Куйдирги касалиги - одам ва ҳайвонларда учрайдиган ўткир юқумли касаллик, зооноз касалликлар гуруҳига киради. Касаллик қадимдан маълум. Гиппократ ҳам бу ҳақда ёзиб қолдирган. Куйдирги қўзғатувчиси- Bacillus anthracis-спора ҳосил қиладиган ҳаракатсиз таёқча. Споралар жуда чидамли бўлиб, сувда йиллаб, тупроқда ўн йиллаб (20-30 йил ва ундан ортиқ) сақланиши мумкин. Одамга касал ҳайвонлардан-ҳайвонни сўйиш, гўштини нимталаш вақтида, шунингдек, сув, тупроқ, чорвачилик маҳсулотлари орқали юқади. Одатда, касаллик шу соҳа ходимларида, яъни ҳайвонлар билан бевосита мулоқотда бўладиган кишиларда кўпроқ кузатилади. Инфекция соғлом одам организмига нафас йўллари, тери ва оғиз орқали тушиши мумкин.
Одамда куйдиргининг ўпкага, ичакка, терига зарар етказадиган ва инфекция - қонга ўтиб тарқаладиган септик хиллари учрайди. Касаллик аломатлари ҳам зарарланган аъзоларга қараб турлича бўлади. Куйдиргининг тери шаклида куйдирги қўзғатувчи зарарланган тери орқали киради. Бу шаклда яширин (инкубацион) давр 2-3 кун. Терининг инфекция кирган соҳасида дастлаб бўртма (папула) пайдо бўлади, у лойқа ёки қонли сюқлик билан тўлган пуфакча (пустула) га айланади. Пуфакча тез орада ёрилиб, қора қўтир бўлади. Атрофида янги пуфакчалар ҳосил бўлиб, қора қўтир катталашади, унинг тагида оғримайдиган шиш кўзга ташланади. Одатда, шу жароҳатни "куйдирги ҳўппози" деб аталади. У кўпинча юз соҳаси, билак, бўйин ёки оёқда бўлади. Бунда гавда тана-ҳарорати кўтарилиши, бош оғриғи, дармонсизлик, уйқусизлик ва ҳоказо кузатилади. Орада 2-3 ҳафта ўтгач, бемор тузала бошлайди. Ўпка куйдиргисида тўсатдан иситма кўтарилиб, йўтал тутади, қонли балғам келади, беморнинг кўкрак соҳаси оғрийди, нафас олиши қийинлашади. Ичак куйдиргиси овқатдан заҳарланишга ўхшаб бошланади, бемор кўнгли айниб, қусади, қорни қаттиқ оғрийди, ичи дам бўлади. Куйдиргининг ўпка ва ичак шакллари жуда кам учрайди. Даволаш мақсадида пеницилин ва куйдирги гаммаглобулини қўлланилади. Профилактика мақсадида моллар билан мулоқотда бўладиган касбдагилар: чорвадорлар, қассоблар, тери ошловчилар куйдиргига қарши вакцина билан эмланади. Ҳайвонларда (айниқса, от, қорамол, қўй, эчки, буғу) учрайди, септицемия, тери ости тўқималари ва бошқа ички органларга қон қуйилиши ва инфильрат йиғилиши билан кечади. Инкубация даври ҳайвонларда 1-3 кун. Ҳайвонларга ем-хашак, ифлос сув ва ҳаво, шунингдек, қон сўровчи ҳашаротлар, сўна, пашша ва бошқа орқали юқади. Касаллик қўзғатувчи ташқи муҳитдан организмга тушгандан кейин қон ва лимфага ўтиб ривожланади ва умумий септицемияни чақиради, қонда ўз атрофида қобиқ пайдо қилиб, кўп миқдорда токсин ишлаб чиқаради. Тез ривожланиб кўпайган микроблар тери ости ва бошқа тўқималарда шишлар пайдо қилади, токсинлар эса қон томирларининг ўтказувчанлигини ошириб, бутун ички орган ва тўқималарда қон қўйилишига олиб келади, қон айланиши секинлашади.
Клиник белгилари. Касалликнинг яширин даври 1-3 кун давом этади. Микробнинг организмга қаердан киришига қараб тери (корбункулёз), ичак формалари бўлади. Касалликни ўткир ҳолатларида ҳайвон бир неча соат ичида (ҳатто 1 соат ичида) ўлади.Ҳайвоннинг бурун, оғиз тешикларидан қон аралаш кўпик, орқа тешикдан қора рангдаги қон оқади, ҳарорат 41-42 га кўтарилади, нафас олиш ва юрак уриши тезлашади, ҳолсизланади, иштаҳа йўқолади ва кўпинча ётади. Касалликнинг ичак турларида ошқозон, ичак органлари фаолияти бузилади ва ўлгандан кейин ҳам орқа ва бошқа табиий тешиклардан қон оқади. Куйдирги билан касалланган ҳайвонни билмасдан сўйганда қони қопқора бўлиб, ивимайди. Бу касалликка гумон қилинган ҳайвонни сўйиш мумкин эмас, чунки организмдаги капсула ҳолатидаги, тез ўлдириб бўладиган микроб ташқи, кислородли муҳитга тушиши билан жуда чидамли спора турига айланади ва тупроқда 100 йилгача сақланиб қолади. Ташхис эпизоотологик, клиник белгиларга асосан қўйилиб, лаб текширувига асосан тасдиқланади. Даволаш: куйдиргига махсус гипериммун қон зардоби, гамма-глобулин ва антибиотиклардан пенциллин ишлатилади.
О.БОЙҚОБИЛОВ,
туман ДСЭНМ бош шифокори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.