Баъзан болалар сабабсиз инжиқ бўлиб қолади, яхши ўсмайди, озади, тинкаси қурийди, дарсларни яхши ўзлаштирмайди, уйқусида безовталанади, тушида тишларини ғичирлайди, гоҳ-гоҳида қорни оғрийди. Шундай ҳоллар кузатилганда, албатта, шифокорга мурожаат этиш лозим. Болаларда шундай ҳолларнинг учрашига гижжа касаллиги сабаб бўлади. Гижжаларнинг фанда 100 лаб турлари маълум бўлиб, бу касаллик болаларда учрайди. Гижжа одамларнинг, ҳайвонларнинг ичакларида яшайди, кўпаяди ва ичакларни яллиғлайди. Гижжа касаллигининг олдини олмаса турли хил зарарли оқибатларга олиб келиши фан томонидан исботланган.
Гижжа тухуми одам организмига оғиз орқали тушади. Бунга кўпинча тирноқларни олмасдан, қўлларни ювмасдан овқатланиш, идиш-товоқларни, мева-сабзавотларни чала ювиш ва истеъмол қилиш каби эҳтиётсизликлар сабаб бўлади. Ит-мушуклар билан ўйнаш ҳоллари ҳам касалланишга сабаб бўлади. Гижжа касаллиги билан оғирмаслик учун ҳар ким гигиена қоидаларига риоя қилиши зарур.
Гижжа касалликлари ёки гельминтозлар - кенг тарқалган касалликлардан бири бўлиб уларни паразит ҳолда яшовчи қуртлар (гр. Helmins (helminthos - қурт) қўзғатади. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра Африка, Осиё ва Лотин Америкасида яшовчи аҳолининг 90 фоиздан ортиғи гижжа касаликлари билан касалланган бўлиб, кўпчилиги гижжаларнинг бир неча тури билан зарарланган. Дунёда 1 млрд. Аскаридиоз, 900 млн анкилостомидозлар, 500 млн. Трихоцкфалёз қайд этилган. Ер юзида одамда гельминтларнинг 270 дан ортиқ тури аниқланган.
Ўзбекистонда одамнинг касалланишига сабаб бўладиган гелминтларнинг 10 дан ортиқ тури маълум. Улардан 4-5 тури кенг тарқалганлиги ва аҳоли соғлиғига анчагина зиён етказиши сабабли тиббиёт нуқтаи назаридан ғоят аҳамиятлидир. Одамда гельминтлар ҳазм йўллари, жигар, ўпка, мия, кўз, қон томирлар систамаси, терида ва бошқа органлар ҳамда тўқималарда жойлашади.
Касаллик манбаи касал одам. Беморлар яшайдиган хоналарда гижжа тухумлари уларнинг ич кийимида, чой шаби, кўрпа ғилофида, гиламда, ўйинчоқларда топилади. Қилгижжа тухумлари чўмилиш бассейнларида, эшик дасталарида, спорт анжомларида сақланади. Тухумлари 22-40 С ҳароратда ривожланади. Энтеробиоз асосан болаларда учрайдиган гельминтоз ҳисобланади. Энтеробиознинг контакт йўли билан ўтишининг юқорилиги, бемор билан контактда бўлганда тез юқиши ва тухумларнинг ташқи муҳитда чидамлилиги бу гельминтларнинг болалар коллективларида: ясли, болалар боғчалари, мактаб-интернатлар, меҳрубонлик уйлари, шунингдек ётоқхоналарда кенг тарқалишига сабаб бўлади.
Аломатлари. Орқа чақирув йўли ва оралиқ соҳасидаги қичима энтеробиознинг характерли аломати ҳисобланади. Кучсиз инвазияда у кечқурунлари, урғочиларининг навбатдаги генерацияси етилишига боғлиқ ҳолда, вақти-вақтида пайдо бўлади. Кучли инвазияда кечима беморни доимо, кечаю кундуз безовта қилади. Натижада уйқу бузилади, марказий нерв системаси фаолияти издан чиқади. Энтеробиозли беморларда тутқаноқсимон хуружлар бўлади, гельминтларнинг чувалчангсимон ўсимта бўшлиғига ўрмалаб киришидан аппендицит авж олади, қичима туфайли вульвит каби оғир бузилишлар рўй беради. Меҳнат қобилияти йўқолади.
Ташхиси. Энтеробиоз ташхиси анус атрофидаги тери бурмаларида ёки нажасда қилгижжалар топилиши бўйича аниқланади. Ахлатда қилгижжа тухумлари камдан-кам топилади.
Олдини олиш чоралари. Юқмаслиги учун қуйидаги чораларни кўриш керак: гигиенага қатъий амал қилиш, доим қўлни совунлаб ювиб юриш, ички кийимларни ҳар куни алмаштириш. Қуёш нуридан доим фойдаланиш, хоналарни ҳар куни шамоллатиш, қуёш нури тушишини таъминлаш керак бўлади. Острица тухумлари қуёш нури таъсирида нобуд бўлади. Ички кийим ва чойшабларни иссиқ сувда ювиш лозим.
И.ЖАЛОЛОВ, врач-паразитолог.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.