Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЧЕКИШ УМРИНГИЗНИ ҚИСҚАРТИРАДИ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, айни пайтда дунёда 1,5 миллиард киши сигарет чекади. Бу кўрсаткичнинг йилдан-йилга ўсиб бораётгани жаҳонда ўта хавотирли вазиятни юзага келтирмоқда. Аҳвол шу даражага етдики, бутун инсониятга мазкур иллат келтираётган иқтисодий ҳамда маънавий зарарнинг оқибатлари ва кўламини ҳисоблашнинг имкони йўқ.

Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар бошчилигида унга қарши кураш олиб борилса-да, кашандаликни батамом бартараф этишнинг имкони бўлмаяпти. 1988 йилдан бошлаб ҳар йили 31 май - Халқаро кашандаликка қарши кураш куни сифатида кенг нишонлаб келинади. Шу куни бутун дунёда чекишнинг салбий оқибатларини кўрсатиш, башариятни бу иллатдан воз кечишга чақириш, кашандалик билан боғлиқ хасталикларни камайтиришга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади.
Яқинда ушбу сана муносабати билан "Пойтахт" бизнес марказида мамлакатимизда тамакига қарши курашиш борасида "Йўл харитаси" ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг юртимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ҳамда тиббиёт ходимлари қатнашди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар мамлакатимизда халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, айниқса, навқирон авлод вакилларининг ушбу иллатга ружу қўйишининг олдини олиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кенгайтириш борасида сўз юритдилар.
Тадбирда соҳа ходимлари иштирокчиларга тамаки истеъмол қилиш инсон саломатлигига қанчалик хавф солиши ҳақида аниқ мисоллар ва ҳаётий воқеалар асосида маълумот бердилар. Хусусан, унинг тутуни таркибида 4000 дан зиёд заҳарли моддалар мавжуд. Кашандалик туфайли ҳар йили жаҳонда деярли 7 миллион киши ҳаётдан бевақт кўз юммоқда. Улардан 900 мингдан ортиғини чекмайдиган, лекин тамаки тутуни таъсири остида заҳарланганлар ташкил этади.
Сўнгги тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда юртимизда 2,8 миллион нафардан ортиқ доимий чекувчилар бўлиб, уларнинг ярмидан кўпининг ҳаёти хавф остида қолмоқда.
Давра суҳбатида барчани огоҳликка чақирадиган шу каби хавотирли далил ва кўрсаткичлар иштирокчиларга ҳавола қилинди. Бу борада ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг сўзсиз бажарилиши лозимлиги алоҳида қайд этилди. Бунга кенг жамоатчиликни ҳам жалб қилиш борасида журналистлар билан келишиб олинди.

Р.АСТАЕВ,
вилоят наркология диспансери врачлари 5-даволаш бўлими мудири
Ш. ҚОСИМОВ,
олий тоифали врач-нарколог


Дата добавления: 05/06/2020 12:17;   Просмотров: 743
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку