Дунёнинг кўпчилик давлатларида, жумладан Ўрта Осиё давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам ҳар йили ёз-куз ойларида куйдирги касаллиги қайд этилиб туради.
Куйдирги касаллиги- ҳайвонлардан одамларга юқадиган, асосан ўзига хос яра (карбункул), камдан-кам ҳолларда эса ўпка ва ичак шаклларида намоён бўладиган ҳайвонлар ва одамларда учрайдиган ўта хавфли юқумли касалликдир. Ушбу касалликнинг тери, ўпка ва ичак шакллари учрайди, оғир ҳолларда септик турига ҳам айланиши мумкин. Энг кўп учрайдиган тери шакли ўз вақтида даволаш чоралари кўрилса тузалиб кетади.
Касалликни куйдирги бактериялари келтириб чиқаради, касаллик ҳайвонлардан ҳайвонларга ва одамларга юқади, бироқ касалликни одамдан одамга ва одамдан ҳайвонларга юқиши аниқланмаган.
Куйдирги касаллиги одамларга шу касалликка чалинган ҳайвонларни сўйиш, терисини шилиш, гўштини майдалаш, ошқозон-ичаклари ва калла-почасини тозалашда, шунингдек касалланган ҳайвонларни парваришлаш жараёнларида, етарли термик ишлов берилмаган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида ёки ҳайвон териларини ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнида юқади. Чорвачилик билан шуғулланувчилар, гўшт маҳсулотларини қайта ишловчилар ва овчилар кўпроқ касалланадилар.
Касалликнинг яширин даври бир неча соатдан 14 кунгача, ўртача 2-3 кун давом этади.
Касаллик белгилари: Терига тушган куйдирги таёқчаси дастлаб терида қичишиш ва қизил доғ ҳосил қилади. Доғ тугунчага айланиб, бир неча соат ичида пуфакча ҳосил бўлади. Доимий қичишиш оқибатида пуфакча ёрилиб, ичидан суюқлик ажралади (сачраган суюқлик янги пуфакчаларни ҳосил қилади). Ёрилган пуфакча ўрнида қора рангли ўзидан зардобли суюқлик ажратиб турувчи, атрофи шишиб кўтарилган яра ҳосил бўлади. Шу вақтга келиб, ярага яқин жойлашган лимфа тугунлари ҳам катталашади. Унинг энг характерли белгиси яралар оғриқсиз бўлади. Яра ҳосил бўлиши билан тана ҳарорати кўтарилади. Беморнинг эти увушади, боши айланади, кўнгли айнийди, ҳолсизланади. Ўпка шаклида қон қусади, ичак шаклида эса ич кетиши қон билан кузатилиб, бу ҳолат 5-7 кун давом этади.
Юқоридаги белгилар кузатилганда тезда шифокорга мурожаат қилиш лозим!
Куйдирги касаллигининг олдини олишда қуйидаги чора-тадбирларга амал қилиш керак:
- қишлоқ хўжалик ҳайвонларини даврий ветеринария кўригидан ўтказиб туриш;
- молхоналарда ветеринария-санитария қоидаларига қаттиқ риоя этиш;
- ҳайвонларни ветеринария назоратисиз сўймаслик ва гўштини аҳолига тарқатмаслик;
- куйдирги билан касалланган ҳайвон гўштини дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш;
- касал ҳайвонлар ётган жойларни 2 фоиз формалин, 20 фоиз хлорли оҳак эритмаси ва бошқа воситалар билан дезинфекция қилиш, ўлганларни эса 2-2,5 метр чуқур қилиб, устига 10 см қалинликда оҳак солиб кўмиш ёки ёқиб юбориш;
- куйдирги ярасига ишлатилган воситаларни дезинфекция қилиш, ўрин-кўрпаларни дезкамерадан ўтказиш;
- чорвачилик, гўшт комбинати, тери ва қоракўл заводи ишчилари, ветеринарлар, лаборатория ходимларини куйдирги касаллигига қарши эмлатиш;
- гўшт, сут маҳсулотлари билан ишлашда эътиборли бўлиш, пичоқлар ва тахтачаларни алоҳида бўлишига қатъий риоя этиш талаб этилади.
Республика, вилоят ва туманимиз худудига ҳам ушбу хавфли юқумли касалликларни кириб келиш хавфи сақланиб турибди. Туманимиз ҳудудида юқумли касалликлар билан касалланган қора моллар аниқланганда алоҳидалаш учун жой ажратилмаганлиги ва дезбарер ташкил этилмаганлиги, айниқса, мол бозорларига кириш жойларида ҳеч қандай ёзувлар ва санитария ветеринария тарғиботига оид кўргазма материаллари осиб қўйилмаганлиги, кушхона ва мол сўйиш мадончаларини ташкил этилмаганлиги, шахсий хонадонларда ва қассобхона олдида кўча шароитида молларнинг ветеринария кўригидан ўтказмасдан сўйилиши ва ахолига дуч келган жойда сотилиши ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан, туманимизнинг Арабхона, Дўстлик ва Қорасув маҳаллалари ҳудудида яшовчи аҳоли томонидан гўшт маҳсулотларини ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилмасдан сўйилиши ва аҳолига сотилиши натижасида охирги 5 йил мобайнида А.22.0 (Куйдирги) касаллигига гумон қилиниб 7 та фуқаро вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган . Вилоят СЭО ва ЖСБ, Ветеринария бошқармаси ва туман ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган эпидемияга қарши тадбирлар натижасида касалликни авж олиб кетишининг олди олинди.
Ҳозирги кунда туманимизнинг Оқмачит ва Чаққа маҳаллалари ҳудудида куйдирги касаллигининг 2 та тупроқ ўчоғи мавжуд бўлиб, ушбу тупроқ ўчокларида мавжуд бўлган куйдирги микробларини қулай шароит бўлганда спора шаклидан вегетатив шаклга ўтиши ва касаллик келтириб чиқариши мумкинлигини инобатга олиб, ушбу ўчоқлар қайта инвентаризациядан ўтказилди,усти бетонланиб,атрофи панжара билан ўралди. Тупроқ ўчоқларидан Вилоят СЭОваЖСБ ЎХЮК лабораториясига эпидемиологик мавсум давомида тупроқ, ем-хашак ва оқава сувлари намунаси топшириб борилмокда. Қишлоқларда, мактабларда, чорвачилик корхоналарида, овқатланиш шохобчаларида, сув ҳавзаларида касалликнинг келиб чиқиши, олдини олиш чора-тадбирларини, шахсий ва умумий гигиена қоидаларига амал қилишнинг аҳамиятини аҳолига тушунтириш ишлари ўтказилмокда.
Туман Санитария-эпидемиологик
осойишталик ва жамоат саломатлиги булими.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.