Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЧЎМИЛИШ ФУҚАРОЛАРДАН ҲУШЁРЛИК ВА ОГОҲЛИКНИ ТАЛАБ ЭТАДИ!

Ёз мавсумида фуқароларнинг чўмилишларида санитария-гигиена қоидаларига риоя этишлари, турли юқумли касалликлар ва бахтсиз ҳодисалардан асранишда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишликлари мақсадга мувофиқ бўлади.

- Туман Давлат санитария-эпидемиология назорати хизмати профилактик муассаса бўлиб, бизнинг асосий вазифаларимиздан бири бу инсон саломатлигига хавф туғдирувчи омилларни ўрганиш ва уларнинг зарарли таъсирини олдини олишдир, - дейди туман ДСЭНМ санитария врачи А.Жўраев.
- Ёзги мавсумда аҳолининг чўмилиш ҳавзаларида муассасамиз ходимлари томонидан бир қанча тадбирлар ўтказилади. Жумладан уларнинг асосий иш режаларига биноан туман ҳудудидаги барча очиқ ҳавзалардан (Оҳаликсой, Миронқулсой, Дарғом канали, Шавдор канали, Грибной канали) мунтазам равишда сув намуналари олиниб, унинг хавфсизлик кўрсаткичлари текшириб турилади.
Хавфсизлик кўрсаткичлари деганда сувнинг кимёвий таркиби, сув таркибидаги ичак таёқчалари ва патоген (касаллик келтирувчи) микроорганизмлар сони назарда тутилади. Ушбу кўрсаткичлар таҳлиллари асосида очиқ сув ҳавзасидан фойдаланиш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги тўғрисида гигиеник хулоса берилади.
Белгиланмаган ва текширилмаган (кўпинча нотаниш жойларда саёҳатда юрган) жойларда чўмилган фуқаролар "Қорин тифи", "Салманеллёз", "Вирусли гепатит"нинг А,Е турлари ва, ҳатто ўта хавфли касаллик - "Вабо" касаллигини ҳам юқтириб олиш эҳтимолидан холи эмаслар.
Туман ҳудудида тадбиркорлар томонидан дам олиш масканлари сифатида чўмилиш учун мўлжалланган бассейнлар ("Вавилон" чўмилиш ҳавзаси каби жойлар) фаолият кўрсатмоқда. Ушбу бассейнлардан шартнома асосида мунтазам равишда кимёвий ва бактериологик таҳлиллар учун намуналар олинмоқда ва ушбу таҳлиллар натижалари ўрганилиб, улар асосида сувнинг ифлосланиш даражаси аниқланади. Бассейн сувининг ифлосланиш даражаси рухсат этилган миқдорнинг юқори нуқтасига етиб келиши билан чўмилиш ҳавзаси раҳбариятига сувни алмаштириш тўғрисида тавсия берилади. Бундай сув ҳавзалари рухсат этилган сув ҳавзаларига киради. Уларнинг қулайлиги ҳавзанинг суви хавфсизлигидадир. Бундан ташқари, айрим рухсат этилган бассейнларда қутқарувчилар бригадаси ҳам фаолият кўрсатади.
Бошқа очиқ сув ҳавзаларида (ариқ-зовурлар, канал ва дарёларда) ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, уларнинг сувидаги кимёвий ва бактериологик кўрсаткичлари рухсат этилган меъёрдан бирмунча баланд. Бу эса ўз навбатида шу сув ҳавзасида чўмилаётган одамларнинг соғлиги учун хавф туғдириши мумкин. Бундай ҳавзалар рухсат этилмаган ҳавзалар бўлиб, мазкур ҳолларда ушбу сув ҳавзаларини тааллуқлигига қараб тегишли ташкилотларга (Зарафшон сув ҳавзалари бошқармаси, Магистрал каналлари назорати бошқармаси ва ҳ.к) маълумот хатлари юборилиб, улар томонидан аҳоли чўмиладиган жойларга "Чўмилиш қатъий тақиқланади!", "Чўмилиш-хавфли!" дейилган белгилар ўрнатиш тўғрисида кўрсатмалар берилади.
Шунинг учун ҳурматли фуқароларимизга ёзги мавсум давомида чўмилиш оқибатида ҳар хил юқумли касалликларни орттирмасликлари учун фақат рухсат этилган сув ҳавзаларида чўмилишни тавсия этамиз. Белгиланган жойларда чўмилиш фуқароларни нафақат юқумли касалликлардан ҳимояланишни, балки сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалардан ҳам асрайди.

Т.ЮСУПОВ ёзиб олди.


Последнее редактирование: 26/07/2019 16:04;   Просмотров: 1320
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку