Беморга қон қуйишда ва даволашда унинг таркиби аниқ бўлиши лозим. Бунинг учун донорлик муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, аҳоли орасида туғруқ ёшдаги аёллар саломатлигини тиклаш ва уларга қон қуйиш лозим бўлади.
Ҳозирги экологик вазиятнинг мураккаблиги сабабли аксарият туғруқ ёшидаги аёлларда «камқонлик» касаллиги тез-тез учрайди, бу эса касалланган ҳомиладор аёлдан - соғлом фарзанд дунёга келишига монелик қилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қарорига биноан бутун дунёда «14 июнь - Халқаро донорлар куни» деб эълон қилинган. Бу йил эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро Қизил Ярим ой ва Қизил ХОЧ федерацияси таклифига мувофиқ, барча давлатларда бу кунни нишонлашга белгиланган тадбирлар «Сиз нима билан ёрдам бера оласиз?» шиорига қўшимча «Қон топширинг, уни ҳозир топширинг, уни тез-тез топширинг»- чақириқлари остида ўтказилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан Республикамизда ҳам бутун жаҳон донорлар куни ўтказилади.
Туман тиббиёт бирлашмасида ҳам қон қуйиш бўлими фаолият юритади. Бўлим ходимлари касалхонага тушган ва қонга муҳтож бўлган беморларга хавфсиз қонни етказиб берадилар. Бунинг учун эса қоннинг захираси етарли бўлиши керак. Донорлардан олинаётган қон ҳар хил таҳлиллардан ўтказилгандан кейингина беморларга қуйишга рухсат берилади, чунки беморларга таҳлилдан ўтказилмаган қонни қуйиш асло мумкин эмас. Агар уларга бундай қон қуюлса, ҳар хил юқумли касалликлар – ОИТС, захм, гепатит В, С, бруцеллёз каби касалликларни юқтириши мумкин. Туманимиз фуқаролари хусусан 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган мард, бағрикенг барча инсонларни шахсини тасдиқловчи ҳужжат - паспортлари билан келиб беғараз қон топшириб, донорлар сафига қўшилишга ва қоннинг захирасини тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшишга чақирамиз.
Мустаҳкам БЕРДИЕВА, туман тиббиёт бирлашмаси қон қуйиш бўлими шифокори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.