд бўлимибош мутахассиси


Последнее редактирование: 18/05/2018 14:43;   Просмотров: 1346
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку