Инсон тафаккурини ифодалайдиган тил, шу билан бирга унинг ўзлигини англашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли. Умуман, тилнинг бетакрор жозибаси билан одам эзгу фазилатлар орттиради, юксак инсон даражасига кўтарилади.
Тарихи милоддан аввалги асрларга бориб тақаладиган ўзбек тили расман давлат тили сифатда тан олинганига 30 йил тўлди. Фаразларга кўра дунёда 30 миллиондан зиёдроқ одам ўзбек тилида сўзлашади ва бу тил олтой тиллар оиласининг туркий тиллар туркумига мансуб бўлиб, сўзлашувчилар сони жиҳатидан турк тили ва озарбайжон тилидан сўнг учинчи ўринда туради.
Ўзбек тили асрлар давомида форс-тожик тилининг яқин ҳамроҳи бўлган ва бу жараён иккала тилнинг бойишига ҳамда ривожланишига ижобий таъсир кўрсатган. Бундан ташқари, ўзбек тилининг такомиллашувида асл туркий, Шарқ фанларининг ва ислом динининг умумий тили сифатида араб тили ва ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Оврупо тилларининг таъсири ҳам катта бўлди. Ўзбек тили шаклланишида, айниқса, Мир Алишер Навоийнинг хизмати беқиёс. Айни вақтда ўзбек тили жаҳондаги энг бой ва ривожланган тиллардан бири ҳисобланади.
Ярим асрдан ошиқ давр ичида ўзбек тили мафкуравий, сиёсий, маъмурий жиҳатлардан улкан тазйиқ остида бўлди. У шўро жамиятининг ўгай тилларидан бирига айлантирилди. Ўзбекларнинг расмий вазиятларда юртида ўз она тилида сўзлашиши байналмилалчиликдан чекиниш деб талқин қилинди. Ўзбек миллий зиёлиларига миллатчиликнинг ибтидоси, азал манбаи сифатида қаралди ва шу боисдан, улар мавжуд тузум тазйиқида асосан рус тилида мулоқот қилишга мажбур этилдилар.
1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши миллатимизнинг қайтадан оёққа туришига тенг тарихий, сиёсий, маънавий ва психологик ҳодиса бўлди ва у тилимизни тиклаш, қадрлаш ва ҳаётга қайтариш йўлидаги улкан одимлардан бири бўлиб тарихга кирди. Мустақилликнинг асосий шартларидан бири ҳам, шубҳасиз, тил мустақиллигидир. Мазкур тарихий қадам билан она тилимизнинг секин-аста йўқолиб кетиш хавфидан сақлаб қолинди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўзбек адабий тилини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ўзбек тили давлат тили, давлат рамзи, миллий маданият ва маънавиятни ифодаловчи ҳамда уларни келажак авлодга етказувчи муҳим мулоқот воситаси даражасига кўтарилди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани, хориждаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда.
Ўзбекистонда нафақат ўзбек тили, балки бошқа миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ҳурмат қилиниши миллий қонунчилигимизда акс этган. Унинг амалий исботини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасидаги қуйидаги норма мисолида кўриш мумкин: "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади".
Ахборотлашаётган жамият аъзолари бўлмиш бугунги кишилар оммавий ахборот воситалари, айниқса, радио-телевидение таъсирини ўзида мунтазам ҳис қилиб тургани бор гап. Демак, уларнинг сўз бойлиги ортиши ёхуд қашшоқлашиши, тили равонлашиши ёки дағаллашиши, муомала маданияти юксалиши ёки таназзулга юз тутиши кўп жиҳатдан ОАВнинг мана шу турлари фаолиятига ҳам боғлиқ. Афсуски, айрим телерадио каналлар тарқатаётган материаллар тилида учраётган қўпол нуқсонлар бу борада ҳали қилинадиган ишлар етарли эканини кўрсатмоқда.
Маълумки, тилни ўзлаштириш, истеъмол доирасини кенгайтириш, уни бошқа тилларда сўзлашувчилар орасида ёйиш, давлат тилини бойитиш - булар сабр-тоқатни, изчил меҳнатни талаб қилади. Энг муҳим нарсалардан бири аҳолида давлат тилига муносабатни ўзгартириш, оммада ўз миллий тилига нисбатан бўлган ҳурмат ва қизиқиш ҳиссини уйғотиш ва мустаҳкамлаш, русийзабон аҳолида давлат тилига нисбатан бефарқлик, бегоналик ҳиссини сабр-тоқатли, кундалик изчил иш билан бартараф қилиш, давлат тили бўйича дарсликлар, луғатлар, ўқув китоблари, қўлланмалар тайёрлаш ва нашр этишни таъмин этмоқ лозим.
Умуман айтганда, "Давлат тили ҳақида"ги Қонунни ҳаётга тўла ва самарали жорий этиш жараёни доимий эътиборни, мунтазам изланишни талаб қилади.
Акбар МаҲмудов тайёрлади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.