Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОИВ ИНФЕКЦИЯСИНИ ТАРҚАЛИШИДА МЕҲНАТ МИГРАЦИЯСИНИНГ РОЛИ

Ота-она ва нуронийларнинг дуосини олган ҳар бир ақли расо инсон олган панду насиҳатлари асосида соғлом турмуш тарзига мукаммал амал қилишга интилади. Узоқ юртларда мусофир бўлиб юрган даврда ҳар бир киши оила аъзолари, азиз кишиларининг илиқ тафтини сезиб туради ҳамда турли ножўя ҳатти-ҳаракатлар ва хирсу ҳавасларни жиловлашга уринади.

Маҳалла аҳли, фаоллар, бандлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилот вакиллари ҳам меҳнат мигрантларига, хорижда ишлаш истагида бўлган ҳар бир фуқарога қонунчилик ҳужжатларини чуқур билиши ва амалда қўллай олиши, ҳамда ОИВ инфекцияси ва бошқа юқумли касалликлардан сақлана билиши ҳақида тушунтириш ишларини ўтказишлари лозим.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва пала-партиш жинсий ҳаёт кечириш ҳолатларининг мавжудлиги, аҳолининг миграцияси, аҳолининг ОИВ/ОИТС ҳақидаги билимининг етарли даражада эмаслиги ОИВ инфекциясини тарқалишининг асосий омилидир.
Бугунги кунда Россия давлати меҳнат мигрантларини ўзига жалб қилмоқда. Ишлаб чиқариш асослари ривожланган ва нисбатан юқори иш ҳақи тўланадиган ҳудудлар мигрантларининг кўп қисмини тўплаш ва тақсимлаш жойига айланмоқда. ОИВга қарши кураш дастурлари фаолияти сезиларли даражада кенгайтирилганлиги сабабли ҳозирги кунда 3 ойдан кўп бўлган муҳлатга Россия Федерациясига кириб келаётган барча шахслар ОИВ инфекцияси йўқлиги ҳақида сертификат олиш учун оммавий равишда тестдан ўтказилмоқда. Чет эл фуқаролиги бўлмаган шахсда ОИВ инфекцияси аниқланиши вақтинчалик яшаш учун рухсатнома бермаслик ёки уни бекор қилиш учун асос бўлади.
Ўз соғлиги ҳақида қайғуриш меҳнат мигрантлари учун одатда биринчи ўринда эмас. Ўзининг ОИВ инфекциясига чалинганлигини билган шахслар уни бекитишга ҳаракат қиладилар ва Россияда бўлишнинг бошқа ноқонуний йўлларини излашга уринадилар. Бунинг натижасида мигрантлар орасидаги ОИВ бўйича ҳолат яширин тус олади ва бундай ҳолатда мавжуд муаммо ҳал бўлмай қолади.
ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахслар ҳар доим ҳам ОИВга чалинганлигини айтмайди. Бу билан ўз турмуш ўртоқларини хавф остига қўяди. Натижада ОИВ инфекцияси юққан болалар туғилиши сони ортади ва ОИВ инфекцияси аҳолининг умумий қатламига сингиб боради.
Маданиятлараро психология меҳнат мигрантлари билан ишлашда, ушбу мақсадли гурухда ОИВ инфекцияси профилактикасини ташкил этишда ишончли алоқани ўрнатишда аҳамияти катта.
"Маданият шоки" ибораси америкалик антрополог К.Оберг томонидан киритилган бўлиб, у янги маданиятга кириб бориш, кўп ҳолларда дўстларни ва уларнинг ижтимоий мавқеини йўқотиш, тарк этилганганлик ва ноқулайлик ҳисси билан биргаликда кечади. Маданият шокининг белгилари турлича бўлиши мумкин: умумий бехотиржамлик, асабийлик, ўзига ишончсизлик, спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга мойилликдир.
Одатда маданият шоки мослашуви беш босқичдан иборат:
Биринчи босқичда "Асал ойи"–тиришқоқлик, яхши кайфият ва ишонч билан баҳоланади. Меҳнат мигрантлари Россияга келади ва уларни "ўртада турган" одамлар кутиб олади, катта даромад ва бошқаларни ваъда қилади. Одатда бу босқич тез тугайди.
Иккинчи босқичда ғайриоддий шароит ўз салбий таъсирини кўрсатади. Кўпчилик ҳолатларда тил билмаслик натижасида маҳаллий аҳолини тушунмаслик, ҳафсаласи пир бўлиши юзага келади. Бу даврда мигрантлар ўз юртдошлари билан кўпроқ учрашишга ҳаракат қилишади.
Учинчи босқичда маданият шоки критик нуқтага етиши мумкин. Мослаша олмаган кишилар уйларига қайтишга мажбур бўлади, ёрдамга муҳтож ва тўлиқ тушкунликка тушиш кўринишида бўлишади.
Тўртинчи босқичда мигрантларнинг аксарият қисми атрофдагилар томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлангандан сўнг маданиятлараро фарқни енгиб ўтиб, маҳаллий маданият ва урф-одатларга тушуна бошлайдилар.
Бешинчи босқич маданиятга тўлиқ мослашиб, шахснинг жиддий ўзгариши билан сифатланади.
Меҳнат мигрантларининг молиявий имкониятлари, саломатлик ва жисмоний ҳолати маҳаллий аҳолиникидан анча юқори. Шунинг учун улар маҳаллий аёлларни ўзига жалб қилади. Миграция даврида орттирилган хавфли хулқ-атвор ва янги одатлар (пул эвазига жинсий алоқа, жинсий шерикни тез-тез алмаштириш) уларни янада хавфли гуруҳга айлантиради. Меҳнат мигрантларининг ОИВ инфекцияси ва бошқа юқумли касалликлар тўғрисида билим савиясининг пастлиги касалликни юқтириб олишига ва инфекцияни доимий яшаш манзилига олиб киришига имкон яратади.
Агар касалланган инсон ОИВ билан боғлиқ масалалар ўз соғлиги учун муҳимлигини тан олса, бу кейинчалик ҳулқ-атворнинг хавфсизлигига ёки хавфсизига алмаштириш учун энг муҳим туртки бўлади.
Одамлар орасида ОИВ инфекцияси фақат ҳулқ-атвори бузуқ ижтимоий гуруҳлар учун хавфли, "оддий одамлар" зарарланмайди деган фикрлар мавжуд. Бунинг оқибатида эса ОИВ инфекцияси билан зарарланганларга нисбатан аҳоли орасида тамғаланиш ва камситилиш ҳоллари рўй беришига олиб келади. Камситилишга учрамаслик учун ўз статусини яширишга мажбур бўлишади ва бу ҳолатда ОИВ инфекцияси тарқалишининг хавфи яна ошади.
Кишиларнинг ўзида ОИВ инфекцияси борлиги ҳақида билганидан кейин олган руҳий жароҳат чуқурлиги бўйича жисмоний касаллик билан тенг. Охирги йилларда жамиятнинг ОИТС билан касалланганларга нисбатан фикри ўзгара бошлади.Бугунги кунда эпидемияни камайтиришга фойдаси тегадиган биз кутган ва ўйлаган натижага эришиш учун бу йўналишда кўп йиллар давомида ҳаммамиз иш олиб боришимизга тўғри келади.
Албатта, ҳар бир инсоннинг саломатлиги ўз қўлида. Ҳар биримиз соғлигимизни сақлашга интилсак, жамият саломатлигини сақлашга катта ҳисса қўшган бўламиз. Саломатлигимизни асрайлик.

Н.ТОШПЎЛАТОВА,
Вилоят ОИТС қарши курашиш маркази санитария врачи


Дата добавления: 06/04/2018 16:01;   Просмотров: 1219
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку