Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ГЕПАТИТ А – ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИК

болаларни ундан асранг

Халқ орасида "сариқ касал" деб юритиладиган вирусли гепатит - А касаллиги жигарни жароҳатлантириш билан кечадиган ўта юқумли хасталикдир. Хасталикни даволашдан кўра уни олдини олган маъқул, - дейишади тиббиётчилар. Чунки, кўпроқ болаларда учрайдиган ушбу касаллик даволанса-да, йиллар ўтиб асорати панд бериши мумкин. Мазкур касаллик хусусида туман ДСЭНМ бош врачи вазифасини бажарувчи Алимардон Турдиев мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

- Касаллик аксарият ҳолатларда ҳолсизланиш, иситма чиқиши, иштаҳа йўқлиги, кўнгил айниши, қайт қилиш, қоринда оғриқнинг пайдо бўлиши, кўзнинг шиллиқ қавати, бадан териси ва сийдик рангининг сарғайиши каби белгиларда намоён бўлади, - деди А.Турдиев. Айтиш жоизки, гепатит - А касаллигига чалинган болаларда узоқ вақт жисмоний ҳаракатдан чекланиш, парҳезга риоя қилиш, жигар фаолиятини қайта тиклаш учун дори воситаларини ичиш, умуман бемор тўлиқ тузалмас экан, унга алоҳида эътибор ҳамда парвариш талаб этилади. Албатта, бундан оила қанчалик моддий ва маънавий зарар кўрмасин, ота-она хаста фарзандини кўриб, ҳар сония азият чекади. Касаллик вируси одам организмига оғиз орқали, яъни қайнатилмаган сув ичиш мева-сабзавотлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнида шахсий гигиена қоидаларига риоя этмаганда ҳамда беморга ишлатилган идиш-товоқлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечак ва болалар ўйинчоғидан умумий фойдаланилганда юқиши мумкин. Шу боис ҳам болаларни ёшлигидан шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга ўргатиш, қўлларини совунлаб ювишга одатлантириш, бармоқлари, ўйинчоқлар ва бошқа турли буюмларни оғизга солиш, қўлларини сўриш, тирноқларини тишлаш каби одатлар шаклланишига йўл қўймаслик лозим. Шунингдек, сувни қайнатилган ҳолда ичиш, мева - сабзавотларни ювмасдан бурун истеъмол қилмаслик, беморларни идиш-товоқлари, болалар ўйинчоқлари ва бошқа маиший буюмларни зарарсизлантирувчи воситалар ёрдамида мунтазам равишда ювиб туриш ҳамда ҳожатхонани доимо тоза, озода сақлаш ҳам тавсия этилади.
Унутмаслик лозимки, касалликнинг вақтида аниқланмаслиги ва дори воситаларидан ноўрин фойдаланиш жигар фаолиятини бузилишлари билан кечадиган оғир асоратларга сабаб бўлади. Шунинг учун вирусли гепатит - А касаллигини даволаш фақат шифокор тавсиясига биноан шифохона шароитида ўтказилиши керак. Умумий қилиб айтганда юқумли сариқ касаллиги олдини олишда энг самарали ҳимоя воситаси бу вакцина билан эмлашдир. Эмлаш ишлари вакцина марказларида амалга оширилади ва у билан боғлиқ маълумотларни ҳудудлардаги ҚВП ва оилавий поликлиникалардан олиш мумкин.

Т.ЮСУПОВ ёзиб олди.


Последнее редактирование: 01/02/2019 14:37;   Просмотров: 1033
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку