Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КЎКРАК САРАТОНИДАН ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАНИШ КЕРАК?

Дунё статистикасига кўра, жаҳонда ҳар ўн аёлдан бирига кўкрак саратони хасталиги хавф солиши мумкин. Касалликни даволашнинг ҳануз мураккаблиги ва вақт ўтказиб юборилганида имконсизлиги туфайли ҳам у ҳалигача бедаво дард сифатида қабул қилинади. Бироқ хасталикни илк даврида аниқлаш 95 фоиз ҳолларда уни даволашни кафолатлайди. Аммо аксарият аёллар маммолог ҳузурига касаллик анча авж олиб, уни қайтаришнинг имкони қолмаганида мурожаат этишади. Шунинг учун ҳам кўкрак саратони аёллар онкологик касалликлари орасида биринчи ўринда туради. Вилоят онкология диспансери хирург-маммологи Одил Турсунов билан бўлган суҳбатда саратон хасталигининг олдини олиш чоралари ва уни келтириб чиқарувчи айрим сабаблар хусусида сўз юритилди.

– Аёллар орасида “Саратоннинг келиб чиқишига турли гормонал терапия ва ҳомиладорликка қарши препаратларни қабул қилиш сабаб”, деб ўйловчилар бор. Бу фикр қанчалик ҳақиқатга яқин?
– Йўқ, бу препаратлар саратонни келтириб чиқармайди. Аксинча, бундай препаратларни қабул қилиш орқали исталмаган ҳомиладорлик, абортларнинг олди олинар экан, бу сут безларида саратонни келтириб чиқарувчи омил бартараф этилди, деганидир. Замонавий гормонал препаратлар ҳам тўғри танланиб ичилганида асло ножўя таъсир кўрсатмайди.
– Брокколи карамини истеъмол қилиш, саратонга қарши таъсир кўрсатадими?
– Брокколи ҳамда бошқа сабзавот ва мевалар саратоннинг олдини олувчи қандайдир мўъжизавий хусусиятга эга эмас. Кўкрак саратонидан халос қилувчи таомнома ҳали ўйлаб топилмаган. Бироқ сульфорафан моддаси бўлган карам ва бошқа маҳсулотлар бездан иборат бўлган (кўкрак ҳам шунга мансуб) аъзоларнинг нормал ишлашига ёрдам беради.
– Ҳафтасига 2-3 марта спорт билан шуғулланиш касалликка чалиниш хавфини 20 фоизгача камайтириши ростми?
–Умумий олганда, спорт иродани мустаҳкамлайди, ички аъзолар фаолиятини яхшилайди. Спорт билан мунтазам шуғулланиш бошқа касалликлар қатори сут безлари саратонига чалиниш хавфини ҳам камайтиради. Бироқ спорт туфайли касалликнинг олди олингани тўғрисида статистик маълумотлар ҳозирча мавжуд эмас. Ҳозирги кунда бир қатор машқлар мажмуаси ва техникаси ёрдамида кўкракнинг эстетик кўринишини сақлаш мумкин. Сут безининг ўзи мушаклардан иборат бўлгани туфайли, кўкрак қафаси мушаклари учун мўлжалланган машқлар орқали бунга эришиш мумкин.
– Спиртли ичимликлар, тамаки, қаҳва-чи?! Улар саратон чақирмайдими?
– Чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш ўпка саратонини келтириб чиқарувчи жиддий омил саналади. Тамаки организмнинг доимий ички муҳитини издан чиқариб, иммунитетни пасайтиради. Бошқа касалликлар қатори онкологик хасталиклар ҳам бундай шароитда тезроқ ривожланади. Қаҳванинг эса кўкрак саратонини келтириб чиқаргани қайд этилмаган.
– Гўштсиз парҳез, турли ўсимталар ривожланиши хавфини пасайтирадими?
– Бундай дейишга ҳеч қандай асос йўқ. Аксинча, гўштли маҳсулотларни меъёридан ортиқ чеклаш туфайли саломатликка жиддий зарар етказувчи ўзгаришларни келтириб чиқариш мумкин. Инсон организми ҳар куни етарлича оқсил, ёғ ва углеводларни қабул қилиши керак.
– Кўпчилик аёллар “мунтазам равишда антиперспирантлардан фойдаланиш кўкрак саратонини келтириб чиқариши мумкин”, дея ҳадиксирашади.
– Бу мутлақо нотўғри. Фақат унинг онкологлар учун ноқулайлик келтириб чиқариши шунданки, у маммография пайтида “алдайди”. Унинг альюмин бўлаклари рентген тасвирида биз қидирган микрокальцинатларга ўхшаб туради. Бугунги кунгача антиперспирантларнинг қандайдир ёмон сифатли ўсмалар келтириб чиқариши мумкинлиги исботланмаган. Аммо антиперспирантлар тер безларини ёпиб қўйиши билан хавфлидир. Бироқ тер бези ўткир яллиғланганида ҳам у саратонга айланиб кетиши мумкин эмас.
– Кўкракдаги турли жароҳатлар ҳам кўкрак саратонини келтириб чиқарадими?
– Албатта, кўкракка етказилган энг кичик жароҳат ҳам турли ўсмалар, ўзгаришларни бошлаб бериши мумкин. Ана шундай ҳолларда, албатта, маммологга мурожаат қилиш лозим.
– Замонавий тиббиётда қон орқали аёлда генетик саратонга чалинишга мойилликни аниқлаш мумкин бўлган таҳлил топилибди. Шу ҳақда гапириб берсангиз.
– Ҳа, бугунги кунда сут безлари саратонини ривожлантирувчи генларни аниқлаш имкони топилган. Ушбу геном аёлнинг саратонга чалиниш эҳтимоли кучлилигини билдиради. Бу аёллар (айниқса, она томонидан саратонга чалинганлар бўлганида) 30 ёшдан сўнг ҳар йили 2 маротаба мутахассис кўригига бориб туришлари лозим. Аммо эсда тутиш керак: бу саратонни эмас, генни ташхислашдир.
Кўкрак саратони эса фақат клиник кўрик, маммография (40 ёшдан ошган аёллар учун), ультратовуш тадқиқоти (40 ёшдан кичиклар учун), МРТ-маммографик ташхислаш орқали аниқланади. Авлодида кўкрак саратони бўлган аёлларни текширувлардан ўтказганда, ёшидан қатъи назар, МРТ маммография текширувини амалга ошириш лозим.
– Маммография текшируви ҳақида умуман тасаввурга эга бўлмаган аёлларга маслаҳатингиз.
– Маммография — кўкрак саратонини илк босқичларида ташхисловчи юқори таъсирчан махсус текширув усули. Кўкракда илк саратон ўсмаси пайдо бўлганидан ўсмани қўл билан сезиш мумкин бўлгунича 3 йилдан 8 йилгача вақт ўтиши мумкин. Маммография ўлчами 5 микрокальцинатга тенг ўсмаларни кўрсатиш имконига эга. Агар ўсмалар ана шундай кичик ўлчамларда аниқланганида эди, ҳеч ким кўкрак саратонидан вафот этмаган бўларди. Маммография текширувидан ўтиш учун келаётганда турли тальк, упа, дезодорант, антиперспирантлардан фойдаланмаслик керак. Бу ташхислашни қийинлаштириши, ҳатто нотўғри натижа беришга олиб келиши мумкин. Маммография одатда ҳайз циклининг 3-8-кунлари ўтказилади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига кўра, 35 ёшдан сўнг 2 йилда бир марта, кўрсатмалар бўлмаганда 50 ёшдан сўнг йилига 1 марта маммография текширувидан ўтиб туришлари лозим.

Суҳбатдош Т.ЮСУПОВ


Дата добавления: 26/05/2017 16:09;   Просмотров: 1556
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку