Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЭЛ СОҒЛИҒИ – ЮРТ БОЙЛИГИ

Туманда 400 ўринли марказий шифохона ва 370 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий полик-линика ҳамда қишлоқ жойларида 22 қишлоқ врачлик пунктларининг 395 нафар шифокор ва 1811 нафар ўрта тиббий ходимлари 228 814 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 21 апрелдаги 91 сонли “Марказий туман шифохоналарининг койкалар фондининг аниқлашни норматив методига босқичма-босқич ўтиш тўғрисида”ги қарори асосида туман тиббиёт бирлашмаси 2016 йил январ ойидан 500 ўриндан 400 ўринга қисқартирилди ва 40 ўринли неврология бўлими, 40 ўринли кардиология бўлими, 45 ўринли терапия бўлими, 20 ўринли эндокринология бўлимлари ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 октярбдаги 292-сонли қарори асосида туман Саломатлик маркази, Тери-таносил ва Силга қарши кураш диспансерлари туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси таркибига ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 декабрдаги 350 сонли “Қишлоқ врачлик пунктлари патронаж тиббиёт ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида тумандаги 22 та қишлоқ врачлик пунктларида фаолият кўрсатиб келаётган 171 та патронаж тиббиёт ҳамшираларининг ишини рейтинг асосида баҳолаш учун туман тиббиёт бирлашмасида махсус мониторинг гуруҳи тузилган.

Улар томонидан ҳар чоракда ўтказилган мониторингларда аниқланган камчиликлар юзасидан маълумотлар базаси йил якунига қадар тўлдириб борилади.

Жорий йилда аниқланган камчиликлар учун 30 нафар патронаж ҳамшираларига ҳайфсан берилган. Бундан ташқари мониторинг гуруҳи томонидан ҳомиладор аёлларнинг 12 хафтадан кечиктирилиб ҳисобга олиниши, ҳомиладор аёлларга ўз вақтида самарали патронаж хизмати кўрсатилмаганлиги, янги туққан аёлларнинг чилла даврида вақтида хабар олмаганлиги учун патронаж ҳамшираларига нисбатан интизомий чоралар қўлланилган.

2016 йилда туманда 58158 нафар туғиш ёшидаги аёллар бўлиб, йил давомида 58132 нафар туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилган. Уларнинг 22385 нафарида турли хил экстрагенитал касалликлар борлиги аниқланган. Шулардан 20383 нафари соғломлаштирилган бўлиб, 14488 нафари амбулатория ва 5895 нафари стационар шароитда даволанган. 2002 нафарига эса соғломлаштириш чоралари давом эттирилмоқда.

Туманда кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар болалари ҳамда ногирон болаларга имкониятлардан фойдаланган ҳолда бепул тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Масалан, 11 нафар “Қандли диабет” касаллиги билан диспансер назоратда турадиган турғун ва ногиронлик нафақаси олаётган ногиронларга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бепул “Инсулин” препарати ва шприцлар берилмоқда.

2016 йил июн ойида Республика ихтисослаштирилган эндокринология, кўз касалликлари марказларидан малакали мутахассислар туманга ташриф буюриб, 35 ёшдан юқори хавфли кирувчи контингентларни тиббий кўрикдан ўтказишда амалий услубий ёрдам кўрсатдилар.

6 ёшдан 12 ёшгача болалар ўртасида йод танқислиги касалликларини олдини олиш мақсадида 22449 нафар болага “Йодамарин” таблеткалари тарқатилди.

Шунингдек, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларга эса май ойида 20555 нафари ва октябр ойида 20000 нафарига “Витамин А” капсулалари тарқатилди.

Лекин, шу билан бирга бугунги кунда туман юқумли касалликлар шифохонасида 43 нафар беморлар «Гепатит-А» ташхиси билан даволанмоқда. Бу салбий кўрсатгич албатта. Амалдаги тартиб асосида, туман Давлат санитария эпидемиология назорати маркази (Я. Нармурадова) ҳар ойда туман ҳокимлигига туманда эпидемиологик вазият бўйича ахборот киритиб бориши лозим бўлсада, негадир бу ишлар бажарилмаяпти. Чунки ҳар бир фаслда кўпаядиган касалликлар турлари мавжуд . Масалан, ёзда ўткир ичак касалликлари бўлса, қишда гепатит, грипп, ботулизм, қутуриш ва ҳоказо. Туман ҳокимлиги ҳузурида мавжуд эпидемияга қарши кураш комиссиясига аҳоли айниқса болалар ва ўсмирлар ўртасида гепатит касаллигини камайтириш борасида туман СЭСи томонидан бирор бир таклиф ёки масала киритилмаган. Оқибатда туман ташкилотлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасаларига касалликларга қарши кураш борасида йўналишлар белгилаб берилмаган.

Туман ҳокимининг топшириғига мувофиқ айрим қишлоқ врачлик пунктлари томонидан аҳоли, айниқса кекса авлод вакилларига, тўшакда ётиб қолган беморларга кўрсатилаётган хизматлар ўрганиб чиқилганда ҳам кўплаб камчилиларга дуч келинди. Жумладан, Бадал маҳалласида яшовчи 1924 йилда туғилган Эламов Тўхтахон бир неча йилдан буён қўлтиқтаёқ ёрдамида зўрға ўзганинг ёрдамида ҳаракат қилади, бироқ ҳозирги вақтда тўшакда ётиб қолгани боис, тиббиёт ходимлари, тиббий-ижтимоий хизмат, пенсия жамғармаси, почта ходимлари унинг ҳолидан хабар олинмаганлиги, 1942 йилда туғилган Рахмонов Самад узоқ йиллар давомида собиқ жамоа хўжалигида оддий колхозчи бўлиб меҳнат қилгани бугунги кунда қандли диабет касаллиги, кўзи кўрмаслиги сабабли ўзгалар парваришига муҳтожлиги, дори-дармонга ва ногиронлик аравачасига эҳтиёжи борлигини айтди.

Чумчуқли маҳалласида яшовчи 1929 йилда туғилган Ҳожибобо Жўраевнинг уйларига ташриф буюрганимизда ўзгалар парваришига муҳтожлиги, декабр ойининг бошидан буён ўнг билаги суяги синганлигига қарамасдан, тиббиёт ходимлари томонидан тиббий назоратга олинмаганлиги, тегишли муолажалар ўтказилмаганлиги аниқланди.

«Ўзбекистон» қишлоқ врачлик пункти (мудири Сатторова, 8 та врач ва 24 та ҳамшира штат бирлиги мавжуд) кўздан кечирилганда бино иситилмаганлиги боис жуда совуқ, ходимлар битта хонада исинишлари, электр энергияси мавжуд эмаслиги сабабли физиотерапия хонаси берк экани, касалларни қайд этиш журнали ҳамширанинг уйида эканлиги, катта ҳамшира ва муолажа хонаси ҳамшираси иш жойида йўқлиги, ҚВП да бирор нафар тиббий хизматга мурожаат этаётган бемор ёки фуқаро учрамаганлиги аниқланди. ҚВП қозонхонасида мослаштирилган қозон ишлатилмаётгани, ажратилган кўмир заҳираси ҚВП ходимининг уйида сақланаётганлиги маълум бўлди.

Худдий шундай «Заҳлик» қишлоқ врачлик пункти (мудири Тўробов Иззат) соат 16:00 да ўрганилганда навбатчи шифокор Ҳалимова Феруза ўз жойида йўқ эди. Ҳудуд табиий газ билан (паст бўлсада) таъминланганлигига қарамасдан, қозонхона ишлатилмаяпти, хоналар жуда совуқ, у ерда беморларни қабул қилиш имконияти йўқ. Сув жумраклари яроқсиз ҳолда. 19 декабр кун бўйи атиги икки нафар фуқарога муолажа ўтказилган бўлсада, дафтарда қайд этилмаган, журналлар тушунарсиз тўлдирилмоқда. ҚВПнинг теварак атрофи ўралмаса маҳаллий аҳоли томонидан ўзлаштириб олиш эҳтимоли йўқ эмас. ҚВПнинг иккита филиали мавжуд, бу эса ходимларнинг бошқарувини қийинлаштирмоқда. Шу боис, аҳоли орасида тиббиёт ходимларининг хонадонма-хонадон юришлари масаласида ҳақли эътирозлар пайдо бўлмоқда. Қуйи Қайнама маҳалласида яшовчи фуқаро Исоқова Муқаддаснинг Бош вазир виртуал қабулхонасига қилган мурожаати бунга яққол мисолдир.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, халқ соғлиги - юрт бойлиги деган нақлга риоя этиб, барчамиз аҳоли соғлигига бефарқ бўлмаслигимиз лозим. Айниқса кекса авлод, пиру-бадавлат отахон ва онахонлар умрларини узайтиришга барчамиз ҳисса қўшишимиз керак.

С. МАРДОНОВ,

туман ҳокимлиги бош мутахассиси


Дата добавления: 06/01/2017 15:01;   Просмотров: 1714
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку