Маҳалла ўз уйимиз, муқаддас масканимиз, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, тинчлигини, осойишталигини таъминлаш маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаронинг асосий вазифасига киради. Чунки ватан ана шу муқаддас остонадан, яъни маҳалладан бошланади. Бир қанча маҳалла ва гузарлар бирлашиб катта шаҳарларни барпо этади. Демак, маҳаллани асрамоқ шаҳарларни асрамоқдир. Хўш, шаҳарларни, уларнинг аҳолисини, табиатини XXI аср бошларида нималардан асраш керак. Шаҳарларга, унинг аҳолисига, аҳолисининг соғлом турмушига, қолаверса, унинг соғлигига, болаларнинг ривожига, уларнинг ўсишига, физиологик ҳаётига нималар таҳдид қилиши мумкин.
Маълумки, инсон ҳаёти табиат билан чамбарчас боғланган. Уни қуршаб турган табиий омиллар-ҳаво, она замин, сув ва сув ҳавзалари, бутун борлиқнинг пайдо бўлиши ва ривожланиш қонуниятларини фалсафий нуқтаи назардан билиш, ўрганиш, катта аҳамият касб этади. Биз биламизки, табиатдаги хилма-хилликлар, шакл ва кўринишлар, бутун борлиқни ўз ичига қамраб олган табиий муҳит-материя бизнинг онгимизда, тафаккуримизда жилоланади, кўринади, гўзаллиги билан ҳайратда қолдиради. Табиат доимо инсоннинг диққат марказида бўлган. Аждодларимизнинг муқаддас китоби "Авесто"да ҳам табиатга муносабат аъло даражада ҳал қилинган. Ҳозирги пайтда табиатни муҳофаза қилиш, экологик муаммо миллий хавфсизлик тақдирига айланиб қолди.
Табиат, бу-ҳаёт. Инсон бутун умри давомида, дейилади муқаддас китобларда, сув, тупроқ, олов, умуман, дунёдаги жамики яхши нарсаларни пок ва бус-бутун асрашга бурчлидир.
"Бурч, деганди, донишмандлардан бири, - сен авж пардадаги буюк сўзсан, бу шундай буюкликки, чиндан ҳам инсонни ўзидан ҳам юксакликка кўтарувчи буюкликдир."
"Бурч" аждодларимиз тасаввурида сўзсиз бажарилиши шарт бўлган аҳдга айланган, бурчни англаш ҳам олий инсонийликдир. Шу нуқтаи назардан олганда, ўзимиз яшаб турган маҳаллани, ҳудудни, экологик таҳдиддан асраш ўз соғлиғимизни асрашдир.
Форобийнинг фикрича, "ҳар бир инсон ўз табиати билан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоғи учун кўп нарсаларга мўҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади… бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсон шахслари кўпаядилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашадилар, натижада инсон жамоаси вужудга келади.
Шундай қилиб, жамият билан табиат ўртасидаги алоқа замирида меҳнат ётади. Одам ҳарқандай йўл билан ўз нафсини, эҳтиёжини қондириш мақсадида қўлидаги куч ва қуроллар билан табиатга ўз таъсирини ўтказади".
Инсон, охир-пировардида қуролланган катта кучга айланади ва табиатни ўз фаолияти билан беҳад ўзгартириб юборади. Инсон ўзининг ақл-идрок, фан ва техника тараққиёти ёрдамида озиқ-овқатларнинг, қурилиш материалларининг, кийим - кечак учун ишлатиладиган матоларнинг, сунъий толаларнинг табиат яратган турларининг янгиларини ихтиро қилди ва қилмоқда.
Ҳурматли юртдошлар! Бу дунёда ҳамма нарса бир-бири билан чамбарчас боғланган, шунинг учун ҳар бир инсон табиатга нисбатан ўз қадамини қўяр экан, ҳаракатларининг оқибатлари ҳақида ўйлаши шарт: шуни эсдан чиқарманг!
Ҳар бир инсон қонун олдида баб-баробар. У қилган ишлари учун жавоб бериши керак. Айтайлик, битта носоз машина дудбўронидан чиқаётган заҳарли тутун ҳавони бузади, бундан қанча одамларнинг саломатлиги бузилади. Ҳатто бир ўсимликни кераксиз кесиш, нобуд қилиш (айниқса ўтинфурўшлар томонидан етказилаётган зарар) ҳаво тугул, ҳатто иқлимни ўзгартириши мумкин.
Тайёрлади Ш.БЕРДИЕВА.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.