Қандли диабет моддалар алмашинуви касаллиги бўлиб, келиб чиқиш сабаблари, ривожланиш йўллари ва клиник аломатларига кўра турлича бўлган касалликлар гуруҳи унинг таркибига бирлашгандир.
Бу касалликларнинг барчаси учун хос жиҳат - қон таркибидаги шакар (глюкоза)нинг сурункали ортишидир. Қонга шакар озиқ-овқат билан келади. Инсон истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари асосан уч нарсадан: оқсил, ёғ, углеводлардан иборат. Оқсил тана учун қурилиш материаллари ҳисобланади, ёғ ва углеводлар куч-қувват манбаидир. Глюкозанинг асосий манбаи - углеводлар. Углеводларнинг катта қисми ичакдан қонга сўрилади. Углеводлар қайта ишланиб, қувватга айланиши учун инсулин -юқори бўлиши зарур. Инсулин - юқори даражада фаол бўлган кимёвий модда (гармон) бўлиб, у ошқозон ости безининг алоҳида ҳужайраларида ишлаб чиқарилади. Турли сабабларга кўра танада инсулин етишмовчилиги юзага келганда, қандли диабет касаллиги ривожланади. Қандли диабет касаллигининг иккита асосий тури мавжуд: инсулинга қарам қандли диабет, инсулинга карам бўлмаган қандли диабет. Қандли диабетнинг 1-тури асосан болалик ва ўспиринлик даврида кузатилади. Касаллик одатда юқумли касалликлардан кейин кескин ривожланади. Асосий клиник аломатлари - чанқаш, оғизнинг қуриб қолиши, катта миқдорда сийдик ажралиши, озиб кетиш, ҳолсизлик кабилардир. Беморлар бир кеча кундузда 5-5,5 литрдан 7-8 литргача суюқлик ичишлари мумкин. Қандли диабетнинг 2-турида ошқозон ости безларининг оролча ҳужайралари инсулин моддаси ишлаб чиқариш қобилиятини сақлаб қолади ва қон таркибидаги инсулин миқдори меъёрда ёки меъёрдан сал юқорироқ бўлади. Бироқ, тана тўқималарининг инсулинга нисбатан сезгирлиги кескин пасайиши оқибатида бу инсулин тўла даражада ўз самарасини бермайди. Бунинг асосий сабаби семиришдир. Диабетнинг бу тури билан асосан етуклик ва кексалик ёшидаги кишилар хасталанади. Қандли диабет ўз вақтида даволанмаса ёки нотўғри даволанадиган бўлса, ўз асоратларини беради. Унинг ўткир асоратлари кетоацидоз ва кома-диабетнинг бемор ҳаётига хавф соладиган даражада оғирлашуви бўлиб, у кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни талаб этади.
Кетоацидоз қандли диабетнинг 1-тури билан оғриган беморларда кўпроқ учрайди. Диабетга оид комада шу нарса белгилики, бемор ҳушини тўла йўқотади. Коматоз хавф остида бўлади, унга малакали тиббий ёрдам зудлик билан кўрсатилиши лозим.
Икром ЙЎЛДОШЕВ,
Олий тоифали эндокринолог
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.