Маълумки, халқимиз азалдан турли-туман кўкатларни хуш кўришиб, йил бўйи у ёки бу даражада тановул қилиб келмоқдаки, бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Негаки, улар ҳар биримиз учун дармон-дорилар манбаи ҳисобланади ва улар захирасига эга бўлишимиз боис биз қишин-ёзин ўзимизни бардам-бақувват ҳис этамиз. Боз устига қувонарлиси яна шундаки, халқимиз, айниқса мустақиллик йилларида оила ҳар бир ўз таомномаси орқали бир қатор ва анъанавий ҳисобланган, витаминларга бой кўкатларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда улардан қуйидагиларнинг таърифини келтиришни лозим, деб ҳисоблаймиз.
Кўк (барра) пиёз - ўзида кўп миқдорда азот моддалари, қанд ва витаминлар сақлайди. Эфир мойи эса унга янада хушбуйлик ато этади. Унда ўртача 14-16,54% қуруқ модда, 7,8-11,1% қанд ва 1,3-6,9 мг% ҳисобида аскорбин кислотаси мавжуд. Шунингдек, А, В1, В2 каби витаминлар, лимон ва олма кислоталарининг борлиги таъмини янада яхшилайди.
Саримсоқ пиёз - ўз хусусиятлари бўйича бошқа пиёзлардан анча устун туради. Унинг таркибида ўртача 64-66% сув, 6,7% азотли моддалар, 0,06% мой, 26,3% азотсиз чўкинди моддалар 0,77% клетчатка ва 10-12 % аскорбин кислоталари бўлади. Барра ҳолидаги пиёз ва саримсоқнинг асл ватани Марказий Осиё ва Афғонистон ҳисобланади. Улар минг йиллардан буён халқимиз томонидан кўк ҳолида, пишгани пиёзбош шаклида овқатга солинади. Кўкат сифатида эса дастурхонга тортилади, шунингдек, саноатда колбаса маҳсулотлари, консервалар тайёрланади ва халқ табобатида ошқозон хасталиклари, нафас олиш йўллари ҳамда юрак-қон томир фаолиятини яхшилашда қўлланилади.
Исмалоқ – бир йиллик кўкак сифатида истеъмол қилиниб, ундан турли миллий тамолар (пичак, чучвара, кўк сомса, дўлма ва ҳ.к.) тайёрлаш расман таомилга киритилгандир. Таркибида 50-110% аскарбин кислота, В гуруҳидаги ва Е1, Д2, Р каби муҳим витаминлар, оқсил ва маъдан моддалар мавжуд. У одатда уруғдан сўнг бир ойда истеъмолга тайёр бўлади ва кўклай ҳолида кенг тарзда бозорларимизда аҳолига етказиб берилади.
Райҳон – лабгуллилар оиласига кирувчи бир йиллик ўтчил ва кўкат ҳисобланади. Унинг барглари хушбўйлиги ва ўзига хос ҳид таратирши билан қимматли ҳисобланади. Таркибида 0,08% эфир мойи, 10 мг% аскарбин кислотаси,9 мг% каротин ва 150мг% рутин сақлайди. Уни одатда гуллаш даврининг бошида кўк ҳолида миллий таомлар учун фойдаланилади, сўнгра қуритиб, кукун ҳолида қишга сақланади. Тиббиётда эса сада райҳон буйрак ва ошқозон хасталикларининг олдини олса, шаҳарсозликда ораста ўсимлик сифатида йил бўйи фойдаланиш расман қабул қилинган.
Кашнич - бир йиллик ўсимлик сифатида кўкатлар гуруҳига кириб, унинг ёш ҳолдаги барглари кўклай ҳолида ишлатилади ва истеъмол қилинади. Таркибида 200-210мг% аскорбин кислотаси борлиги боис суюқ овқатлар ва гўштли таомларни ширин ҳамда мазали қилишда қўлланилади. Унинг уруғлари эфир мойи олишда, шунингдек, кулинарияда кондитер маҳсулотлари, консерва ва маринадлар тайёрлашда ишлатилади. Тиббиётда эса зардобни ҳайдовчи восита сифатида қўлланилади ва ҳоказо.
Шивит - энг кўп ишлатиладиган кўкатлар гуруҳидан ҳисобланади. Унинг яшил баргларида 100 мг% атрофида аскорбин кислотаси, 3,5-5 мг% каротин, эфир мойи ва маъдан моддалар сақалнади. Шивитнинг барглари барра ҳолида кенг истеъмол қилинса, катта ёшдагилари бодринг ва помидорни тузлашда, шунингдек, мариновка қилишда ишлатилади. Уруғларидан олинадиган эфир мойи парфюмерия, совун пишириш саноатида ва кондитер маҳсулотларига хушбўйлик беришда кенг қўлланилади.
Шундай қилиб, кўкат ўтлар халқимиз дастурхонини янада тўкин қилиш билан бирга саломатликнинг ҳақиқий посбони сифатида ва миллий таомларимизни янада маззали ҳамда фусункор қилишда ўта қўл келишининг бевосита гувоҳи бўлишимиз мумкин, десак муболаға бўлмайди, албатта.
Хидирали БОТИРОВ,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.