Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МЕН СИЗДАН ШИФО ТОПДИМ...

Дунёда касб-ҳунар жуда кўп. Касбу ҳунари бор киши асло хор бўлмайди. Оилада фарзанд дунёга келдими, ота-онаси уни кўз қорачиғидай асраб-авайлаб парвариш қилади, ўқитади ва касб-ҳунарга йўналтиради. Давлатимиз ҳам ёшлар учун бор имкониятни яратиб берди. Чиройли ва замонавий касб-ҳунар коллежлари техника воситалари, амалиёт учун лаборатория асбоб-анжомлари, дарсликлар, методик дастурлар билан таъминланган.

Ёш авлод вақтдан унумли фойдаланиб, касб-ҳунар ўрганиши учун астойдил ҳаракат қилиши лозим.
Лекин касблар ичида шифокорлик ва ҳамширалик олий касб. Чунки, улар инсоннинг соғлигию, саломатлиги учун курашади. Зиммаларига катта масъулият юклатилган. Улар ҳеч қачон хатоликка йўл қўймаслиги даркор.
Ҳозирги пайтда инсон йўқки, шифокор ва ҳамширага иши тушмаса. Қайси шифохона, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиника, тиббиёт марказлари, дорихоналарга кирсангиз юзлаб ёшу қарига дуч келасиз. Шифокорлар эса уларга ташхис қўйиб, дори-дармон буюради. Ҳамшира бўлса даволайди, меҳрибонлик кўрсатади.
Оқмачит маҳалласидаги икки қаватли катта бино собиқ Иттифоқ даврида бунёд этилгани. У раҳматли бош шифокор Ўзбекистон Олий Совети депутати Музаффара Абдуллаева ташаббуси билан бунёд бўлган эди. Минглаб одам ушбу шифохонанинг туғруқ бўлимида дунёга келган. Поликлиника ва шифохона бўлимига каттаю, кичик даволаниб чиққан.
Мустақиллик даврида биринчи қават поликлиника, иккинчи қават туман тиббиёт бирлашмасининг терапия бўлими сифатида фаолият кўрсатмоқда. Ҳар куни юзлаб беморлар келиб ўз соғлиқларини тикламоқда. Шифохона биноси Даштакиболо ва Қўлбаипоён қишлоқ фуқаролар йиғини ўртасида, аҳоли кўп жойда жойлашган бўлиб, халқнинг келиб кетиши учун қулай. Йўли яқин, шифокору ҳамширалари меҳрибон, билимли деб жуда кўп одам шу даволаш масканини маъқул кўради.
Инсоннинг ёши улғайган сари эски машиналарга ўхшаб «запчастлар»и таъмирталаб бўлар экан. Менинг ўзим 3-4 маротаба ушбу бўлимга келиб даволаниб чиққанман.
Бўлим ходимлари мудира Назира Буранова раҳбарлигида беморларга беминнат хизмат кўрсатиб, мукаммал билимлари, кўп йиллик тажрибалари ҳамда ширин муомалалари билан беморлар дардига малҳам бўлмоқдалар. Айниқса, кечки сменада Шоҳсанам Раҳматова, Фируза Аҳтамова, Нигора Мавлонова, Ситора Саидова, Камуна Муҳаммадиеваларнинг хизматлари беқиёс. Беморларга меҳр билан хизмат кўрсатилади. Кундузги сменада Манзура Саидова ва Самара Меликова, бўлим мудири Назира Бурановалар соат 8 дан 17 гача беморлар атрофида парвона.
Врач-терапевт Шаҳло Сатторова ЭКГ ва УЗИ каби замонавий асбоб билан беморларни текшириб дардларини аниқлаб беради. Яхши билим ва тажрибага эга. Бўлимдаги 13 та палата, маънавият хонаси ҳамда коридорнинг тоза-озодалиги учун санитаркалар Нодира Раҳмонова, Гуландом Раҳматова, Зилола Саидовалар тинмай меҳнат қилади.
Ҳамшира Камуна Муҳаммадиева 2005 йилдан ушбу бўлимга сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда. У яхши билим ва тажрибага эга. Муомаласи ва меҳнатсеварлиги билан ҳурмат қозонган. Унинг айтишича раҳматли бобоси равонаклик Муҳаммади қассоб севимли хонанда, Ўзбекистон халқ артисти Камуна Исмоилованинг мухлиси бўлган. Шу сабабли набирасига унинг исмини қўйган экан. Камуна 1980 йилда Ҳазратқул Муҳаммадиев оиласида туғилиб яхши тарбия олади. Маҳалладаги 33-умумтаълим мактабида ўрта таълим олиб , Самарқанддаги Сиёб тиббиёт билим юртини 1999 йили аъло баҳо билан битирди. Тақдир тақозаси билан Қўлба маҳалласида санъаткор Масъуджон Тоҳиров оиласига келин бўлиб тушади. Уч қизнинг меҳрибон онаси. Рухшона билан Шаҳризода ҳам онаси тамомлаган тиббиёт коллежида ўқимоқда. Ситорабону эса биринчи синф ўқувчиси.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасига катта эътибор қаратмоқда. Айтиш жоизки, вилоятимизнинг қишлоқ жойларида 43 та оилавий поликлиника, шаҳар ва туманларга 47 та маҳсус бўлим ходимлари жойларга чиқиб аҳолига махсус тиббий ёрдам кўрсатмоқда.
Ҳозирги пайтда Даштакиболо шифохонаси ҳам Давлат дастури асосида янгидан таъмирланмоқда. Насиб бўлса янги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланади.

Раҳматилло ШАРИФЗОДА


Дата добавления: 08/12/2017 14:47;   Просмотров: 1425
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку