Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НОК - ШИФОБАХШ МЕВА

Марказий Осиёнинг деярли барча иқлими иссиқ ҳудудларида ўсадиган нок мевали дарахти серсув ва ширин, пўсти юпқа ва ранги сариқ оқиш мевалар тугади.

Мева-озуқа сифатида анча тўйимли бўлиб, таркибида 16 фоизгача қанд, анча миқдорда пектин моддаси, органик кислоталар (лимон, олма) фитонцидлар, ферментлар, витаминлардан В, С каратин, фолат кислатаси, темир, маргенец, кобальт, калийлар мавжуд. Бундан ташқари, нок таркибида ошловчи моддалар ҳам бор.
Унинг шифобахшлиги: пишгани ейилса, мияни намлик билан таъминлайди, тумов, шамоллашларни бартараф қилади, мияга турли зарарли буғларни кўтарилиш йўлини тўсади. Шунингдек, нок кишига хушкайфият бағишлайди, юрак, меъда, жигар ва бошқа ҳазм аъзолари фаолиятини оширади. Ташналик ҳамда қовуқ ачишини бартараф қилади, қондаги беқарорликни тартибга келтиради, ични юмшатади, меъдага тушган овқатлар ҳазм бўлгач, ундан ажралган ножоиз ҳид ва ҳовурларнинг мияга кўтарилиш йўлини тўсади. Айниқса, нокни овқатдан кейин ейиш анча фойдалидир.
Агар уни майдалаб туйиб шикастланган жойда боғланса, унга зарарли моддалар тушишига йўл қўймайди. Заҳарли қўзиқорин билан нок бирга пиширилса, қўзиқорин заҳрини бартараф этади.
Гули истеъмол қилинса, хушнудлик бағишлайди, юракни бақувват қилади, агар туйиб, куйдириб боғланса, кўз шишларини қайтаради.
Нокнинг барги ва навдаларини куйдириб, кули сургандек кўзга суртилса, таъсири тўтиё таъсирига ўхшайди. Сепилган кули захмларни қуритади.
Пишган ва ширин нокнинг деярли зарари йўқ, айниқса, иссиқ мижозли кишиларга зиёнсиз. Лекин меъдаси заиф ва мижози совуқ одамларга зиёни бўлиши мумкин. Бироқ нокни кўп ейиш бод (ел) ҳосил қилади. Ҳали пишмаган - хомроғи истеъмол қилинса, ҳатто куланж хасталигини келтириб чиқаради. Ана шундай пайтларда занжабилни сиркага ивитиб қуйиб, арпабодиён билан ичилса, зарарни ислоҳ қилувчи малҳам ҳисобланади.
Нокни меъда истеъмол қилинган овқатлардан ҳоли бўлгач ейиш керак. Нокни егандан кейин совуқ сув ичиш асло мумкин эмас, бадҳазм нарсалар ейиш, нокни гўшт билан истеъмол қилиш ҳам меъдага зарардир. Ҳазми енгил парранда гўштидан тайёрланган шўрва билан бирга истеъмол қилса зарарсиз.
Туруш нокнинг шифобахшлик хислатлари: меъда ва жигарга куч бағишлайди, таомга иштиёқ туғдириб, иштаҳани очади, қон босими ва сафро баландлигини пасайтиради, шунингдек, ана шу моддаларнинг баданда қайнашини туширади, мияга зарарли моддалар кўтарилишининг олдини олади, чанқоқни ва қайд қилишни босади.
Шуни ҳам унутмаслик лозимки, туруш нокни ейиш кексалар, куланж касаллиги бор ва мижози совуқ кишиларга зиёни бор, шунингдек, асабга ҳам зарар, куланж дардининг зўрайишига сабаб бўлади. Унинг зарарини бартараф этиш учун асал ва бошқа ширинликлар ейиш лозим. Туруш нокни сув ҳоврида ёки хамирга ўраб, оловда пишириб ёки асал, шакар билан мураббо қилиб ейилса, зарари бўлмайди.
Қуритилган нокнинг талқони ейилса, ич кетишини тўхтатади. Агар гарди сепилса, жароҳатларни қуритади ва захмлар ўрнида янги гўшт пайдо қилади. Нок шохини куйдириб, кули истеъмол қилинса, томоқ оғриғи кучайиб, йиринглаган бўлса ҳам даво бўлади. Агар томоқ бошқа сабаблар боис зарарланган бўлса ҳам дардини бартараф қилади. Абу Али ибн Сино нокни меъда мушакларини мустаҳкамлаш, қоқини яра ҳамда жароҳатларга боғлашни тавсия қилган.
Нокнинг эрта пишувчи - Қалдирғоч, Фаризий, Сари Гўзал, Дилбар, кузги - Азамат ва қишқи - Табассум, Ношпўти навлари ўзининг шифобахшлиги билан ажралиб туради.

Ў. МИРЗОҲИДОВ,
Академик М.Мирзоев номли БУ ва ВИТИ
Самарқанд ИТС ИИБ директори ўринбосари,
қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди


Последнее редактирование: 15/03/2019 13:00;   Просмотров: 1323
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку