Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БУЮК ҲАКИМЛАР ВОРИСИ

Самарқандда табиби ҳозиқ сифатида танилган шифокор,“Луқмони ҳаким” тиббиёт марказининг асосчиси ва раҳбари Муродқул Истамқулов 1947 йили Сулфакабутак маҳалласида дунёга келди. У дастлаб тумандаги 17 ва 16-мактабларда таълим олиб, 1964 йили Самарқанд тиббиёт билим юртини муваффақиятли битириб чиқди.

Институтни тамомлаб, дўхтир сифатида мустақил ишлай бошлаганидан кейин унинг, умуман инсон саломатлигига ва организмига бўлган қизиқиши янада қучайди, кенгайди ва илмий-амалий тус ола бошлади. У Москва, Киев, Ленинград, Душанбе, Минск, Новосибирск шаҳарларига бориб, у ерларда тажриба алмашув ва назарий-амалий жараёнларни ўз кўзи билан кўриб, ўрганиб қайтди. 1975-1979 йилларда Душанбедаги III клиник касалхонада қон касаллиги бўйича катта мутахассис бўлиб ишлади, 1979-1982 йиллар давомида жаҳонда танилган гастроэнтролог олим, академик Абдулҳамид Мансуров раҳбарлик қилаётган Душанбе ошқозон-ичак касалликлари институтида сиртдан аспирант бўлиб таҳсил олди. У профессорлар Амриддин Жалолов ва Ирина Жаъфаровна Мансурова раҳбарлигида “Спиртли ичимликнинг жигар ва овқат ҳазм қилиш органларига таъсири” мавзуида номзодлик диссертациясини ёзиб,
уни 1987 йили Самарқанд тиббиёт институти Илмий кенгашида ҳимоя қилди.

Муродқул Истамқулов 1985 йили Самарқандга қайтиб, профессор Амриддин Жалолов кафедрасида ўқитувчилик қила бошлади ва ўз устида ишлашни яна давом эттириб, муолажа ва даволаш ишларини илмий тадқиқотлар билан биргаликда олиб борди ва нуфузли илмий журналлар ҳамда тўпламларда қатор илмий мақолалар нашр эттирди.

У Ибн Сино ва бошқа қадимий ҳакимларнинг тиббиётга тегишли китобларини ўқиб ўрганди, халқ табобатига қўлланиладиган турли-туман гиёҳ ва ўсимликлар, мева ва сабзавот, жонворларнинг шифобахш хусусиятлари тўғрисида бой маълумотларга эга бўлди.

– Бизни ўраб олган табиат, тоғу тошлар, боғу хиёбонларда шундай гиёҳлар мўлки, уларнинг қайси бири нимага даво эканлигини кўпинча билмаймиз, – дейди Муродқул ака – Лекин билишимиз шарт. Шунда оёқларимиз билан ердаги гиёҳларни босиб ўтмаймиз. Айрим касалликларни икки-уч кунда оддий ўтлар, мағиз ва ўсимлик ёғи билан даволаса бўлади.

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Томас Хатсон 2002 йилнинг бошида Муродқул ака хонадонида бўлиб, унинг муолажа усулларини кўриб, уни қадимий шарқ тиббиётининг изчил давомчиси сифатида эътироф этди.

Кўп ўтмай Муродқулни Америкага беморларни даволаш учун таклиф қилишди. У бу афсонавий ва кўп соҳаларда, жумладан замонавий тиббиётда, дунёда танилган улкан мамлакатга ташриф буюриб, ўзининг табиблик билим и ва маҳоратини кўрсатди. Шу билан бирга, у бу ердаги тиббиёт марказлари фаолияти билан қизиқди. Ватанга қайтгач, Самарқандда ўзининг тиббиёт марказини очишга жазм қилди.

Самарқанд туманидаги “Ёшлик” маҳалласида қаровсиз ётган эски бинони аукцион йўли билан сотиб олиб, қадрдон дўстлари ёрдамида сўлим жойга айлантирди ва унга “Луқмони ҳаким шифо маркази” номини берди.

– Одамларни даволаганим сари, ётиб қолган беморларнинг кўзида ҳаётга, яшашга ва меҳнатга қувонч алангаси порлаган сари мен ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Уларга қарата: “Қачон, қай маҳал сизга керак бўлсам, эшигим очиқ, марҳамат, манзилим аниқ” дегим келади... – дейди Муродқул ака.

Муродқулдан даво истаб келаётган беморларнинг навбати узилмайди: асосан, ошқозон, ичак, жигар касалликлари, тери касаллиги, буйрак, ўт халтаси касаллиги, асаб касалликлари, болаларнинг пешоб тута олмаслиги; йўғон ичак яллиғланиши, қулоқ оқиши, бурун шамоллаши, аёлларнинг бачадон яллиғланишлари; ўпка касалликлари, юрак хасталиклари, туз йиғилиши, қанд касаллиги, ўн икки бармоқ ичак яраси, аёлларнинг юзларидаги доғлар, инсультдан кейинги аҳволни тузатиш ва ҳоказолар. Муродқулнинг қўлидан даво топувчилар сони тобора кўпая бошлади...

Муродқулака 1980 йили Жамила Шамсиддинова билан турмуш қуриб тўрт нафар фарзанднинг отаси бўлди. Ота-она фарзандларни вояга етказиб яхши тарбиладилар. Уларнинг барчаси олий маълумотли. Тўнғич қизлари – Гулрухсор ўқитувчи, Моҳигул – Самарқанд Давлат университетида билогия фани ўқитувчиси, биохимия бўйича илмий изланишлар олиб бормоқда. Мирзожон – муҳандис ва тадбиркор, Зафар – шифокор, отасининг издоши. У ҳозир Санкт-Петербург шаҳридаги тиббиёт масканларидан бирида кардиология соҳасида докторантурада таҳсил олмоқда. Унинг орзуси афсонавий Луқмони ҳаким ва жаҳон тиббиёти илмининг асосчиси Абу Али ибн Синоларнинг ҳақиқий вориси бўлишдир.

Ҳозирги кунларда табиби ҳозиқ Муродқул Истамқулов ҳам халқ соғлиги йўлида камарбаста бўлган, Гиппократга қасамёд қилган кўпгина шифокорлар қатори Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Республикада соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш борасидаги қарор ва кўрсатмаларини ўз шифокорлик фаолиятининг дастури сифатида қабул қилиб ишламоқда.

Замонавий илмий тиббиёт ва халқ табобатининг билимдони, заҳматкаш инсон, меҳнатсевар ва оилапарар, дўстликнинг қадрига етадиган, ажойиб хушчақчақ инсон Муродқул ака Истамқуловни қутлуғ 70 ёши билан барча дўстлари ва ундан шифо топган минглаб кишилар номидан чин қалбдан муборакбод этиб, унга узоқ умр, соғлиқ, оилавий бахт-саодат тилаб қоламиз.

Аслиддин ҚАМАРЗОДА, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Нормурод КАРИМЗОДА, журналист


Последнее редактирование: 31/03/2017 06:20;   Просмотров: 1541
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку