Ботулизм касаллиги ўткир заҳарланиш оқибатида келиб чиқадиган касаллик бўлиб, у асосан беморнинг марказий асаб системасига таъсир қиладиган оғир хасталик ҳисобланади.
Уй шароитида тайёрланган помидор, бодринг, патисон маринадлари, бақлажон икраси ва бошқа консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида юзага келади. Ҳолсизланиш, кўнгил айниши, қайт қилиш, оғизнинг қуриши, кўришнинг хираланиши, буюмларнинг иккита бўлиб кўриниши, кўз-қовоқнинг осилиши (птоз), овознинг бўғилиши, ютишнинг қийинлашуви кўринишида намоён бўлади.
Ботулизм хасталигига чалинмаслик учун ҳар бир инсон қуйидагиларга амал қилиши зарур:
- уй шароитида помидор, бодринг, патисон маринадлари, бақлажон икраси ва бошқа консерва маҳсулотларини тайёрламаслик, кўча-кўйларда сотилаётган ҳамда сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини харид қилмаслик;
-ҳар қандай консерва маҳсулотларининг сифати кафолатланган, гигиеник сертификати мавжуд бўлган ҳолларда фақат савдо дўконларидан харид қилиш.
Ушбу маҳсулотларни очишдан олдин унинг қопқоғи кўтарилмаганлигига, суюқлигининг тиниқлигига ва маҳсулотнинг эзилмаганлигига эътибор бериш лозим.
Мабодо юқорида кўрсатилган касаллик белгилари кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг. Беморни уй шароитида ўзи билганча даволаш оғир асоратларга, ҳаттоки ўлимга олиб келиши мумкинлигини ҳар доим эсда сақланг!
Д.НОРМУРОДОВА,
туман Давлат санитария назорати бош врачи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.