Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ДАРДИНГИЗГА ДАРМОН ШИФОКОРЛАР

Иссиқ жон иситмасиз бўлмас деганларидек ҳар замонда саломатлигимиздан шикоят қиламиз. Уй-рўзғор, оила ташвишлари билан бўлиб бемалол ўзимизга қарашга вақт тополмаймиз. Оғриқ зўрайиб, токи ётиб қолмасак даволанишни ўйламаймиз. Бир, икки кун касалхонада ётсак ҳаёт тўхтаб қоладигандек. Ахир умр йулдошимиз учун, фарзандларимиз, қолаверса ўзимиз учун ҳам саломатлигимиз зарур. Оилада тарози тошини тўғрилайдиган, хонадонга файз киритадиган биз аёллар эмасми. Шундай экан доимо соғ-саломат бўлиб ҳаёт деган бебаҳо бойликдан баҳра олиб яшайлик. Бизнинг борлигимиздан фарзандларимиз масрур бўлиб юришсин.

Байрам арафасида опам даволанаётган Самарқанд вилоят саломатликни тиклаш шифохонасига келдим. Икков анча гурунглашдик. Гап орасида опам ўзини даволаётган шифокорлари ҳақида тўлқинланиб гапирди. Беихтиёр шифокор Фаррух Обидовнинг ҳаёт йўллари билан яқиндан танишишни мақсад қилдим. Оддий оилада тарбия топган Фаррух 2001 Равонак қишлоғидаги ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатиб, 2002 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтига ўқишга қабул қилинади. Фидоий, жонкуяр, халқ дарди билан яшай оладиган инсонгина ўта мураккаб бўлган шифокорлик касбига лойиқдир.
Ҳа, Фаррух «асаблар тинч бўлса-кўнгил хотиржам» деб невролог йўналишини танлади. 2009-2011 йилида Самарқанд давлат тиббиёт институтида неврология йўналиши бўйича ординатурани ўтади. Илк меҳнат фаолиятини 2011 йилда Самарқанд шаҳар консултатив диагностик поликлиникасида бошлаб, устозлари Шуҳрат Ниёзов, Рустам Самебоевларнинг маслаҳат ва тавсияларига, билим ва тажрибаларига таяниб иш олиб борди.
2013-2016 йилларда Самарқанд шаҳар 4-сон поликлиникасида врач- невролог бўлиб ишлади. 2016 йилдан буён эса Самарқанд вилоят Саломатликни тиклаш шифохонасида бош врач ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда. Оилали, 3 нафар фарзанди бор. Умр йўлдоши Флора Ҳайдарова туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлимида навбатчи врач вазифасида фаолият юритади. Шифокорлар оиласи бўлганликлари учун улар бир-бирларини яхши тушунишади. Оилада ҳам аҳиллик, садоқат ҳукмрон. Шифохонада яқиндагина иш бошлаганига қарамай ўз меҳнати ва изланишлари сабаб жамоада яхшигина обрў-эътибор орттирган Фаррух шифокор деган улуғ номни оқлаш учун бор салоҳияти ва кучини ишга солмоқда. Меҳнатлари самараси ўлароқ, кўплаб беморлар соғайиб оиласи бағрига, иш жойларига қайтмоқда.
- Беморнинг аввал кўнглини хотиржам қилиш, ҳаётга бўлган қизиқишини ошириш, сўнгра дардига малҳам топиш керак, - дейди Фаррух. -
Ҳа, киши дардга чалинса кўзига дунё қоронғи кўринади. Аввало уни қоронғуликдан қутқариш керак. Бунинг учун шифокорда маҳорат, тажриба бўлиши зарур. Касалхонада бўлганимда бу инсон ҳақида беморлардан миннатдорчилик сўзларини кўп эшитдим. Доимо ширин муомаласи, зукколиги, теран фикрлари ҳамда шукур қилиши билан эл дардига малҳам бўлиб кўпчиликнинг дуосига сазовор бўлмоқда.

Ҳидоят УМУРҚУЛОВА


Дата добавления: 14/09/2018 15:29;   Просмотров: 1263
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку