Айнан шу масалада соҳа мутахассислари томонидан уй ҳайвонлари ҳамда хўжалик чорва-моллари ўртасида учрайдиган касалликлар тарқалишининг олдини олиш борасида аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти. Аммо кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан фуқароларда ветеринария-санитария қоидаларини бузиш ёки амал қилмаслик ҳолатлари давом этмоқда.
Мисол учун уй ҳайвонларидан бири (ит, мушук...) бехосдан эгасини тишлаб ёки тирнаб олса, ушбу ҳолатда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш ўрнига айримлар ўзларича муолажа қилиш билан кифояланиб, ўз саломатликларига бефарқ муносабатда бўлишади.
Ёхуд, фалон дўконда килоси 30 мингдан мол гўшти сотиляпти дейлик ва у яна бошқа жойлардагидан ярим баравар арзон нархда. Нега арзон? Афсуски, кўпчилик арзон бўлгани учун айнан ўша дўкондан гўшт сотиб олади. Бироқ, харидорлардан атиги икки-уч кишигина юқоридаги саволни беради, холос.
Худди шундай ҳолатларни қуйидаги мумкин бўлган вазият орқали ҳам изоҳлаш мумкин. Уйдаги чорва молларидан бири касал бўлиб қолгани учун баъзи бир одамлар молининг ҳаром ўлиб қолиши мумкинлигидан чўчиб, дарров қассоб чақиради ва молини сўйиб, гўштга топшириб юбориш пайига тушади.
Арзонроқ нархда кетса ҳамки, бир-икки сўмнинг чўнтакка тушгани фойда. Таниш-билишчилик йўли орқали молининг касаллиги ҳақидаги гапни айтиб ёки яшириб ўз фойдасини кўзлаётганлар орасида ўзики ўзи, ҳатто қассобларни ҳам ўзига шерик қилиб, уни ДСЭНМ назоратидан ўтказилмаган гўштни халққа сотишга амаллаб кўндиради.
Уларнинг мана шундай эътиборсизлиги, лоқайдлиги сабаб бўлиб, турли хил касалликларга чалинаётган, ундан азият чекаётган инсонлар додини кимга айтсин?
Аслида ҳам ким жавобгар? Гўштни сотиб олаётганида сотувчидан ДСЭНМ рухсатномасини сўрамаган харидор айбдорми ёки касал молни сўйиб, унинг гўштини сотган қассобми?
Хўш, айтингчи, юқоридаги барча ҳолатлар фуқароларимизнинг ветеринария-санитария маданиятидан етарлича хабардор эмаслигидан далолат бермайдими?
Сиз нима дейсиз?
Ф.МАҲМУДОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.