Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОНАСИНИНГ ҚИЗИ

Туман бирлашган касалхонасининг терапия бўлимида даволанган қайнона Сожида ая келини Назира Шариповага деди:
- Барака топсин Шаҳноза, қўли енгил экан, бизлар ўз дардимизга шифо топдик.

- Онасининг қизи-да, - тасдиқлади Назира. - Волидаи мукаррамаси Замиро Аббосовна касб сир-асрорларини фарзандига ўргатган.
Ҳа, бу ерда бундай суҳбатлар тез-тез бўлиб туради. Чунки Замира Абдуллоевна ва унинг қизи Шаҳноза шифо излаб келаётган беморлар дардига малҳам бўлишмоқда. «От ўрнини той босар» деганларидек, Замира Аббосовна 45 йил бир жойда ҳалол ва Гипократ қасамёдига содиқ қолган ҳолда самарали меҳнат қилди. Энг муҳими, очиқ чеҳра, ширин сўзлари билан ўз беморларини даволашга киришиб, аҳил жамоа ва атрофдагиларнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлди.
- Мен ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларимда меҳрибон, кўнгли дарё, оддий, камтарин онамнинг касбига кўнгил қўйиб, Самарқанд давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширдим, - деди Шаҳноза Неъматуллоевна, - қабул имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талаба деган номга сазовор бўлдим. Институтда билимдон ва тажрибали устозларимдан кўп нарсаларни билиб олдим. Олий мактаб дипломи ва йўлланмаси билан туман бирлашган касалхонасига ишга келдим. Бу ерда назарияни амалга тадбиқ этдим. Билмаганларимни китоблардан ва албатта катта тажрибага эга бўлган онамдан қунт билан ўргандим. Меҳрибон аяжоним пенсия ёшига етгач, мен у кишининг ўринларига бўлим мудири бўлдим.
- Ҳозир бизда ичак касалликлари билан 40 нафар бемор дардларига шифо топишмоқда. Юқори малакали шифокор Лола Ғаффорова ва тиббиёт ҳамширалари Саодат Халилова, Райҳона Мажидова, Мавлуда Назарова, Асила Нуриллоева, Дилшода Самадова, Райҳона Аслиддинова ва бошқалар беморлар атрофида парвона бўлишмоқда.
- Шаҳноза Неъматулоевна сингари шифокорларнинг табобат соҳасидаги олижаноб санъатлари ва чуқур билимлари, уларнинг беморларга нисбатдан диққат эътиборларининг кучлилигидандир.
- Ана шу илоҳий куч туфайли ҳамкасбларим касалларни оёққа турғизишади, - дейди туман бирлашган шифохонаси бош ҳакими Фурқат Мухторович Валиев, - буюк рус адиби Антон Чехов шундай ёзган экан: «Врачнинг касби - жасорат, бу касб фидоийликни, қалб ва фикр софлигини талаб қилади».
Унутмаслик керакки, табибнинг бир оғизгина тасаллиси беморга нақадар шифобахш таъсир кўрсатишини кўп кўрганман. Онасининг қизи бўлмиш Шаҳноза Абдуллоевага шундай хислат мужассам.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА

Суратда: шифокор Абдуллаевалар
Бекзод ҚОДИРОВ олган сурат


Последнее редактирование: 13/07/2018 15:14;   Просмотров: 1194
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку