Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БУЮК ҚАЛБ ЭГАСИ

"Ҳаётдаги мақсад - инсон қадр - қиммати ва бахтнинг асосидир"
К.Д.Ушинский, рус педагоги

Аъзамжон ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларда шифокорлик касбига меҳр қўйган эди. Чунки волидайи мукаррамаси бемор бўлганида ҳакимларнинг мўъжизалари туфайли соғайиб, оила аъзоларига қувонч бағишларди. Шунинг учун бўлса керак, у етуклик гувоҳномасини қўлга олгач, ҳужжатларини Самарқанд Давлат тиббиёт институтига топширди. Қабул имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талаба деган номга сазовор бўлди. Ҳар қандай чуқур билим фақат мустақил ўқиш йўли билангина орттирилишини тушунган Аъзамжон ўз устида ишлашдан тўхтамади. "Қанчалик кўп билсанг, шу қадар кучли бўласан" шиори остида китобларни варақлаш билан кечаларни ўтказди. "Истеъдод ҳам худди мушаклар сингари машқ туфайли ўсади, - деб насиҳат берарди устози, профессор Масъуд Аҳтамов, - тажриба машаққатли мактаб, бироқ у нимадир ўрганишнинг ягона мактаби ҳамдир".
У устозлари ўгитларига амал қилган ҳолда пухта билим олди.
1982 йили олийгоҳ дипломи ва йўлланмаси билан туман бирлашган шифохонасига ишга келди. Собиқ бош ҳаким Мирҳоди Аюбов (жойи жаннатда бўлсин!) янги, ёш мутахассис ҳужжатлари билан яқиндан танишиб, анча суҳбатлашди.
- Деҳқон фарзанди меҳнаткаш, фидойи, камтарин бўлади, - хулоса қилди Мирҳоди Ёқубович, - лекин ҳар қандай ишни яхши адо этмоқ учун уни севиш лозим. Ҳеч қачон қийинчиликсиз иш бўлмайди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий шундай ёзган экан:
Ишда ошиққан кўп тойилур,
Кўп тойилғон кўп йиқилур.
Мен сизни масъулияти катта, меҳнати оғир, ташвиши кўп реанимация бўлимга ишга қўяман. Бу ерда таниқли шифокор Толибжон Аҳтамовдан тажриба ва касб сир-асрорларини ўрганасиз.
Вақт кўрсатади - сиз нимага қодир.
Ёш мутахассис биринчи кундан ишга берилди. Бош ҳаким таъкидлаганидек, бўлим том маънода "жонлантириш" макони экан. Энг оғир беморларни шу жойга олиб келиб ажал исканжасидан қутқаришарди. Бўлим мудири Толиб Аҳтамов янги шогирди лаёқатли, журъатли ва келажакда ўз ўрнини топишига ишонди. Шунинг учун Аъзамжон навбатчи бўлган кунлари барча турдаги кўрсаткичлар таҳсинга лойиқ бўларди.
"Интилганга - толе ёр" деганларидек, Толиб ака бошқа ишга ўтиши муносабати билан Аъзамжон Муртазоевич бўлим мудири этиб тайинланди.
Мана, 30 йилдан буён у энг оғир бўлимда садоқат ва фидокорлик билан меҳнат қилмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, унинг ташаббуси ва тиниб-тинчимаслиги туфайли бўлимда кенг кўламда таъмирлаш ишлари олиб борилиб, энг замонавий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилди.
- Бизнинг бўлимда - дейди Аъзам Муртазоевич, - 16 нафар врач ва 80 нафар тиббий ҳамширалар фаолият юритади. Барча турдаги дору-дармонлар бепул. Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар натижасида беморларга ўз вақтида зарур ва намунали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Аммо унутмаслик керакки, минг хил касаллик бор, лекин соғлиқ неъмати биттагина. Ҳаёт ҳар бир кишига улкан ва бебаҳо туҳфа инъом этади - бу саломатлик. Саломатлигини эҳтиёт қилиб юрган одам эса, ўзига нима фойдалигини ҳар қандай шифокордан кўра яхшироқ билади. Афсуски, баъзи шахслар спиртли ичкиликка, тамаки ва бошқа умрни қисқартирувчи салбий одатларга берилиб, касалликларга чалиниб, табобатхоналарни "ижарага" олишади. Ва биз, шифокорлар ўлдирувчи дард олдида ожизмиз. Фойдаси йўқ ҳар қандай вақтинчалик лаззатдан нарироқ юриш керак. Яна бир гап, бебаҳо умрни хазон қилувчи таъсирлар орасида руҳий тушкунлик, ҳасад, зерикиш, қайғу-ғам, етакчи ўринни эгаллайди. Жисмоний жиҳатдан соғлом бўлишнинг энг муҳим шарти руҳий тетиклик ва жисмоний меҳнат, спорт, парҳез вамеъёрни сақлашдир.
Олий тоифадаги шифокор Аъзамжон Муҳаммадиевнинг бутун мўъжизаси, унинг беморга нисбатан диққат-эътиборининг кучлилиги, ширинсуханлик ва очиқ чеҳрасидир. Агар бўлимдаги "таклифлар ва мулоҳазалар" дафтаридаги қалб миннатдорчиликларини тўпласа, жилд-жилд китоб бўлиши шубҳасиздир.
Лавҳамиз қаҳрамони Аъзамжон Муртазоевич фақатгина тажрибали шифокор эмас, шунингдек икки нафар фарзанд отаси ва ширин - шакар набираларнинг бобоси ҳам.. Умр йўлдоши Шоиста Қосимова ва қизи Замирабонулар ҳам тиббиёт ходимларидир. Ягона ўғли Темуршоҳ Самарқанд Давлат университетининг талабаси.
- Мен Аъзамжон билан кўп йиллик қадрдон дўстмиз, - мақола ёзишимиздан хабардор бўлиб қалб сўзларини изҳор этди Оҳалик қишлоқ фахрийларидан бири Абдуҳафиз Ҳалимов, - бизнингча, айрим шифокорлар касбга садоқатни ундан ўрганса арзийди. Ахир шундай ҳоллар бўлганки, шундан сўнг оила даврасида ё маъракада ўтириши пайтида ундан мадад сўраб келганларга баҳона рўкач қилган инсон эмас. Кеч соат бир ё бомдод вақтида ҳам шифохонага келганига гувоҳ бўлганлар жуда кўп. Улуғ рус ёзувчиси Чехов "Шифокорлик касби - жасорат, бу касб фидойиликни, қалб ва фикр софлигини талаб қилади" деб бежизга ёзмаган экан. Ана шундай хислатлар бизнинг ҳаким Аъзамжон Муртазоевичга мужассамдир.
Якшанба, 16 декабрь куни унинг туғилган куни. Бизнинг табибу ҳабибимизнинг 60 йиллик тўйи муносабати билан, шубҳасиз ҳамкасблари, шогирдлари, ёру биродарлари, ошна-оғайнилари табриклашади. Биз уларга қўшиламиз ва шоир тили билан айтамиз:
Яхши борки, яхшиликлар қолади,
Ёмонликнинг эгри йўлин олади.

Фурқат ВАЛИЕВ,
туман тиббиёт
бирлашмаси бош ҳакими,
Зоҳир ҲАСАНЗОДА, Ўзбекистон
журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси, Шўрбойи қишлоғи


Последнее редактирование: 14/12/2018 16:14;   Просмотров: 1031
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку