Қадим замонлардан буён қизил лавлаги нафақат озиқ - овқат, балки доривор неъмат сифатида ҳам фойдаланиб келинади. ҳозирги замон олимлари лавлагининг саломатлик ва узоқ умр кўришга катта таъсир кўрсатадиган мўъжизакор неъмат эканлигини тасдиқлашмоқда.
Лавлаги таркибида жуда кўплаб дармондорилар, оқсил ва углеводлар мавжуд.
Бу сабзавот организм томонидан яхши ҳазм қилинади. Уни хом ва пиширилган кўринишда истеъмол қилиш мумкин. Термик ишлов берилганда бу сабзавотдаги витаминларнинг бир қисми йўқолади, аммо микроэлементлари яхши сақланиб қолади. Лавлаги пиширилганда унинг таркибидаги меъда таъсирчанлигини оширувчи нитратлар ва кислоталар чиқиб кетиши аниқланган. Шунинг учун лавлагининг қайнатилгани кўпроқ фойдалидир.
Лавлаги енгил бўшаштирувчи восита ҳисобланади. У ичаклардаги массанинг юришини равонлаштиради. Шунинг учун қабзиятдан қийналувчилар, айниқса кексалар қайнатилган лавлагини мунтазам истеъмол қилиши керак.
Лавлаги жигарни яхши тозалайди. Агар жигар фаолиятини дориларсиз тикламоқчи бўлсангиз, кундалик овқатингиз таркибига бу маҳсулотни киритишингиз керак. Лавлаги организмни фильтрлаш ҳамда ҳужайраларни янгилаш вазифасини масъулият билан уддалайди.
-Лавлаги таркибида магний кўп бўлгани туфайли қон босимини пасайтиради. Шу боис уни юқори қон босимидан азият чекувчи кишилар рационига киритиш фойдалидир.
Таркибидаги витамин А ва витамин Р томирларни қайишқоқ ҳамда майин қилади, гипертония (артериал қон босими ошиши) ривожланишининг олдини олади. Лавлагида бетаин деган органик модда бор, у қондаги холестерин даражасини камайтиради, таркибидаги С витамини организмнинг шамоллаш касалликларига қаршилик кучини ошириб, юқумли касалликлардан асрайди.
Шунингдек, таркибида С витамини кўплиги сабабли лавлаги қон томирлар деворини мустаҳкамлайди. Яна бу илдиз-мева қонни тозалаб, томирларни кенгайтиргани учун гипертония (хафақон), артеросклероз ва бошқа юрак-қон томир касалликларида тавсия этилади.
Лавлагида кислота мавжуд. У қон яратилиши учун зарур бўлиб, эритроцитлар, лейкоцитлар ва тромбоцитлар ҳосил бўлишида қатнашади.
Ҳожи Қамар Муаззамов,
доришунос
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.